Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Ливан бўйлаб кучли зарбалар ёғдирди
АҚШ Эронни бомбалашни тўхтатганига ва тинчлик музокараларидаги воситачи бўлган Покистоннинг ҳарбий ҳаракатлар бутун фронт бўйлаб тўхтатилиши кераклиги ҳақидаги баёнотига қарамай, Исроил Ливан жанубига зарбалар беришни давом эттирди. 10 дақиқа ичида 100 дан ортиқ объектга ҳужум қилинган.
8 апрел куни Ливан пойтахти Байрутга, шунингдек, мамлакат жанубидаги Тир ва Набатия шаҳарлари атрофига Исроил ҳарбийлари томонидан ҳаво зарбалари йўлланди. Бу АҚШ ва Эрон ўртасида сулҳ тузилгани эълон қилинишидан бир неча соат ўтиб рўй берди.
Исроил мудофаа армияси «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги қўмондонлик марказлари ҳамда ҳарбий объектларига зарбалар йўллаганини маълум қилган.
Исроил ҳарбийларига кўра, 10 дақиқа ичида 100 дан ортиқ объектга ҳужум қилинган. Бу Исроилнинг «Ўкирувчи шер» номини олган амалиёт (Исроил Эрон ва Ливанга қарши ҳарбий амалиётини шундай атаган) доирасида амалга оширилган энг кенг қамровли ҳужум бўлди.
Исроил томони «бир неча ҳафта давомида синчиклаб режалаштирилган» амалиёт доирасида «аниқ разведка маълумотларига асосланган ҳолда» зарбалар йўллаганини қайд этган.
Хабарда нишонга олинган объектлар аҳоли яшаш манзилларида бўлгани, «Ҳизбуллоҳ» шу тариқа тинч аҳолидан «тирик қалқон» сифатида фойдаланаётгани таъкидланган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги «Ал-Жазира» телеканалига Исроилнинг сўнгги зарбалари оқибатида юзлаб кишилар яралангани ва ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.
Исроил эса «Ҳизбуллоҳ» позицияларини ўққа тутишдан олдин Ливан жанубида яшовчи аҳолига эвакуация зарурати ҳақида огоҳлантиришлар юборганини иддао қилган.
Сулҳ Ливан учун амал қилмаяпти
Бу воқеалар Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув Исроилнинг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши ҳарбий ҳаракатларига нечоғлиқ тааллуқли бўлиши борасидаги ноаниқлик фонида рўй бермоқда.
Исроил АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон бўйлаб зарбалар беришни икки ҳафтага тўхтатиш қарорини қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат армияси Ливан бўйлаб зарба беришда давом этиши, чунки Эрон билан урушдаги сулҳ Ливан учун қўлланмаслигини айтган.
Бу эса АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик сулҳида воситачилик қилган Покистон ҳукуматининг баёнотига зид келади, унда Ливан йўналишидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳам тўхтатилиши ҳақида гап кетган. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрон ва АҚШ ўртасидаги икки ҳафталик ярашув «ҳамма жойда, шу жумладан Ливанда ҳам амал қилиши»ни билдирган.
«Ҳизбуллоҳ» Яқин Шарқдаги сулҳ доирасида Исроил шимолини ўққа тутишни тўхтатган. 2 март куни Исроилга зарба бериш орқали Яқин Шарқдаги урушга тортилган ушбу гуруҳ сўнгги бир кунга яқин вақт давомида ҳеч қандай амалиёт тўғрисида хабар бермади.
«Ҳизбуллоҳ» ҳозирча Исроил томонидан йўлланган янги зарбалар юзасидан муносабат билдирмади. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида оташкесим эълон қилингач, Ливан ҳукумати «мамлакатни минтақавий тинчликка қўшиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши»ни маълум қилди.
Аммо ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганидан кўп вақт ўтмай Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий ҳаракатларини тўхтатмоқчи эмаслиги маълум бўлди. Чоршанба куни Исроил ҳарбийлари Байрутнинг жанубий чеккаларида яшовчи аҳолини хавфсиз жойларга кетиш тўғрисида огоҳлантирди – бу Вашингтон оташкесим ҳақида эълон қилганидан кейинги қисқа муддат ичида Ливан аҳолиси учинчи марта огоҳлантирилиши бўлди.
«Ливанга қарши ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши керак»
Франция президенти Эммануэл Макрон тинчлик сулҳини олқишларкан, шундай деди: «Биз сулҳ Ливанга ҳам тўлиқ татбиқ этилишини хоҳлаймиз».
Испания ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон ва Теҳрон икки ҳафталик ўт очишни тўхтатишга келишиб олганидан сўнг ҳам Исроил Ливанга зарбалар беришига тоқатсизлик билдирди.
«Ҳаракатлар бутун фронт бўйлаб тўхтатилиши керак ва бу Ливанга қарши ҳарбий ҳаракатлар ҳам тўхтатилиши кераклигини англатади. Исроилнинг уруши, Исроилнинг Ливандек суверен давлатга босқини давом этишини қабул қилиб бўлмайди», – деган Хосе Мануэл Албарес RNE радиоси эфирида.
Испания бош вазири Педро Санчес ҳам АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик сулҳини «яхши янгилик» деб атаган, аммо Испания буни «олқишлай олмаслиги»ни билдирган. «Дунёга ўт қўйиб, кейин бир челак сув кўтариб келганларга қарсак чалмаймиз», – дейди у.
Ливан ҳукуматига кўра, Исроил зарбалари оқибатида сўнгги ҳафтанинг ўзида 1500 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, шундан 130 нафари болалар.
1,2 млн дан ортиқ киши (бу эса мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисми дегани) ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Булар асосан мамлакатнинг жанубий ҳудудлари аҳолисидир.
Чоршанба куни AFP мухбири Ливан жанубида ўз уйига қайтишга ҳаракат қилаётган кишилар билан учрашган. Аммо Ливан армияси ҳарбийлари ҳозирча Исроил томонидан ўққа тутилаётган ҳудудларга қайтиш хавфли эканидан огоҳлантирган.
Байрут шаҳрининг жанубий чеккаси, Исроил зарбаларининг доимий нишони ҳисобланган ҳудуд кимсасиз бўлиб қолган, дея хабар қилади AFP мухбири. Ушбу ҳудуд аҳолиси «Ҳизбуллоҳ»нинг хавф аригани ва уйларга қайтиш мумкинлиги ҳақидаги расмий баёнотини кутишмоқда.
Оташкесим эълон қилинишига оз вақт қолганида Ливан жанубидаги Сидон шаҳрига Исроил томонидан зарба берилиши оқибатида ҳам саккиз киши ҳалок бўлган.