Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эронни «дўзах»га айлантирмоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши урушда жиддий эскалацияга тайёрланмоқда. У агар Ҳўрмуз блокадаси бекор қилинмайдиган бўлса, эронликларни «жаҳаннам ичида қолдириш» ва «тош асрига қайтариш» билан таҳдид қилди. Бу айнан қандай бўлиши мумкин? Қандай объектлар АҚШнинг нишонида?
Morteza Nikoubazl / NurPhoto / Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни Эрон манзилига қаратилган таҳдидларини яна бир бор такрорлади, у эронликлардан Ҳўрмуз бўғозини Вашингтон вақти билан сешанба куни кечқурунга қадар кемалар қатнови учун очишни талаб қилмоқда, акс ҳолда мамлакатдаги инфратузилмаларни вайрон қилиш билан қўрқитган.
«Бутун мамлакатни бир тунда ишдан чиқарса бўлади ва бу тун эртагаёқ келиши мумкин», – деди у Оқ уйдаги матбуот анжуманидаги чиқишида.
«Уларда кўприклар ҳам, электр станциялари ҳам бўлмайди. Улар бир зумда тош асрига қайтишади», – дея қўшимча қилди у кейинроқ журналистларнинг саволларига жавобан.
Трампнинг ултиматуми муддати Шарқий соҳил вақти билан сешанба куни соат 20:00 да, Тошкент вақти билан чоршанба куни соат 5:00 да тугайди.
«Эртага ярим тунгача Эрондаги ҳар бир кўприк бутунлай вайрон қилинади, Эрондаги ҳар бир электр станцияси ишдан чиқади – улар ёнади, портлайди ва бошқа ҳеч қачон ишлатилмайди. Агар хоҳласак, бу тўрт соат ичида содир бўлиши мумкин. Аммо биз бундай бўлишини истамаймиз», – деди Америка етакчиси.
***
Яқин Шарққа Американинг қўшимча кучлари, жумладан, десантчилар ва денгиз пиёдалари олиб келинган. Минтақага олдинроқ жойлаштирилган ҳарбий хизматчилар билан биргаликда Америка контингенти энди бир неча ўн минг кишига етган – бу кенг кўламли қуруқлик босқини учун етарли эмас, аммо стратегик оролларни эгаллаш каби муайян амалиётлар учун етарли ҳисобланади. АҚШ Ҳўрмуз бўғозини очиш учун бўғознинг ўзида ва Форс бўғозида денгиз амалиётлари ўтказишга ҳаракат қилиб кўриши мумкин.
Трамп ўз баёнотларида тилга олаётган «дўзах» сўзи орқали эса катта эҳтимол билан Эрон энергетика инфратузилмасини ўққа тутишни назарда тутмоқда.
Трампнинг риторик эскалацияси 21 март куни бошланганди. У Truth Social ижтимоий тармоғида Эронга бўғозни очиш учун 48 соат муҳлат бериши, акс ҳолда АҚШ «уларнинг электр станцияларини йўқ қилиши, ҳужумни энг каттасидан бошлаши» билан таҳдид қилганди.
Бу урушда АҚШ асосан ҳарбий объектлар бўйлаб зарбалар бериб келмоқда. Аммо баъзида хатолик туфайли фуқаролик объектлари ҳам нишонга айланган. Бундай хатолардан бири урушнинг илк кунида, 28 феврал куни Минобдаги қизлар мактабига зарба берилиши бўлганди, бу эса 180 киши ўлимига олиб келган, қурбонларнинг аксари 12 ёшгача бўлган қизлар эди.
Эроннинг нефт-кимё ва бошқа саноат корхоналари, университет тадқиқот марказлари (у ерда ядро қуроли ва ракеталар ишлаб чиқилган) ва ҳатто ислом республикаси қуролли кучларига хизмат кўрсатувчи банкнинг киберхавфсизлик бўлими офиси ҳам зарбалар нишонига айланган. Аммо бу зарбаларнинг барчаси АҚШ томонидан эмас, балки унинг бу урушдаги асосий иттифоқчиси – Исроил томонидан берилмоқда.
