Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бир кунда бузилган АҚШ—Эрон сулҳи, Орбанни қўллаш учун келган Вэнс ва Ливан бўйлаб даҳшатли ҳужумлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Сулҳ узоққа бормади. Яна ноаниқлик
8 апрел кечки пайтга келиб Эрон томони АҚШ билан доимий тинчлик битими музокараларини давом эттириш «мантиқсиз» бўлишини билдирди. Эрон бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Ғолибофнинг ушбу огоҳлантириши – Доналд Трамп эълон қилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнотдан кейин ҳам беқарорлик давом этаётганини кўрсатди.
Ғолибофнинг айтишича, Исроил Эрон билан ҳамкорликдаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши урушни кучайтириш орқали ўт очишни тўхтатишнинг бир неча шартларини бузиб улгурган. АҚШ эса Эроннинг ядровий мақсадларидан воз кечишини талаб қилиш орқали келишувни бузган.
«Бундай вазиятда икки томонлама ўт очишни тўхтатиш ёки музокаралар ўтказиш мантиқсиз эди», деди у ўз баёнотида.
Томонлар Эроннинг ядровий дастури бўйича ҳам бир-биридан узоқ позицияда экани кўринди — бу Трамп уруш учун асос сифатида келтирган омиллардан бири эди. Трамп Эрон ядро қуролига айлантирилиши мумкин бўлган уранни бойитишни тўхтатишга рози бўлганини айтди. Оқ уй Эрон ўзининг мавжуд захираларини топширишга тайёрлигини билдирганини маълум қилди.
Бироқ Ғолибоф ўт очишни тўхтатиш шартларига кўра уранни бойитишни давом эттиришга рухсат берилганини айтди.
АҚШ ҳам, Эрон ҳам беш ҳафта давом этган ва минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган урушда ғалаба қозонганини эълон қилган бўлса-да, уларнинг асосий келишмовчиликлари ҳал этилмай қолмоқда. Ҳар бир томон битим учун бир-бирига зид талабларида қатъий турибди.
Бинямин Нетаняҳу эса Исроилнинг «бармоғи тепкида» эканини ва «ҳар қандай лаҳзада» жангларга қайтишга тайёрлигини айтди.
Эрон сулҳ бузилганига жавобан Кўрфаз мамлакатларидаги нефт объектларига, жумладан, Ҳўрмузни айланиб ўтиш учун ишлатиладиган Саудия Арабистонидаги қувур линиясига ҳам зарба берган. Кувайт, Баҳрайн ва БАА ҳам ракета ва дрон ҳужумлари ҳақида хабар берган.
Пайшанба тонгига келиб Ҳўрмуз бўғози рухсатномасиз ҳаракатланаётган кемалар учун ёпиқлигича қолмоқда. Юк ташувчилар транзитни давом эттиришдан олдин кўпроқ аниқлик кераклигини айтишди.
Шунингдек, Трамп ижтимоий тармоқлардаги кетма-кет постларида Эронга қурол етказиб берувчи ҳар қандай давлатнинг барча товарларига 50 фоизлик янги божлар жорий этишини эълон қилди.
Ливанга даҳшатли ҳужумлар уюштирилди
Исроил чоршанба куни — сулҳ эълон қилингач, Ливанга уруш бошланганидан бери энг оғир зарбалар берди. Тушдан кейин пойтахт Байрутни кетма-кет камида бешта зарба ларзага келтирди ва осмонга қуюқ тутунлар кўтарилди.
Исроил ҳарбийлари буни урушдаги энг йирик мувофиқлаштирилган зарба деб атади. Маълум қилинишича, ўн дақиқа ичида Байрут, Бекаа водийси ва Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»нинг 100 дан ортиқ объектлари нишонга олинган.
Ливан фуқаролик мудофааси хизматига кўра, мамлакат бўйлаб жами 254 киши ҳалок бўлган ва 1100 дан ортиқ киши жароҳатланган. Энг кўп қурбон Байрутда қайд этилди.
«Ҳизбуллоҳ» пайшанба куни эрта тонгда Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш тартибини бузганини сабаб қилиб, кичик «Манара» кибутсига ракета отганини маълум қилди.
Reutersʼнинг манбаларига таяниб ёзишича, «Ҳизбуллоҳ» чоршанба куни эрта тонгда сулҳга ишониб, Исроил нишонларига ҳужум қилишни тўхтатганди. «Ҳизбуллоҳ»га у сулҳнинг бир қисми экани айтилганди — шунинг учун биз унга амал қилдик, аммо Исроил одатдагидек уни бузди ва бутун Ливан бўйлаб қирғинлар уюштирди», деди «Ҳизбуллоҳ» аъзоси Иброҳим ал-Муссавий.
«Бугун Ливандаги қирғин ва вайронагарчилик миқёси даҳшатли даражада», деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк. «Эрон билан сулҳга келишилганидан бир неча соат ўтгач, бундай қирғиннинг юз бериши ақлга сиғмайди».
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу телевидение орқали мурожаатида Ливан Эрон билан тузилган келишувнинг бир қисми эмаслигини ва «Ҳизбуллоҳ»га зарбалар беришда давом этишини айтди.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит ва АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс ҳам чоршанба куни Ливан сулҳга киритилмаганини айтди.
