Фаворитлар учун асабий кун: конголиклар дарвозабони инглизларни қийнади; ҳисоб 0:2 эканида Белгия футболчилари ўзаро уришиб кетди, лекин якунда Сенегал турнирдан чиқариб юборилди. АҚШ озчилик бўлиб ўйнаганига қарамай, ғалаба қозонди. Мексикада фожиа, Германияда айбдорлар изланмоқда, турнирни тарк этган яна бир жамоада бош мураббий истеъфога чиқди, Туркияда эса футолчиларга виллалар совға қилинди.

Жаҳон чемпионатида плей-офф босқичи давом этмоқда. 1 июл куни кечқурун ва 2 июлга ўтар кечаси 1/16 финал доирасида яна учта учрашув бўлиб ўтди. Ва бу ўйинларда фаворитларга осон бўлмади – Белгия Сенегал билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни тенглаштирди ва овертаймда ғалабани илиб кетди (3:2), Англия эса Конго ДР билан ўйинда анча вақт ҳисобда ортда борди (2:1). АҚШ ҳам Босния ва Ҳерцеговинага қарши ўйинда хотиржам ўйнай олмади – иккинчи бўлимда бир киши кам бўлиб ўйнади ва фақат ўйин охирида урилган гол эвазига ҳисобни ишончли кўринишга келтирди (2:0).

Майдон ташқарисида ҳам воқеалар кўп бўлмоқда: Мексикага ютқазиб, турнирни тарк этган Эквадор бош мураббийи Себастян Беккасесе истеъфога чиқди, Германияда муваффақиятсизлик учун айбдорлар изланмоқда, Туркия футболчиларига муваффақиятсизликка қарамай, виллалар совға қилинмоқда, Мексикада эса ғалабани нишонлаш чоғида тўрт нафар мухлис ҳалок бўлди.

Англияда иродали ғалаба

Англия – Конго ДР 2:1
Голлар: Сипенга, 7 (0:1). Кейн, 75 (1:1). Кейн, 86 (2:1)
Англия: Пикфорд, Конса, Гейи, О`Райли, Спенс (Эзе, 70), Райс (Стоунс, 90+1), Андерсон, Беллингҳэм, Рэшфорд (Сака, 60), Мадуэке (Гордон, 60), Кейн
Конго ДР: Мпаси-Нзау, Туанзебе, Мбемба, Масуаку (Ж. Кайембе, 89), Ван-Биссака, Мутуссами (Майеле, 89), Садики, Мукау (Э. Кайембе, 76), Сипенга (Бонгонда, 76), Мбуку (Элиа, 64), Висса
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм, 19 – Садики, 28

Конголиклар сенсацияга яқин эди. Африка жамоаси еттинчи дақиқадаёқ Брайан Сипенгининг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни очишди ва шундан кейин инглизларнинг ҳужумларини муваффақият билан қайтаришди.

Томас Тухел шогирдлари узоқ вақт «Леопардлар»га қарши чора топа олишмади – ўйиннинг дастлабки 20 дақиқалигида тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик Африка вакилларида бўлди, голли вазиятлар эса фақат сув ичиш учун қилинган танаффусдан кейингина юзага келди. Аммо бу вазиятларда Конго ДР дарвозабони Лионел Мпаси-Нзау қаҳрамонлик кўрсатди ва бир неча суперсейвлар амалга оширди. У ожиз қолганида эса ҳимоячи тўпни дарвоза чизиғидан олиб чиқди.