00:41 / 02.11.2020
2724
Статқўм: Йиллик инфляция 11,5 фоизни ташкил этмоқда

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон истеъмол секторидаги инфляция даражаси ҳақида ахборот берди. Унда ўтган ой мобайнида инфляция даражаси 1,4 фоизга тенг бўлгани кўрсатилган.

Фото: Fotolia

Сентябрь ойида ҳам инфляция кўрсаткичи 1,4 фоизни ташкил этган, аммо август ойига нисбатан тезлашгани қайд этилганди.

Қўмитага кўра, инфляция даражаси йил бошидан бери 7,8 фоиз, йиллик 11,5 фоизни ташкил этмоқда.

2020 йилнинг январь-октябрь ойларида истеъмол бозоридаги нархлар 7,8 фоизга ошган.

«Октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 2,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 0,8 фоизга, хизматлар 0,7 фоизга қимматлашди. Умумий ҳисобда, 2020 йилнинг январь–октябрь ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси 10,0 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 6,9 фоиз, хизматлар 5,2 фоизга ошди», – дейилади Статқўм ҳисоботида.

Расмий статистикага кўра, октябрь ойида гўшт, парранда гўшти ва балиқ нархи сентябрга нисбатан 0,7 фоизга кўтарилган. Тухум 17,7 фоиз, шакар 8,6 фоиз, мева-сабзавотлар 3,2 фоиз қимматлашган.

Қайд этилишича, шакар ва гўшт нархи йил бошидан бери баравар 15,0 фоизга ошган. Хусусан, суяксиз мол гўшти баҳоси 10 ой ичида 18,2 фоизга кўтарилган.

Январь–октябрь ойларида пахта ёғи 24,2 фоизга (октябрда – 13,6 фоиз), кунгабоқар ёғи 23,9 фоиз (октябрда – 11,2 фоиз) , сариёғ 11,1 фоиз (октябрда – 1,6 фоиз), маргарин 9,7 фоиз (октябрда – 1,0 фоиз)га қимматлашган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк октябрь ойида 2020 йил учун инфляция прогнозини 11–12,5 фоиз даражасида сақлаб қолган. 2021 йилги давлат бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасига кўра, ҳукумат келаси йил инлфяция даражаси 10 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилмоқда.

Top