Спорт | 20:49
2735
10 дақиқада ўқилади

Мессининг вориси, улкан хорват ва «Реал» тарбияланувчиси. ЖЧда кимлар кашфиёт бўлиши мумкин?

Улардан ёзда ёрқин ўйинлар кутилмоқда.

Фото: Getty Images

Райан, Бразилия

  • Ёши: 19
  • Амплуаси: вингер
  • Клуби: «Борнмут»
  • 2025/26 йиллар мавсумидаги статистикаси: 15 ўйин, 5 гол, 2 узатма

Пентакампеонлар сафида «Уэмбли» ўйингоҳида инглизларга қарши ўйинда терма жамоадаги илк голини урган Эндрик ҳам бор. Аммо у анча олдинроқ танилиб бўлганди, жамоадаги кутилмаган қаҳрамон ролига эса унинг 19 ёшли тенгдоши Райан даъвогарлик қилмоқда. Шу йил қишида Европага келган вингер терма жамоада ҳозирча фақат бир марта, апрел ойида Хорватияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Райан барча футболчиларга хос скилларидан ташқари дадиллиги билан мақтана олади. Тезкор, кескин ҳаракатланадиган, яхши дриблинг ва кучли зарбага эга бўлган бу ёш футболчи ўйинда ташаббусни ўз зиммасига олишдан тортинмайди. У январда «Борнмут»га келиб қўшилгач, «Вулверҳэмптон» билан ўйинда дебют қилди ва ўша ўйиндаёқ Скоттга голли узатма берди. Кейинги турда Андони Ираола ушбу янги футболчини бошланғич таркибга киритди ва у «Астон Вилла» билан ўйинда илк голини урди. Бир ҳафта ўтиб «Эвертон» дарвозасини ҳам ишғол этди. Мавсум якунида эса у қаторасига учта ўйинни голсиз тарк этмади.

Виктор Мунйос, Испания

  • Ёши: 22
  • Амплуаси: яримҳимоячи
  • Клуби: «Осасуна»
  • Статистикаси: 36 ўйин, 7 гол, 5 узатма

Катта клублар тарбияланувчилари тақдири –  кўп ҳолларда мураккаб ва оғриқли мавзу. Бундай футболчиларга ҳеч ким кўп вақт тақдим этмайди ва дарҳол натижа кўрсатиш талаб этилади. Айниқса барча позициялари учун катта трансферлар амалга ошириладиган «Реал»дек клубда. Шунинг учун клубнинг кўпчилик тарбияланувчилари бахтини бошқа жойлардан излашига тўғри келади. Винисиус Жуниор билан битта позицияда ўйновчи 22 ёшли Мунйос ҳам ўтган йил ёзида 5 миллион евро эвазига «Осасуна»га сотилганди ва у ўзи учун тўланган маблағни тўлиқ оқлади.

Иккала қанотда ёрқин ва дадил ўйин кўрсатиб, мавсум давомида жамоа тўпурари Будимирни голли узатмалар билан таъминлаб келган ушбу ёш вингер Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнтенинг назарига тушмаслиги мумкин эмасди. Унинг миллий жамоадаги дебюти ҳам ажойиб чиқди: у март ойида Сербияга қарши ўртоқлик ўйинида захирадан тушиб, Ферран Торреснинг пасини голга айлантирди, Мисрга қарши ўйинда эса у танаффусда Ямални алмаштирди.

Бундай дебютдан кейин унга «Барселона»дан қизиқиш мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалди, «Реал»дагилар эса уни ортга қайтариш ҳақида ўйлай бошлашди. Мадриддагилар ушбу истеъдодли тарбияланувчисини азалий рақибга бериб юбормаслик учун, келишувдаги тегишли бандни ишга туширса, трансфер 8 миллион евро эвазига амалга ошади. Ушбу футболчини ўз сафида кўришни истаётган «Астон Вилла» ва Гордон учун ўринбосар қидираётган «Нюкасл»га эса 40 миллион евролик нарх белгиланган.

