Жаҳон | 23:10 / 27.06.2026
906
2 дақиқада ўқилади

УХХ Владимир областидаги нефт станциясига зарба берилганини маълум қилди

Зарба бир неча кун олдин Украина президенти Володимир Зеленский томонидан тасдиқланган Россияга 40 кунлик “босим ўтказиш” операцияси доирасида берилди. 

Фото: delfi.lt

Россияга “босим ўтказиш” операцияси доирасида “Второво” нефт ҳайдаш станциясига дронлар ёрдамида зарба берилди, деб маълум қилди Украина хавфсизлик хизмати. Бироқ NASA мониторинг платформаси объектда ёнғин юз берганини аниқламади.

Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Владимир областидаги “Второво” нефт ҳайдаш станциясига ушбу ойда иккинчи марта зарба берганини маълум қилди. Зарба бир неча кун олдин Украина президенти Володимир Зеленский томонидан тасдиқланган Россияга 40 кунлик “босим ўтказиш” операцияси доирасида берилди. 

Дастлабки маълумотга кўра, дронлар объектнинг техник биноларига зарба бериши натижасида портлаш содир бўлган. Қўшимча қилинишича, "Второво" станциясига биринчи ҳужум 10 июн куни амалга оширилган. Станция экспорт портлари ва ички истеъмолчиларга нефт етказиб беришда муҳим логистик тугун ҳисобланади. 

Аммо NASA’га қарашли ёнғинларни мониторинг қилувчи FIRMS платформаси 27 июн ҳолатига "Второво" станцияси ҳудудида ёнғинни аниқламаган. Шу билан бирга, FIRMS жамоаси объектдан 10 км узоқликда ёнғин содир бўлганини қайд этган. 

Украинанинг Россия нефт заводларига зарбаларни кучайтириши оқибатида мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ёнилғи сотишда чекловлар жорий этилди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид