Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америка бизнеси Ўзбекистон лойиҳаларига қизиқишни кучайтирмоқда — Саида Мирзиёева
Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ савдо вазири ўринбосари Девид Фогел билан учрашув якунлари бўйича маълум қилди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, савдо, инвестициялар ва шерикликнинг янги йўналишлари хусусида фикр алмашди.

Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, айни пайтда Америка бизнес доиралари Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларга тобора катта қизиқиш билдирмоқда.
«Ушбу эътибор яқин истиқболда аниқ келишувлар, янги иш ўринлари ва иқтисодиёт учун кенг имкониятларга айланиши жуда муҳим», — деди у.

Суҳбат чоғида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ўзаро манфаатли мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиб келаётган Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши фаолияти ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Томонлар иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш ва бизнес алоқаларини кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.