Жаҳон | 15:30
1995
9 дақиқада ўқилади

Энг йирик газ конига ҳужум қилган Исроил, якунланаётган Рамазон ва Эронга қўшин киритишни ўйлаётган Трамп – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Эроннинг энг катта газ конига ҳужум қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил Эроннинг йирик газ конига ҳужум қилганини айтди. Шу билан бирга Трамп Исроилнинг ҳужуми ҳақида маълумотга эга бўлмагани ва Қатарнинг бунга алоқадор эмаслигини қўшимча қилди.

«Исроил Эрондаги 'Жанубий Парсʼ газ кони деб номланувчи йирик иншоотга шиддат билан ташланди. Агар Эрон айбсиз бўлган Қатарга ҳужум қилишга қарор қилмаса, Исроил ушбу ўта муҳим ва қимматли конга бошқа ҳужум қилмайди.

Бундай ҳолат юз бергудек бўлса, АҚШ Исроилнинг ёрдами ёки розилиги билан ёки усиз бутун 'Жанубий Парсʼ газ конини оммавий равишда портлатиб юборади», деб ёзди Трамп.

Аслида аввалроқ АҚШ ОАВлари Трамп Исроилнинг ушбу конга ҳужум қилиш режасини маъқуллагани ҳақида ёзганди.

«Жанубий Парс» – дунёдаги энг йирик табиий газ конининг Эрон томонидаги қисмидир. Эрон ушбу конни Қатар билан баҳам кўради.

Исроил уюштирган бу ҳужум нефт нархини кўтариб юборди ва Эроннинг Қатар ва Саудия Арабистонига ракета зарбалари беришга сабаб бўлди.

Глобал газ таъминотининг тахминан бешдан бир қисмини қайта ишлайдиган Рас Лаффан саноат шаҳрига Эрон ракеталари келиб урилгач, Қатарнинг нефт гиганти «Qatar Energy», «кенг кўламли зарар» ҳақида хабар берди.

Саудия Арабистони эса чоршанба куни Риёд томон учирилган тўртта баллистик ракета ва шарқдаги газ иншоотига қилинган дрон ҳужумини қайтарганини маълум қилди. Пайшанба тонгида Эрон яна Қатарнинг газ иншоотларини ва Саудия пойтахтини нишонга олди.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Эроннинг ракета зарбалари қайтарилгандан сўнг ўзининг Ҳабшан газ иншоотини ёпиб қўйди.

Кеча Риёдда йиғилган 12 та мусулмон давлати ташқи ишлар вазирлари Эроннинг қўшниларига берган зарбаларини қоралади ва уларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Улар «зарур деб топилган тақдирда ҳарбий чоралар кўриш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қоламиз», дея баёнот берди.

Шу вақтда эса конференция ўтказилаётган Риёд меҳмонхонаси яқинидан ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ракеталари отилгани кузатилди.

Рамазон ойи якунланмоқда

Бутун дунё бўйлаб мусулмон жамоалари етакчилари Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр санасини расман эълон қилмоқда. Астрономик ҳисоб-китоблар ва янги ойнинг кўринишига таянган ҳолда кўплаб мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бу йилги байрам 20 март санасига тўғри келиши маълум қилинди.

Саудия Арабистони расмийлари ҳам чоршанба куни Шаввол ойининг ҳилоли кўринмаганини маълум қилди. Унга кўра, қиролликда Ийд ал-Фитр – Рамазон ҳайитининг биринчи куни 20 мартга тўғри келиши эълон қилинди.

Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари Фатво кенгаши ҳузуридаги ойни кузатиш қўмитаси ҳам 2026 йил 19 март, пайшанба кунини Рамазоннинг сўнгги куни деб эълон қилди.

Аслида диний байрамларнинг аниқ санаси ой кўринишига қараб 1 кунга фарқ қилиши табиий ҳол. Бу ҳолат жорий йил Рамазон ойининг бошланишида ҳам кузатилди. Хусусан, Саудия Арабистони ой кузатиш қўмитаси ва унга эргашган бир неча мамлакатлар жорий йил 18 февралдан Рамазон ойини кутиб олди. Бошқа кўплаб мусулмон мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиё давлатлари эса Рамазонни 19 февралдан бошлаган эди.

АҚШ Эронга қўшин киритиши мумкин

АҚШ президенти маъмурияти Яқин Шарқдаги амалиётларини кучайтириш учун минглаб аскарларини юборишни кўриб чиқмоқда. Хусусан, масаладан хабардор манбаларга кўра, АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши кампаниянинг эҳтимолий навбатдаги босқичларига тайёргарлик кўрмоқда.

Эрон уруши ўзининг учинчи ҳафтасига кирган бир пайтда қўшинларнинг жойлаштирилиши Трампга АҚШ операцияларини кенгайтириш вариантларини тақдим этиши мумкин.

Манбаларнинг сўзларига кўра, ушбу вариантлар орасида Ҳўрмуз бўғози орқали нефт танкерларининг хавфсиз ўтишини таъминлаш ҳам бор. Бу миссия асосан ҳаво ва денгиз кучлари орқали амалга оширилади. Бироқ бўғозни ҳимоя қилиш – Эрон қирғоқларига АҚШ қўшинларини жойлаштиришни ҳам англатиши мумкин.

