Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олтин қазиб олиш бўйича 175 тонналик марра ва ўз қоидабузарлигини интернетда тарқатганлар учун жазо – маҳаллий дайжест
Президент 2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқариш ҳажмини 175 тоннага етказиш вазифасини қўйди. Ўз қоидабузарлигини интернетда тарқатганни жазолашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди. Ўзбекистонлик олимлар ҳаво ва сувни тозаловчи ўта енгил материал яратди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага етказиш вазифаси қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф доирасида тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда, аввало, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган стратегик лойиҳаларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, 3-мис бойитиш фабрикасининг кейинги навбатларини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, уранни 15 минг тоннага, мисни 500 минг тоннага етказиш бўйича белгиланган марраларга эришиш учун барча имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди.
Ўз қоидабузарлигини интернетда тарқатганни жазолашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди
Ўзбекистонда шахс томонидан ўзи содир этган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи материалларни интернет тармоқларида тарқатганлик учун жавобгарлик назарда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 189-3-модда киритилмоқда. Унда ўз ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилувчи маҳсулотларни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этганлик учун жавобгарлик белгиланади. Қонун кучга кириши учун Сенатда маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши лозим.
Ўзбекистонлик олимлар ҳаво ва сувни тозаловчи ўта енгил материал яратди
Фанлар академияси олимлари ҳаводаги зарарли газлар ҳамда сувдаги оғир металларни тозалаш имконини берувчи янги турдаги гибрид аэрогел ишлаб чиқди.
Аэрогел наноцеллюлоза асосида тайёрланган бўлиб, қайта тикланадиган ва экологик тоза хомашё ҳисобланади. Олимларнинг таъкидлашича, материалнинг ғовак тузилмаси ичига махсус металл-органик бирикмалар жойлаштирилган. Шу туфайли аэрогел ҳаводаги карбонат ангидрид (CО₂) газини ушлаб қолиш, шунингдек, сув таркибидаги оғир металл ионлари ва зарарли бўёқларни ўзига сингдириб олиш имкониятига эга.
Андижонда аёлни «самосуд» қилганларга жиноят иши қўзғатилди
Андижонда аёлнинг сочини мажбуран олиб ташлаган беш нафар шахс ушланди. Аниқланишича, 1991 йилда туғилган аёл 1998 йилда туғилган бошқа бир аёлни турмуш ўртоғи билан ишқий муносабатда бўлганликда айблаб, ундан қасос олишни режалаштирган. Кейин икки нафар эркакни чақириб, аёлни овлоқ жойда сочини олиб ташлашни буюрган.
Оқибатда аёл беш нафар шахс томонидан автомобилга мажбуран ўтқазилиб, Андижон тумани Жевачи маҳалласи ҳудудидаги хилват жойда сочи машинка билан олиб ташланган. Жараён видеога олиниб, ижтимоий тармоқларга жойланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Мавзуга оид
20:43 / 16.03.2026
Янги мис бойитиш фабрикаси ва сунъий интеллект бўйича этика меъёрлари – маҳаллий дайжест
20:46 / 13.03.2026
«Молиявий пирамида» учун жазо ва жиноий жавобгарликка тортилган ҳоким ёрдамчилари – маҳаллий дайжест
21:50 / 12.03.2026
Тошкентда ўпирилган йўл ўтказгич ва йўл безориларига қарши рейдлар – маҳаллий дайжест
20:51 / 11.03.2026