Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг Эронга янги таҳдиди, Германиянинг рус нефти бўйича хавотирлари ва АҚШ билан музокаралар бошлаган Куба – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Эроннинг нефт марказини урмоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғозида кемаларга ҳужумни тўхтатмаса, Эроннинг Харг оролидаги нефт маркази инфратузилмасига зарба бериш билан таҳдид қилди. Ушбу огоҳлантириш таъминотдаги тарихий узилишлар билан курашаётган бозорлардаги вазиятни янада кескинлаштиради.
Трамп ўз ултиматуми билан бирга ижтимоий тармоқда пост қолдириб, унда Қўшма Штатлар оролдаги ҳарбий нишонларни «бутунлай йўқ қилганини» айтди. Мазкур орол Ҳўрмуз бўғозидан тахминан 483 км шимоли-ғарбда жойлашган бўлиб, Эрон нефт экспортининг 90 фоизи айнан шу терминал орқали ўтади.
Президент, шунингдек, Эроннинг АҚШ ҳужумларидан ҳимояланишга қурби етмаслигини қўшимча қилди. «Эрон ҳарбийлари ва ушбу режимга алоқадор бўлган барча шахслар қуролларини ташлаб, мамлакатларидан қолган озгина нарсани сақлаб қолишса, оқилона иш бўлар эди!» – деб ёзди у .
Трамп шунингдек, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари «тез орада» танкерларни сув йўли орқали кузатиб боришни (эскорт қилишни) бошлашини айтди. Урушнинг қачон тугаши ҳақидаги саволга у аниқ муддат айтишдан бош тортди: «Буни айта олмайман. Ўз фикрим бор, лекин бунинг нима фойдаси бор? Бу қанча керак бўлса, шунча давом этади».
Эрон қуролли кучлари бунга жавобан бундай зарбалар — минтақада АҚШ билан ҳамкорлик қилаётган нефт компаниялари объектларига зарба берилишига олиб келишини маълум қилди.
Ҳужумлар ва уруш талафотлари ортмоқда
Эрон Инқилоби қўриқчилари корпуси шанба куни эрта тонгда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан биргаликда Исроилга қўшимча ҳужумлар уюштирганини билдирди.
Исроил ҳам ўз ҳарбий-ҳаво кучлари ўтган бир сутка давомида Эроннинг ғарбий ва марказий қисмларидаги 200 дан ортиқ нишонга зарба берганини маълум қилди.
АҚШ кучлари эса яна талафот кўрган. АҚШ ҳарбийлари жума куни Ироқ ғарбида ҳалокатга учраган ёқилғи қуйиш самолёти бортидаги барча олти нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлганини тасдиқлади. Шунингдек, расмийлардан бири Саудия Арабистонидаги базада АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг бешта танкер-самолёти Эрон ракета зарбаси натижасида шикастлангани ва таъмирланаётганини айтган.
Икки ҳафталик урушдан сўнг 2 мингдан кўпроқ инсон ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти Эронда, шунингдек, Ливан ва Форс кўрфази мамлакатларида ҳам қурбонлар ортмоқда. Бир неча миллион киши уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Ливан расмийларига кўра, Исроил авиацияси Байрут чеккаларини бомбардимон қилиши оқибатида бошпана излаётган юз минглаб одамни жойлаштиришга ҳукуматнинг имконияти етмаяпти.
Германия АҚШдан норози
Германия канцлери Фридрих Мерц АҚШнинг Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш ҳақидаги қарорини кескин танқид қилиб, бу қадамни «нотўғри сигнал» деб атади. Унинг фикрича, уруш туфайли нефт нархи ошиб бораётган бўлса-да, бу Россияга нисбатан босимни камайтириш учун асос бўла олмайди.
Канцлер ҳар қандай сабаб билан чекловларни ҳозир бекор қилиш хато эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу Россияга нисбатан нотўғри хабар юборади. Мерц ушбу мавзу шу ҳафтадаги «Катта еттилик» саммитида муҳокама қилинганини айтди. Аввалроқ G7ʼнинг олти нафар аъзоси санкцияларни юмшатишга қарши эканини аниқ билдирганди.
Канцлернинг фикрича, ҳозирда глобал бозорда ресурслар танқислиги, яъни таъминот муаммоси йўқ, балки фақатгина нархларнинг ошиши кузатилмоқда. Шу сабабли Россия нефтига рухсат бериш стратегик жиҳатдан асоссиздир.
Шунингдек, Германия Ҳўрмуз бўғозидаги кемалар қатновини ҳимоя қилиш бўйича эҳтимолий халқаро ҳарбий кампанияда иштирок этмаслигини билдирди. «Биз урушнинг бир қисми эмасмиз», деди Мерц ва Вашингтоннинг урушни тугатиш бўйича саволлари ҳамон жавобсиз қолаётганини таъкидлади.