Reutersʼнинг ёзишича, Трамп маъмурияти, Эрон нефт экспортининг 90 фоизи ўтадиган марказ — Харк оролига қуруқликдаги қўшинларни юбориш вариантларини ҳам муҳокама қилган. Лекин бундай операция ўта хавфли бўлиши мумкин.

АҚШ қуруқликдаги қўшинларидан ҳар қандай фойдаланиш Трамп учун жиддий сиёсий хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки Америка жамоатчилиги орасида Эрондаги урушни қўллаб-қувватлаш даражаси паст. Трампнинг ўзи эса сайловолди ваъдаларида АҚШни Яқин Шарқдаги янги можароларга аралаштирмасликка сўз берган эди.

Эрон ҳудудига кирмасдан ва тўғридан тўғри тўқнашувларсиз ҳам урушда ҳозиргача 13 нафар АҚШ аскари ҳалок бўлган ва 200 га яқини яраланган.

Нигерияда ҳарбий базага ҳужум қайтарилди

Нигерия аскарлари мамлакат шимоли-шарқидаги Борно штатида жойлашган ҳарбий база яқинида камида 80 нафар гумонланаётган жангарини йўқ қилди.

Армия расмийсининг маълум қилишича, ҳаво кучлари билан қувватланган Нигерия ҳарбийлари чегара яқинида номаълум гуруҳ исёнчиларининг тунги ҳужумини қайтарган.

Нигерия армияси вакили Сани Уба ҳарбийларнинг ҳаракатини «ҳужумкор-мудофаа» жавоби деб таърифлади. Расмийларнинг қўшимча қилишича, «80 дан кам бўлмаган террорчи» ўлдирилган, улар орасида «юқори мартабали» қўмондонлар ҳам бор.

Чоршанба кунги ушбу ҳужум можаролардан жабр кўрган штатда худкушлик ҳужуми ортидан содир бўлди. Шу ҳафта бошида Майдугурида учта эҳтимолий худкушлик портлаши оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлган ва 100 дан ортиқ киши яраланган эди.

Бахтлилик индекси ва ижтимоий тармоқлар

Пайшанба куни эълон қилинган 2026 йилги «Жаҳон бахтиёрлик ҳисоботи»да таъкидланишича, бутун сайёрадаги ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш шахсий бахтлилик ҳиссига путур етказмоқда.

Оксфорд университети БМТ ҳамкорлигида тайёрлаган ҳисоботда кўплаб мамлакатлардаги 25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ҳаётдан мамнунлик даражаси сўнгги ўн йил ичида кескин тушиб кетгани аниқланди.

Ушбу тадқиқот 140 та давлатдан тахминан 100 000 киши ўртасида ўтказилган сўровномаларга асосланган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ижтимоий тармоқлардан кўп фойдаланиш ёшлар, айниқса, инглиз тилида сўзлашувчи ва Ғарбий Европа давлатларидаги ўсмирлар ўртасида фаровонлик даражасининг пасайиши билан боғлиқ. Ушбу хулосалар ҳукуматлар — вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига нисбатан чекловларни кўриб чиқаётган бир пайтда эълон қилинди.

Умуман олганда, ҳисоботда давлатлар аҳолисининг бахтиёрлик рейтинги ҳам тузилган. Унга кўра, Финландия, Исландия ва Дания халқлари ўзини энг фаровон ва бахтли кўрмоқда. Бу давлатларнинг пешқадамлиги — бойлик, тенглик, кучли ижтимоий таъминот тизимлари ва юқори умр кўриш давомийлиги билан изоҳланган.

Шимолий Корея ва Россия алоқалари

Шимолий Корея Россияга умумий қиймати 7,6 миллиарддан 14,4 миллиард долларгача бўлган қурол-яроғ ва қўшин юборган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Жанубий Кореянинг Миллий хавфсизлик стратегияси институти ҳисоботига таяниб хабар берди.

Ҳисоб-китоблар 2023 йил августидан 2025 йил декабригача бўлган даврни қамраб олади. Баҳолашдаги катта фарқ – етказиб берилган ўқ-дорилар таркиби ва ҳажми ҳақидаги маълумотларнинг чеклангани билан изоҳланган.

Россия Пхенян билан асосан сунъий йўлдош орқали кузатиш қийин бўлган ҳарбий технологиялар ва юқори аниқликдаги бутловчи қисмлар орқали ҳисоб-китоб қилмоқда. Жами товон пулининг 80-90 фоиз қисми айнан шу улушга тўғри келади.

Икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик 2024 йилда имзоланган cтратегик шериклик шартномасига асосланади. Унга кўра, томонлардан бирига қуролли ҳужум уюштирилган тақдирда, иккинчи томон «барча мавжуд воситалар билан» ҳарбий ёрдам кўрсатишга мажбур.

Шунингдек, урушдаги иштирок Шимолий Кореяга иқтисодий ўсишни тезлаштириш имконини ҳам берган.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид