Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп иттифоқчиларидан ёрдам сўради

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлашда ёрдам бериш бўйича етти мамлакат билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.

Трампнинг фикрича, Кўрфаз нефтига қаттиқ таянадиган давлатлар бўғозни ҳимоя қилиш масъулиятини ўз зиммасига олиши шарт: «мен бу давлатлардан келиб, ўз ҳудудларини ҳимоя қилишни талаб қиляпман, чунки бу уларнинг ҳудуди. Бу улар энергия оладиган жой» деди Трамп Флоридадан пойтахтга учаётиб.

Оқ уй маъмурияти етти ҳукумат номини ошкор қилишдан бош тортди. Лекин Трампнинг ўзи кейинроқ ижтимоий тармоқдаги постида Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия ва бошқалар иштирок этишидан умидворлигини билдирди.

Бундан ташқари, Трамп европалик иттифоқчиларига босимни кучайтириб, агар НАТО аъзолари Вашингтонга ёрдамга келмаса, алянсни «жуда ёмон» келажак кутаётганидан огоҳлантирди.

Шу кунларда АҚШ расмийлари якшанба куни Эрон билан уруш бир неча ҳафта ичида тугашини ва шундан сўнг энергия харажатлари пасайишини башорат қилмоқда. Трампнинг ўзи эса аввалроқ Эрон музокаралар ўтказишни хоҳлаётганини билдирган эди.

Аммо Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи якшанба куни бу даъвони рад этди. «Биз ҳеч қачон ўт очишни тўхтатишни сўрамаганмиз ва ҳатто музокаралар ҳақида ҳам сўрамаганмиз. Биз қанча вақт керак бўлса, шунча ўзимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз», деди Арақчи CBC телеканалига берган интервюсида.

Нетаняҳунинг «ўлимига» оид хабарлар

28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари бошланганидан бери Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жамоатчилик олдида жуда кам кўриниш бермоқда. У асосан ҳарбий объектлар ёки зарба берилган ҳудудларга бораётган бўлса-да, бу тадбирларда ОАВ ходимлари қатнашмаган ва фақат унинг маъмурияти тайёрлаган видеолар тарқатилган.

Шундан сўнг Эрондаги айрим ОАВлар ва ижтимоий тармоқларида Нетаняҳу «ўлган ёки оғир яраланган» деган хабарлар тарқалди. Унинг айрим видеолари эса сунъий интеллектда ясалгани даъво қилинди.