Жаҳон | 19:45
4846
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Эрон келишув тузишни хоҳламоқда

У Эрон ядро қуролидан воз кечишга рози бўлганини айтган.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп журналистлар қаршисида ҳам Вашингтон Теҳрон вакиллари билан «жуда самарали музокаралар» ўтказгани, асосий масалалар бўйича «туташиш нуқталари» борлигини айтди.

«Бизда жуда ва жуда самарали музокаралар бўлиб ўтди. Кўрамиз, бу нимага олиб бораркан. Деган бўлардимки, асосий масалаларнинг аксарияти – деярли барчаси бўйича ҳамфикрмиз», – деган АҚШ президенти. 

Унинг сўзларига кўра, музокараларда Америка томонидан унинг куёви Жаред Кушнер ва махсус вакил Стив Уиткофф иштирок этган. Трамп Эрон номидан музокараларда кимлар иштирок этганига аниқлик киритмаган, фақат у «юқори мартабали муҳтарам етакчи» эканини қайд этган.

Трамп шунингдек музокаралар ташаббускори Теҳрон бўлганини қайд этган.

«Улар келишув тузишни исташмоқда ва биз бунга тайёрмиз. <…> Уларда ҳеч қачон ядро қуроли бўлмайди. Улар бунга рози бўлишди», – деган у.

Axios ўз манбасига асосланиб ёзишича, Вашингтон ва Теҳрон музокараларига Туркия, Миср ва Покистон воситачилик қилаётгани ҳақида хабар берган. Ушбу мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари икки кун мобайнида Америка ва Эрон вакиллари – Стив Уиткофф ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан алоҳида музокаралар ўтказишган.

The Jerusalem Post маълумотига кўра, Вашингтон билан музокараларни Эрон томонидан парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф олиб бормоқда.

Трамп аввалроқ «самарали музокаралар» муносабати билан Пентагонга Эрон энергетика инфратузилмасига зарба беришни беш кунга кечиктириб туришни буюргани ҳақида айтганди.

Эрон томони эса АҚШ билан музокаралар ўтказилаётганини тасдиқламаган. Теҳрондагилар Трамп «Эроннинг ҳарбий таҳдидлари тобора ишончли тус олгани туфайли муҳим инфратузилмаларга ҳужум қилишдан бош тортгани» ҳақида айтишганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид