Жаҳон | 15:30
3434
8 дақиқада ўқилади

Эронга сулҳ режасини юборган АҚШ, Украина осмонидаги минглаб дронлар ва Хитой элчихонасига бостириб кирган япон ҳарбийси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Музокаралар ва уруш

Президент Доналд Трамп урушни тугатиш бўйича музокараларда силжишга эришаётганини айтган бўлса-да, Эронда уруш давом этмоқда.

Чоршанба тонгида Исроил Мудофаа кучлари Теҳрон бўйлаб инфратузилма объектларини нишонга олган ҳолда бир неча бор зарба берди. Эрон ОАВлари зарбалар шаҳарнинг турар жой ҳудудига теккани ва қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидираётганини хабар қилди.

Шунингдек, Кувайт ва Саудия Арабистони янги дрон ҳужумларини қайтарганини билдирди, бироқ дронлар қаердан учирилганига аниқлик киритмади. Кувайт Фуқаро авиацияси бошқармаси маълумотига кўра, дронлар халқаро аэропортдаги ёнилғи бакини нишонга олган. Оқибатда ёнғин чиққан, аммо қурбонлар йўқ.

Эрон Муҳофизлар корпуси эса Тел-Авив ва Кирят-Шмонага, шунингдек, АҚШнинг Кувайт, Иордания ва Баҳрайндаги базаларига янги ҳужумлар тўлқинини уюштирди.

Трамп сешанба куни минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган ва тарихдаги энг оғир энергетик инқирозга сабаб бўлган урушни тугатиш бўйича «музокаралар» олиб бораётганини айтди.

New York Times нашри Вашингтон урушни тугатиш учун Эронга 15 банддан иборат режа юборганини хабар қилди. Манбаларга кўра, АҚШ ушбу 15 бандлик режани муҳокама қилиш учун бир ойлик оташкесимга эришмоқчи. Исроил ОАВларининг хабар беришича, ушбу режа қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Эрон ядровий дастурини тугатиш;
  • «Ҳизбуллоҳ» каби прокси-гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш;
  • Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш.

Reuters кўрган маълумотларга кўра, расмий Теҳрон БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Халқаро денгиз ташкилотига «душман бўлмаган кемалар» Эрон расмийлари билан келишилган ҳолда Ҳўрмуз бўғозидан ўтиши мумкинлигини билдирган.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф эса АҚШ ва Эрон ўртасида урушни тугатиш бўйича музокараларга мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирди. Покистон қўшни Эрон билан узоқ йиллик алоқаларга эга ва айни пайтда Трамп маъмурияти билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлаб бормоқда.

Музокаралар ҳақидаги хабарларга қарамай, Пентагон АҚШ армиясининг элита 82-ҳаво-десант дивизиясидан минглаб аскарларни Яқин Шарққа юбориши кутилмоқда. Бу кучлар минтақадаги мавжуд 50 минг нафар АҚШ ҳарбийлари сафига қўшилади ва Вашингтоннинг минтақадаги ҳарбий салоҳиятини оширади. Бу эса можаронинг узоқ давом этиши борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

Россия Украинага минглаб дронлар учирди

24 март куни Россия Украина ҳудудининг деярли барча қисмига камикадзе-дронлар билан оммавий ҳужум уюштирди. Лвовда 13 киши яраланди, «Shaheed» дронларидан бири 16-асрга оид Бернардинлар монастирига бориб урилди.

Камикадзе-дронлар ҳужуми маҳаллий вақт билан эрталабки соат 10:00 да бошланиб, кечки 18:00 дан кейин якунланди. Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, охирги бир сутка ичида россияликлар рекорд даражадаги 948 та камикадзе-дрон учирган. Улардан 906 таси уриб туширилган ёки радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида зарарсизлантирилган.

Президент Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 40 дан ортиқ киши, жумладан, беш нафар бола жабрланган.

24 мартга ўтар кечаси Россия дрон ва ракеталар билан берган зарбаси оқибатида Полтава, Харков, Запорижжя ва Херсонда камида беш киши ҳалок бўлганди.

Украина мониторинг каналларининг хабар беришича, осмонда бир вақтнинг ўзида юзлаб дронлар бўлган ва улар Украина ғарбига «яхлит девор» бўлиб ёпирилган. Баъзи дронлар уриб туширилишни қийинлаштириш учун ўта паст баландликда учган. Тахлилчиларга кўра, бу Украина Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ресурсларини — ҳам ўқ-дориларни, ҳам шахсий таркибни чарчатишга бўлган уринишдир.