Энди эса Трамп очиқчасига муҳим инфратузилмаларни бомбардимон қилиш билан таҳдид қила бошлади – булар мутлақо фуқаролик объектлари бўлмаса ҳам, камида икки мақсадли ҳисобланади: электр станциялари ҳарбий базалар ва ҳарбий ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам энергия билан таъминлайди. 2 апрел куни Кереждаги кўприк вайрон қилиниши Трамп АҚШнинг фуқаролик объектига зарба бергани учун жавобгарлигини тўғридан тўғри тан олиши билан боғлиқ илк ҳолат бўлганди.
23 март куни Америка президенти ултиматум муддатини беш кунга узайтирди. У АҚШ Эрон билан «жуда яхши ва самарали музокаралар» ўтказгани ва можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга умид пайдо бўлганини айтди.
Кўп ўтмай аслида ҳеч қандай музокаралар бўлиб ўтмагани ойдинлашди. Шунчаки воситачилар (биринчи навбатда Покистон) Эрон ҳарбий раҳбарияти билан алоқа ўрнатгани ва томонлар ўз талабларини бир-бирига етказгани маълум бўлди. Томонларнинг талаблари бир-бирига зид эди ва можарони ҳал қилиш умиди тезда йўқолди.
26 март куни, янги дедлайн тугаши арафасида Трамп яна бир бор муҳлатни узайтирди – бу сафар 6 апрелгача. Президент буни «Эрон ҳукумати илтимоси» билан қилаётганини, «фейк нашрлар нима деб ёзаётганидан қатъи назар, музокаралар давом этаётгани»ни айтди. У бу билан Эрон ҳукумати баёнотларини ҳам йўққа чиқарди: Теҳрондагилар мунтазам равишда америкаликлар билан музокара қилмаётганини айтиб келади.
5 апрел куни эса Трамп навбатдаги дедлайнни ўрнатди. Унинг Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида шундай дейилади: «Сешанба куни Эронда бир вақтнинг ўзида Электр станциялар ва Кўприклар куни бўлади. Бунақасини ҳали кўрмагансиз!!! Ақлдан озган аблаҳлар,, лаънати бўғозни очинг (оригиналида – fuckin' strait), йўқса жаҳаннамга равона бўласиз». Бунинг ортидан шундай қисқача пост қўйилди: «Сешанба, Шарқий соҳил вақти билан кечқурунги 8». Бу Москва вақти билан 8 апрел куни соат эрталабки 5 бўлади.
Урушнинг бошида Трамп АҚШнинг мақсади – «АҚШга ва бутун дунёга Эрон режими томондан мавжуд таҳдидни йўқ қилиш» эканини айтганди. Шунингдек, у Эрон халқини Америка ва Исроил зарбаларидан заифлашадиган режимни ағдаришга чақирганди. Ўтган вақт мобайнида режим кўплаб муҳим фигураларидан, жумладан, олий раҳнамо Али Хоминаий ҳамда Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижонийдан айрилди – аммо режим ўз ҳокимиятини сақлаб қолди. Режим дарҳол жаҳонда сув йўл орқали ташиладиган нефтнинг 20 фоизи ўтадиган Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди. Нархлар ўса бошлади ва бир неча ҳафта ўтиб АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун урушдаги асосий мақсад Эрондаги режимни алмаштириш эмас, балки бўғозни очиш бўлиб қолди.
Эрон шу тариқа ҳарбий бўлмаса-да, сиёсий ташаббусни ўз қўлига олди: энди бу урушнинг моҳиятини Теҳрондагилар белгиламоқда. Трамп эса танлов қаршисида қолди: ёки муроса (Эронга нисбатан талабларни камайтириш), ёки ташаббусни ўзига қайтариш умидида эскалацияга бориш. Афтидан, у иккинчи йўлни танлади.