Аммо АҚШ—Эрон музокараларида асосий воситачи бўлган Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам, Эрон томони ҳам сулҳ Ливанни қамраб олишини айтганди.
Орбан учун қўллов
АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс Виктор Орбанни сайловларда қўллаш учун Венгрияга ташриф буюрди.
Амалдаги бош вазир Виктор Орбан олтинчи муддатга сайланиш учун кураш олиб бормоқда. Аммо у кўплаб сўровномаларда ўзининг рақиби Петер Мадярдан сезиларли даражада ортда қолмоқда. Вэнс сафар давомида тажрибали популист раҳбар кампаниясидаги асосий мавзуларга тўхталиб ўтди.
У Европа етакчиларини танқид қилди, шу билан бирга Украинадаги уруш даврида Москва билан энг яқин алоқаларни сақлаб қолган Орбанни мақтаб ўтди. Орбаннинг ўзи ҳам Европа Иттифоқи ва Киевни танқид қилишни сайловолди ташвиқотининг асосий қисмига айлантирган.
Аммо Орбаннинг мамлакат ичидаги сиёсий қийинчиликлари — унинг ташқи сиёсий позициясидан эмас, балки коррупция ва ички можаролардан келиб чиққан.
Сешанба куни кечқурун Орбан билан ўтказилган митингдан олдин Вэнс Европа Иттифоқини Венгриядаги сайловларга «уятли» тарзда аралашишда айблаб, буни «хорижий сайловларга аралашишнинг энг ёмон намуналаридан бири» деб атади. У: «Биз Виктор Орбаннинг қайта сайланишига эришишимиз керак», деди.
Германия ҳукумат вакили эса Вэнснинг сайловларга аралашиш ҳақидаги даъволарини рад этди: АҚШ вице-президенти Венгрияда бўлишининг ўзи «ким аслида нимага аралашаётганини кўрсатиб турибди», деди у.
Венесуэла ойликларни оширмоқчи
Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес 1 май куни ишчилар даромадини «масъулиятли тарзда оширишини» маълум қилди. Унинг маъмурияти иш ҳақини яхшилаш учун нефт ва тоғ-кон саноатидаги ўзгаришлардан фойдаланишни кўзламоқда. Иш ҳақининг оширилиши бўйича аниқ рақамлар келтирилмади.
Reutersʼга кўра, Венесуэлада базавий энг кам иш ҳақи 2022 йил март ойидан бери ойига 130 боливар — атиги 30 центни ташкил қилади. Кўплаб давлат хизматчилари бонуслар ва бошқа тўловлар орқали ойлик умумий даромадини қарийб 150 долларгача етказиши мумкин.
Родригес иш ҳақини оширишда инфляция таъсирини ҳисобга олиши ва ресурслардан фойда кўраётгани сабабли «ушбу йўлда ҳаракат қилишда» давом этишини таъкидлади.
Шунингдек, у ўз давлатига қарши АҚШ санкцияларини тугатиш ҳақидаги чақириғини такрорлади.
Греция ҳам болалар ҳимоясига отланмоқда
Греция 2027 йил 1 январдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлайди. Бош вазир Кириакос Митсотакис — хавотирнинг кучайиши, уйқу билан боғлиқ муаммолар ва онлайн платформаларнинг ўзига ўргатиб қўювчи дизайнини сабаб қилиб кўрсатиб, шундай баёнот берди.
Мамлакатда феврал ойида эълон қилинган ижтимоий сўровномада қатнашганларнинг қарийб 80 фоизи ушбу тақиқни маъқуллашини кўрсатди. Греция ҳукумати аллақачон мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни қонун билан тақиқлаган ва ўсмирларнинг экран қаршисидаги вақтини чеклаш учун ота-она назорати платформаларини жорий этган.
«Греция бундай ташаббусни қўлга олган биринчи давлатлардан бири бўлади. Бироқ ишончим комилки, биз охиргиси бўлмаймиз. Бизнинг мақсадимиз — Европа Иттифоқини ҳам шу йўналишга ундашдир», деди Греция бош вазири.
Австралия ўтган йилнинг декабр ойида 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган дунёдаги биринчи давлат бўлганди. Бу тақиқ TikTok, YouTube, Instagram ва Facebook каби платформаларга киришни тўсиб қўяди.
Ҳукуматнинг маълум қилишича, Греция ҳозирча ушбу ижтимоий тармоқ платформаларини фойдаланувчиларнинг ёшини текширишга мажбур қила олмайди, бироқ платформаларга аллақачон яратилган механизмлардан фойдаланишни тавсия қилади.
Греция парламенти тақиқ бўйича қонунни 2026 йил ўрталарида қабул қилади.
Мавзуга оид
14:22 / 08.04.2026
Яқин Шарқда тин олган уруш, Истанбулда қуролли ҳужум ва «Эпштейн иши»га тортилган Билл Гейтс – кун дайжести
15:21 / 07.04.2026
Таҳдидларни давом эттираётган Трамп, ердан энг кўп узоқлашган астронавтлар ва келишувни рад этган Эрон – кун дайжести
15:24 / 06.04.2026
Ҳўрмуз бўйича ултиматум, Одессага ҳужум ва АҚШ–Хитой таранглиги – кун дайжести
14:34 / 03.04.2026