АҚШ Яқин Шарққа қўшимча кучлар юбормоқда
АҚШ яна қўшимча денгиз пиёдалари ва ҳарбий кемаларини Яқин Шарққа жойлаштирилиши кутилмоқда. Бу маълумотни CBC News телеканалига икки нафар расмий тасдиқлади.
Расмийларнинг сўзларига кўра, қўшимча кучлар амфибия тайёргарлик гуруҳи ва денгиз пиёдалари экспедицион бўлинмасидан иборат бўлади. Ушбу гуруҳга Японияда жойлашган USS Tripoli амфибия ҳужум кемаси бошчилик қилади. Бундай бўлинма одатда бир нечта ҳарбий кемаларга тақсимланган тахминан 5000 нафар денгиз пиёдаларидан иборат бўлади.
Қўшимча кучлар сўрови АҚШнинг Яқин Шарқ учун масъул бўлган Марказий қўмондонлиги томонидан берилган ва мудофаа вазири томонидан тасдиқланган.
АҚШ, шунингдек, Жанубий Кореяда ўрнатилган ракетага қарши мудофаа тизимининг бир қисмини ҳам Яқин Шарққа кўчирмоқда.
Куба АҚШ билан музокаралар бошлади
Куба президенти Мигел Диас 13 март куни ўзининг коммунистик бошқарувдаги мамлакати АҚШ билан музокаралар бошлаганини тасдиқлади. Январ ойида Венесуэла етакчиси Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилгач, Вашингтон Кубага нисбатан фалаж қилувчи энергетика блокадасини жорий этган эди.
Диас-Канел жума кунги чиқишида ҳукумат энергия ишлаб чиқаришни ошириш учун қаттиқ ишлаётганини, бироқ уч ойдан бери оролга бир томчи ҳам нефт келмагани бу саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилаётганини айтди.
Телевидение орқали халққа мурожаат қилар экан, Диас-Канел АҚШ билан музокаралар «икки давлат ўртасидаги ихтилофларга ечим топишга қаратилганини» билдирди. Президент энергетика блокадасининг таъсири «даҳшатли» бўлганини таъкидлади:
- Алоқа, таълим, транспорт ва соғлиқни сақлаш хизматлари жиддий зарар кўрган.
- Ўн минглаб жарроҳлик амалиётлари қолдирилган.
- Новвойхоналар электр йўқлиги сабабли ўтин ва кўмирда ишлайдиган печларга ўтишга мажбур бўлган.
АҚШ Давлат департаменти Диас-Канелнинг ушбу баёнотига ҳозирча изоҳ бермади. Президент Доналд Трамп ўтган ҳафта Флорида штатида ўтган учрашувда Куба режими «тез орада қулашини» айтди. Трамп, шунингдек, Кубани «дўстона эгаллаб олиш» ғоясини илгари сурган.
Трамп: Путин Эронга ёрдам бермоқда
Президент Доналд Трампнинг айтишича, Путин Россияси АҚШ ҳамда Исроил билан давом этаётган уруш фонида Эронга «бир оз» ёрдам бермоқда.
Fox News телеканали мухбири Россия разведка маълумотларининг Эрон билан баҳам кўрилиши эҳтимоли ҳақида сўраганда, Трамп: «Ўйлайманки, Путин уларга бир оз ёрдам бераётган бўлиши мумкин, ҳа», деб жавоб берди. «У эҳтимол бизни Украинага ёрдам беряпти деб ўйлаётган бўлса керак. Улар буни қилишяпти, биз ҳам буни қиляпмиз», - дея қўшимча қилди у.
АҚШ ОАВларига кўра, Россия АҚШ ҳарбий кучларининг жойлашган ўрни ҳақидаги маълумотларни Эрон билан баҳам кўрмоқда. Бу маълумотлар Яқин Шарқ бўйлаб ракета ва дрон ҳужумларини йўналтиришга ёрдам бериши мумкин.
Эроннинг ўз сунъий йўлдош имкониятлари чекланган, бу эса Россия сунъий йўлдошларидан олинадиган ҳар қандай маълумот Эрон разведкасидаги катта бўшлиқларни тўлдириши мумкинлигини англатади.
Пайшанба куни АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф Россия ҳукумати уни Эронга ёрдам бермаётганига ишонтирганини айтганди.
Мавзуга оид
15:24 / 13.03.2026
Мужтабага таҳдид қилган Нетаняҳу, Ироқда ўлдирилган француз ҳарбийси ва «Крокус» теракти ижрочиларига ҳукм – кун дайжести
15:46 / 12.03.2026
Зарбалар алмашган Исроил ва «Ҳизбуллоҳ», Хитойда этник озчиликка доир қонун ва Ироқдаги нефт танкерларига ҳужум – кун дайжести
15:09 / 11.03.2026
Эронга қарши урушнинг 3 мақсади, Швейцарияда ёнган автобус ва Ҳўрмузга «кўчган» фронт – кун дайжести
16:14 / 10.03.2026