Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳри яқинида ўлимга олиб келиши мумкин бўлган Нипах вируси тарқалаётгани хабар қилинди. Бугунга қадар бешта касалланиш ҳолати аниқланган бўлиб, улардан учтаси шу ҳафтада қайд этилган.
Бу қандай вирус?
Нипах — янги зооноз вирус бўлиб, ҳайвонлардан, шунингдек ифлосланган озиқ-овқат ёки инсондан инсонга юқиши мумкин. Вирус келтириб чиқарадиган инфекция клиник жиҳатдан турлича намоён бўлади: умуман белгисиз ўтиши ҳам, оғир нафас йўллари инфекцияси ёки ўлимга олиб келувчи энцефалит шаклида ҳам кечиши мумкин. Вирус ташувчилари мева билан озиқланувчи кўршапалаклар бўлиб, улар инфекцияни одамларга ёки бошқа ҳайвонларга, масалан, чўчқаларга юқтириши мумкин.
Вирус ифлосланган озиқ-овқатлар орқали ва одамлар ўртасида бевосита мулоқот натижасида ҳам тарқалади. Нипах вируси касалланган ҳайвонларнинг сўлаги, сийдиги, нажаси ёки қони орқали юқади. Унинг қўзғатувчиси бош мия ва марказий асаб тизими тўқималарида кенг тарқалган махсус инсон рецепторидан фойдаланади, шу сабали беморларда неврологик аломатлар кузатилади.
Одамлар вирусни касалланган ҳайвон ёки унинг биологик суюқликлари билан контактда бўлганида юқтириши мумкин. Шундан сўнг вирус бошқа одамларга ҳам юқиши эҳтимоли мавжуд.
Қачон аниқланган?
Нипах вируси илк бор 1999 йилда Малайзиядаги Нипах дарёси атрофида яшовчи чўчқабоқар фермерлари орасида касаллик авж олган пайтда аниқланган. Ўшандан бери Жанубий Осиёда касаллик яна 12 марта авж олгани кузатилган. 2018 йилда Ҳиндистоннинг Керала штатида Нипах вируси тарқалиши оқибатида 17 киши вафот этган. 2021 йил сентябрда яна шу штатда 12 ёшли бола ушбу вирусдан вафот этган, 11 кишида касаллик аломатлари аниқланган. 2023 йил сентябрда вирус яна икки кишининг умрига зомин бўлган.
Аломатлари
Нипах вируси билан зарарланишнинг асосий аломатлари:
- йўтал;
- нафас олишнинг қийинлашиши;
- ҳарорат кўтарилиши;
- бош оғриғи;
- ич кетиши;
- қусиш;
- мушаклар оғриши;
- ҳолсизлик.
Юқтиргандан кейин аломатлар пайдо бўлишигача бўлган давр бир неча кундан икки ҳафтагача бўлиб, айрим ҳолларда яширин давр 45 кунгача давом этиши мумкин.