Ян Диоманде, Кот-д'Ивуар

  • Ёши: 19
  • Амплуаси: вингер
  • Клуби: «Лейпциг»
  • Статистикаси: 34 ўйин, 13 гол, 9 узатма

Футбол билан дастлаб АҚШда шуғуллана бошлаган ёш африкаликнинг карьераси тезлик билан ўсиб борди. 2025 йил қишида у Ла лигадан тушиб кетган «Леганес» билан шартнома имзолаганди ва Испаниядаги ўнта ўйин «Лейпциг» истеъдодли вингер учун 20 миллион евро тўлаб бериши учун етарли бўлди. Ҳозирда «буқлар» жамоаси Диоманде учун 130 миллион евро сўрамоқда. Унга «Ливерпул» ва «ПСЖ» каби бадавлат клублар даъвогар.

Футболчининг ўзи эса Германияда яна бир мавсум қолишни истамоқда – у янги мавсумда жамоаси билан Чемпионлар лигасида иштирок этади. Аммо жаҳон чемпионатидаги ўйинларига қараб, унга талабгорлар отни қамчилаши мумкин – ҳозирданоқ Диоманде чемпионатнинг энг яхши ёш футболчиси бўлиш учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Кучли дриблингга эга, иккала қанотда ҳам ўйнай оладиган ва исталган нуқтадан дарвозани ишғол этиши мумкин бўлган ёш вингердан катта нарса кутилмоқда. Қолаверса, у терма жамоаси билан қишда бўлиб ўтган Африка кубогида тажриба орттирган, ўшана ивуарликлардан чемпионлик титулини ҳимоя қилиш талаб этилганди, аммо жамоа драматик кечган чоракфинал ўйинида Мисрга ютқазиб қўйганди (2:3). Диоманде қитъа биринчилиги плей-оффининг биринчи ўйинида буркино-фасоликлар дарвозасини ишғол этди, умуман, терма жамоадаги илк голини эса ўтган йилда, ЖЧ саралаш ўйинлари вақтида урганди.

Йоан Манзамби, Швейцария

  • Ёши: 20
  • Амплуаси: яримҳимоячи
  • Клуби: «Фрайбург»
  • Статистикаси: 47 ўйин, 7 гол, 6 узатма

Швейцариялик яримҳимоячи – «Фрайбург» академияси маҳсули ва ёзги трансферлар вақтида талаш бўлиши кутилаётган футболчилардан бири. «Арсенал», «Реал», «Челси», «ПСЖ», «МЮ» ва «Бавария» каби жамоалар ушбу ҳавбекка даъвогар сифатида кўрилмоқда. Бундай жамоаларнинг барчасига бутун майдон бўйлаб меҳнат қиладиган, узоқдан кучли ва аниқ зарба бера оладиган футболчи керак. Аммо яқинда ёш футболчи билан шартномани 2030 йилга қадар узайтирган немислар клуби ўз тарбияланувчиси учун 50 миллион евролик нарх белгилаб қўйган, аммо музокаралар жаҳон чемпионатидан кейингина ўтказилади. У вақтга бориб футболчининг баҳоси янада кўтарилиши мумкин.

Манзамби мавсум давомида кучли рақибларга қарши ўйинларда ўзини йўқотиб қўймаслигини ва муҳим ўйинларда йўқолиб қолмаслигини намойиш этди («Бавария»га 2 гол урган). Йоан «Фрайбург» Европа Лигаси финалига чиқишида асосий роллардан бирини ўйнади (яримфиналда «Брага» дарвозасига ғалаба голини урди). Терма жамоасида эса асосий таркиб футболчиси эмаслигига қарамай, фойдали ҳаракатлар коэффициенти бўйича юқори кўрсаткич қайд этди. У саралаш босқичида Швецияга қарши икки ўйинда сўнгги дақиқаларда майдонга тушиб (мос равишда 7 ва 6 дақиқа ўйнаган), биттадан гол уришга улгурди. Германия чемпионати якунларига кўра Манзамби узоқ масофадан гол уриш бўйича (3 та) яримҳимоячилар орасида энг яхши натижани қайд этди, у шундай голларидан бирини апрел ойида Нойер қўриқлаётган дарвоза тўққизлигига 25 метр масофадан зарба бериш орқали урганди.