Эроннинг энергетика инфратузилмаси яхши ҳимояланмаган. Биринчидан, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 79 фоизини газ электр станциялари таъминлайди. Бу станцияларга газнинг катта қисми Форс бўғозидаги Жанубий Форс конидан етказиб берилади. Газни қайта ишлаш ва ташиш бўйича инфратузилма асосан конга энг яқин жойлашган Кенган порт шаҳрида жамланган. Кенган бўйлаб зарбалар берилиши электр станциялари учун ёқилғи тақчиллигига олиб келиши мумкин.
Иккинчидан, Эроннинг йирик шаҳарлари ва саноат марказлари бир неча йирик электр станцияларга кучли даражада боғланиб қолган: Теҳрон (аҳолиси – 10 миллион киши атрофида) – «Демавенд» ИЭСга, нефтга бой бўлган Ҳузистон вилояти (беш миллионга яқин киши яшайди) – «Рамин» ИЭСга, Исфаҳон (икки миллион атрофида аҳоли яшайди) – «Мунтазарий» ИЭСга. Агар АҚШ Трампнинг таҳдидларини ҳаётга татбиқ этадиган бўлса, ушбу иссиқлик электр станциялари америкалик ҳарбийларнинг биринчи галдаги нишонларига айланади.
Энг йирик электр станциялар сафдан чиқарилиши бутун мамлакат бўйлаб блэкаут рўй беришини англатмайди – аммо электр таъминотида жиддий узилишлар юзага келиши ҳамда миллий энергия тизимидаги юкламани кенг кўламли қайта тақсимлашга тўғри келиши тайин.
Эрон аллақачон ўз энергетика инфратузилмалари бўйлаб зарбаларга жавобан АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларининг муҳим фуқаролик инфратузилмаларини ўққа тутишни ваъда қилган. Бундай нишонлар қаторида электр станцияларидан ташқари, Кувайт, Баҳрайн, Қатар ва БАА аҳолиси ҳаёти учун ўта муҳим бўлган сувни чучуклаштириш заводлари ҳам бор. Бундай объектлар бунгача ҳам Эрон зарбаларига учраган, аммо ҳужумлар кенг миқёсли бўлмаган.
Эрон қўшниларига зарбаларни сезиларли даражада кучайтира оладими ёки йўқми, буниси номаълум: уларда ракеталар захираси чекланган ва уларни тўлдириш деярли имконсиз. Агар у электр станциясини ёки сувни чучуклаштириш заводини вайрон қилишга муваффақ бўлса ҳам, жабрланган мамлакат бошқа жойдан ёрдам олиши мумкин. Эроннинг ўзи эса, агар ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг катта қисмидан маҳрум бўлса, ташқаридан ёрдам кута олмайди.
Ҳуқуқ фаоллари ҳам, АҚШ ичкарисидаги ва ташқарисидаги сиёсатчилар ҳам аллақачон Эрон энергетика инфратузилмасига зарбалар берилиши ҳарбий жиноят ҳисобланишини айтишмоқда. Трамп бундай эътирозларни эътиборсиз қолдирмоқда. The Wall Street Journal нашри Оқ уйдаги манбасига таяниб, бу зарбалар режаси дастлабки ҳуқуқий баҳодан ўтказилгани ва президент электр энергиясидан эронлик ҳарбийлар ҳам фойдаланаётгани туфайли бу
ҳарбий жиноят ҳисобланмаслигига ишонтирилгани ҳақида хабар берган.
Эроннинг энергетика инфратузилмаларига зарбалар берилиши Ҳўрмуз бўғозини очишга қандай қилиб ёрдам бериши номаълум. Катта эҳтимол билан, Америка раҳбарияти ислом республикаси ҳарбий босим ортганини ҳис қилиши ва барибир таслим бўлишидан умид қилмоқда. Аммо шу пайтгача босим кучайтирилган ҳолатларда Эрон раҳбарияти фақат муросасизлик намойиш этиб келмоқда.