Исроил Ливан жанубини эгалламоқчи

Исроил Мудофаа кучлари Ливан жанубидаги назорат ҳудудини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац сешанба куни маълум қилди.

Исроил Литани дарёсидан жанубдаги ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолади, деб таъкидлади Кац. Исроил армияси АҚШ урушни тугатиш учун Эрон билан музокаралар олиб боришга уринаётган бир вақтда Ливаннинг салмоқли қисмини назорат қилиш учун замин тайёрламоқда.

«Эвакуация қилинган юз минглаб Ливан жанубидаги аҳоли – Исроилнинг шимолий ҳудудлари хавфсизлиги тўлиқ таъминланмагунча Литани дарёсидан жанубга қайтмайди», деди Кац.

Мудофаа вазирининг қўшимча қилишича, Исроил дарё устидаги бешта кўприкни йўқ қилган. Унинг таъкидлашича, «Ҳизбуллоҳ» ушбу кўприклардан қўшимча кучларни ўтказиш учун фойдаланган.

Аслида ушбу кўприклар шифохоналарга бориш ва дори-дармон ташиш учун фойдаланадиган маҳаллий тинч аҳоли учун ҳам ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эди.

Хитой элчихонасига ҳужум

Хитой Токиодаги элчихонасига «зўравонлик билан бостириб кириш» ҳолати юзасидан Япония ҳукуматига кескин норозилик билдирди ва дипломатик тақдимнома киритди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жиан маълум қилди.

Унинг айтишича, сешанба куни эрталаб ўзини Япония армияси — Ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларининг амалдаги офицери деб даъво қилган шахс девордан ошиб ўтиб, Хитой элчихонасига зўравонлик билан бостириб кирган.

«Ушбу шахс ўз ҳаракатлари ноқонуний эканини тан олган ва Хитой дипломатик ходимларини ўлдириш билан таҳдид қилган», деди Лин Жиан.

Хитой томони ушбу ҳодисадан чуқур ҳайратда эканини билдириб, Токиони воқеани синчиклаб тергов қилишга, айбдорларни жазолашга ва ҳолат юзасидан тушунтириш беришга чақирди.

Япония Мудофаа вазирлиги ушбу ҳодиса ҳақидаги хабарлардан хабардор эканини билдирди, аммо қўшимча изоҳ беришдан бош тортди.

Осиёдаги икки қўшни давлат ўртасидаги алоқалар — ўтган йили Япония бош вазири Санаэ Такаичи Хитойнинг Тайванга эҳтимолий ҳужуми Токионинг ҳарбий жавобига сабаб бўлиши мумкинлигини айтганидан сўнг ёмонлашганди.

 

 

Данияда сайловлар

Сешанба куни Даниянинг амалдаги бош вазири Метте Фредериксен бошчилигидаги Социал-демократлар партияси сўнгги йиллардаги энг ёмон сайлов натижасини қайд этди.

Даниянинг «бешикдан қабргача» тамойилига асосланган ижтимоий ҳимоя тизими архитекторлари бўлган Социал-демократлар парламентда 38 та ўринни эгаллаши кутилмоқда. Маълумот учун, тўрт йил аввал улар 50 та ўринга эга эди.

Фредериксеннинг учинчи муддатга ҳокимиятда қолиш имконияти бутунлай йўқолмаган бўлса-да, коалиция бўйича музокаралар ҳафталаб давом этиши мумкин.

Фредериксен ўз партияси машҳурлигининг пасайишини вазминлик билан кутиб олди. «Биз уруш билан юзлашдик, Америка президенти томонидан таҳдидларга учрадик ва ўтган деярли етти йил ичида атиги 4 фоизлик пасайиш қайд этдик, менимча, бу ёмон натижа эмас», деди у.

2019 йилдан бери ҳокимиятда бўлган 48 ёшли Фредериксен ўз сайловолди кампаниясини — АҚШ билан муносабатларни тартибга солиш ва Украинадаги урушга Европанинг муносабатини шакллантириш устига қурган эди.

Бироқ кузатувчиларнинг фикрича, сешанба куни у – ҳам сўл, ҳам ўнг қанот сиёсий кучлар зарбасига учради. Чунки халқаро масалалар эмас, балки мамлакат ичкарисида қимматчилик сайловчиларнинг асосий ташвишига айланган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид