2026 йил 28 феврал куни бошланган ва давом этаётган ракета ва авиация зарбалари АҚШ ҳамда Исроилнинг Эронга қилган биринчи ҳужуми эмас. Тарихда бундай ҳодиса бир неча марта юз берган. Хўш, нега бир пайтлар Эрон билан дўстона алоқаларда бўлган АҚШ ва Исроил форс давлатига қасдлашиб қолади?

Анча йиллардан буён Эрон АҚШ санкциялари остида яшаб келмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида расмий Теҳрон яширинча ядро қуроли яратиш устида тадқиқотлар олиб бораётгани кўрсатилади.

Бироқ бир пайтлар АҚШ ҳамда Эрон дўст мамлакатлар бўлган ва Америка форс давлатининг ядровий тадқиқотларига қарши бўлмаган.

Шунингдек, бугун Эронни ўзига душман деб биладиган Исроил ҳам ўтган асрнинг 60-70-йилларида форслар билан дўстона алоқаларда бўлган. Хўш, кейинчалик нега Эроннинг бу икки давлат билан ораси бузилди?

АҚШ—Эрон муносабатлари тарихи

Дунё сиёсий саҳнасидаги кескинликлар Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг баттар авж олади. СССР ва АҚШ турли давлатларни ўз таъсир доирасига олиш учун кескин рақобат бошлайди.

Ана шу жараёнда АҚШ Эрон билан дўстона алоқалар ўрнатади. Эрон ўз ҳудудидаги нефт конларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш мақсадида Ғарб компаниялари билан ҳамкорлик қила бошлайди.

Ўша пайтда Эронни шоҳ Ризо Паҳлавийнинг ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошқариб турганди. Шунингдек, мамлакатда бош вазир ҳам бўлиб, ҳокимиятнинг бир қисми унинг измида эди.

Муҳаммад Мусаддиқ

1951 йилда Муҳаммад Ризо Паҳлавий келиб чиқиши Қожарлар сулоласига бориб тақаладиган Муҳаммад Мусаддиқни бош вазир этиб тайинлайди.

Мусаддиқ Эрон нефт конларини миллийлаштириш қонунини ишлаб чиқади ва уни татбиқ қилишни бошлайди. У Эрондан АҚШ ҳамда Британия компанияларини ва уларнинг мутахассисларини чиқариб юборади.

Оқибатда Эроннинг АҚШ ва Британия билан муносабатлари кескин ёмонлашади. 1952 йил октябрда Мусаддиқ Британия билан дипломатик муносабатларни узади.