Россиянинг Владимир областининг Киржач шаҳри яқинидаги ўқ-дори омборида портлаш содир бўлди. РФ мудофаа вазирлиги расмий хабарида ўқ-дорилар аланга оқибатида детонацияга учрагани айтилган. Асосий версия сифатида портловчи моддалар билан ишлашда хавфсизлик талаблари бузилиши келтирилган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ўқ-дориларнинг такрорий портлашлари овозлари эшитилган видеоларни эълон қилган. Ўқ-дориларнинг парчалари 5 км радиусга сочилиб кетган. «112» телеграм-каналига кўра, арсенал ҳудудидан учиб чиққан иккита ракета фуқаролик объектларига урилган – улардан бири Киржач шаҳридаги дам олиш маркази ёнида портлаган, иккинчиси хусусий уйлардан бирига келиб тушган.

Мудофаа вазирлигининг дастлабки хабарида, дастлабки маълумотларга кўра жароҳатланганлар йўқлиги қайд этилганди. Кейинроқ Baza манбаси кейинроқ атрофдаги қишлоқлардан бирида яшовчи киши учиб келган снарядлардан бири туфайли жароҳатлангани, унинг ҳаётига жиддий хавф йўқлиги ҳақида маълумот берди.

Киржач районида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Портлаш содир бўлган қурол омбори Барсово қишлоғи яқинида жойлашган бўлиб, унда 700 киши истиқомат қилади. ТАСС агентлиги ёзишича, Барсово ва унга туташ Мирний қишлоғи аҳолиси эвакуация қилиниши бошланган. Baza маълумотига кўра, Барсоводан бир неча километр масофада жойлашган Дубка, Першино, Храпка, Грибаново, Мележи ва Звездний аҳоли яшаш пунктлари аҳолиси ҳам эвакуация қилинмоқда. Одамлар Киржач шаҳридаги мактабларга вақтинчалик жойлаштирилмоқда. Киржачни Москва билан боғлайдиган ва ушбу аҳоли пунктлари жойлашган йўл эса вақтинча тўсиб қўйилган.

Тахминларга кўра, дастлабки портлаш Бош ракета ва артиллерия бошқармасининг (ГРАУ) 51-арсенали (11785-ҳарбий қисм) ҳудудида содир бўлган. «Красная звезда» газетасининг 2009 йилги маълумотига кўра, у ишлаб чиқарувчи корхоналардан ракета ва ўқ-дориларни қабул қилиш, уларни тўплаш, сақлаш ва эҳтиётлаш учун мўлжалланган. «Бу ерда ракеталар ва ўқ-дориларни йиғилади, уларга режалаштирилган техник хизмат кўрсатилади, ракеталар ва ўқ-дориларни қайта ишланади ва таъмирланади ҳамда якуний ҳолатига келтирилади. Бу ердан ракеталар ва ўқ-дорилар ўз манзилига жўнатилади», – дея ёзган газета. Ўша пайтда омборхона ўз ичига 256 минг тоннадан ортиқ ўқ-дориларни сиғдира олган. Очиқ манбаларда арсенал ва унинг таркиби ҳақидаги янги маълумотлар йўқ.