Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шахсга доир айрим маълумотларни Ўзбекистондан ташқарида сақлашга рухсат берилди
“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгаришлар бугундан эътиборан кучга кирди. Энди шахсларнинг биометрик ва генетик маълумотларидан ташқари, бошқа шахсга доир маълумотларни хорижда сақлаш ва уларга хорижда ишлов бериш мумкин. Айнан қайси давлатлар эканини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Фото: Getty Images
Ўзбекистон президенти 26 март куни имзолаган қонун билан, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонуннинг 271-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, шахсга доир қуйидаги маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт:
- шахсларнинг биометрик маълумотлари;
- шахсларнинг генетик маълумотлари;
- Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган телекоммуникациялар операторларидаги уларнинг хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотлари.
Юқорида кўрсатилмаган шахсга доир маълумотлар қуйидаги шартлардан бири бажарилганда, Ўзбекистондан ташқарида сақланиши ва ишлов берилиши мумкин:
- чет давлатни шахсга доир маълумотларнинг бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи давлат сифатида тан олиш;
- оператор томонидан ваколатли давлат органи тасдиқлайдиган талабларга жавоб берувчи стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидалар қабул қилиниши ва уларга риоя этилиши;
- рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шахсга доир маълумотларни бошқариш ва сақлаш соҳасидаги халқаро стандартларга оператор томонидан риоя этилиши.
Шахсга доир маълумотлар бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи чет давлатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун талаблари энди нафақат давлат сирларига нисбатан, балки “мудофаа ва миллий хавфсизлик масалаларига тааллуқли маълумотлар”га нисбатан ҳам татбиқ этилмайди.
Қонун расмий эълон қилинган кун – 2026 йил 27 мартдан эътиборан кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 271-моддаси – катта шов-шувлар марказида қолиб келаётган эди. Бу модда қонунга 2021 йилда қўшилган бўлиб, унга асосан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларини жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлаш талаби қўйиб келинаётган эди.
Айни шу талаб 2021 йил 3 ноябр куни Ўзбекистонда Telegram, YouTube, Instagram ва Facebook каби энг оммабоп тармоқлар блоклаб қўйилган, катта резонансдан кейин блокировка бир неча соат ичида бекор қилинган эди.
Сўнгги пайтларда бир қатор йирик компаниялар Ўзбекистон расмийларидан бу моддага ўзгартириш киритиб, шахсга доир ахборотларни булутли технологияларда сақлашга рухсат беришни сўраб келаётган эди. PayPal, Google Pay ва Apple Pay каби халқаро тўлов сервисларининг ҳам Ўзбекистонга кириб келмаётганига шу модда сабаблиги айтиб келинади.
Мавзуга оид
21:06
Ўзбекистон 2026 йилда Starlink сунъий йўлдош интернетини ишга туширишга тайёрланмоқда
07:37 / 18.03.2026
URL тили: интернетнинг яширин лингвистик харитаси
15:41 / 13.03.2026
Давлат думасида мобил интернет ва Wi-Fi йўқолиб қолди
16:34 / 23.12.2025