Лука Вушкович, Хорватия

  • Ёши: 19
  • Амплуаси: ҳимоячи
  • Клуби: «Ҳамбург»
  • Статистикаси: 30 ўйин, 6 гол

Хорватия – 2018 йилги жаҳон чемпионати вице-чемпиони, Қатардаги турнирда эса бронза медаллари соҳиби. Бундан ташқари, болқонликлар жамоасида мунтазам равишда истеъдодли футболчилар пайдо бўлади. «Шашкачилар»нинг сўнгги мундиалларда натижа кўрсатган Модрич, Перишич, Ковачич, Крамарич ва Ливакович каби футболчилари катта эҳтимол билан сўнгги мундиалига келган ва юқори натижаларга даъво қилмаяпти. Шу билан бирга, бу турнир уларнинг ёнидаги ёш футболчилар учун тажриба орттириш вазифасини ўтайди. Шундай ёшлардан бири «Комо» сафидаги Батурин, аммо яримҳимоя чизиғидаги кучли рақобат унга ўзини кўрсатиш учун кам имкон қолдиради.

Лекин ҳимоя чизиғидаги Вушковичда бунинг учун имконият етарли. Трансфер ҳуқуқи «Тоттенҳэм»га тегишли бўлган ва ўтган мавсумни ижара асосида Бундеслигада, «Ҳамбург» сафида ўтказган футболчи терма жамоа асосий таркибига лойиқ эканини кўрсатди. У ўз амлуасига қарамай, Германия чемпионати ўйинларида 6 та гол урди. Натижада 193 сантиметр бўйга эга бўлган Лука саралаш турнири ўйинлари вақтида ёшлар жамоасидан асосий жамоага жалб этилди.
Баҳорда Бразилия ва Колумбияга қарши кечган ўртоқлик ўйинларида тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Златко Далич бу ўйинларда уч нафар марказий ҳимоячидан иборат схемани синовдан ўтказди, Вушкович колумбияликларга қарши ўйинда миллий жамоадаги илк голини нишонлади.

Нико Пас, Аргентина

  • Ёши: 21
  • Амплуаси: яримҳимоячи
  • Клуби: «Комо»
  • Статистикаси: 40 ўйин, 13 гол, 7 узатма

Бу мавсумда Пас Италияни нафақат ёрқин ўйинлари билан ларзага келтирган, балки сенсацион равишда Чемпионлар лигасига йўлланма олган «Комо»нинг асосий футболчисига айланди. Сеск Фабрегас ёш футболчилар учун ажойиб ўқитувчи экани, уларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашишини намойиш этиб, Никонинг қирраларини очди. Ёш аргентиналик ўз кумирларидан бирининг маслаҳатларига диққат билан қулоқ қолди, у эса шогирдини қатъий қолипга солмади ва ижод учун эркинлик тақдим этди.

Натижада Пас чизиқлар орасида ажойиб ҳаракатлана оладиган, нозик узатмалар учун имконият топадиган ва керакли паллани ҳис қилиб, вақти келганда ўзи ҳам зарба бериш нуқтасига чиқадиган футболчи бўлиб етишди. Унинг саралаш босқичида Боливияга қарши ўйинга тўғри келган дебюти эртакнамо кечди: Нико майдонга тушганидан 13 дақиқа ўтиб ўз кумири бўлган Мессига голли узатма берди. Баҳорда эса яна бир диққатга сазовор воқеа рўй берди – Мавритания билан ўйинда «Албиселесте» сафида илк голини нишонлади. Аргентина термаси устози Лионел Скалони Никога жаҳон биринчилигида ҳам ўзини кўрсатишга имкон беришига шубҳа йўқ.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид