20:52 / 29.01.2021
34780
Пенсия тизимида бир қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Жамғарма раҳбари маълумот берди

Янги тизим яратиш режасида уч босқичли пенсия тизимига ўтиш, минимал пенсия миқдорларини босқичма-босқич ошириб бориш, минимал иш стажини бажарган фуқароларга кафолатланган пенсия миқдорини таъминлаб бериш, пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган даромаднинг юқори чегарасини босқичма-босқич ошириб бориш кўзда тутилмоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори Абдулазиз Ҳайдаров 29 январ куни АОКАда бўлган матбуот анжуманида янги пенсия концепцияси лойиҳасида тизимга киритилиши кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди.

 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, концепцияда кўплаб янгиликлар акс этади.

«Бугунги кунда пенсия концепциясини халқаро экспертлар билан ишлаб чиқиш жараёни кетмоқда. Консультатив маслаҳатлашувлар кўп бўлмоқда. Чунки биз ўзимизга хос пенсия тизими яратиш устида ишлаяпмиз. Бошқа давлатлардан кўп андоза олмаймиз.

Асосий кутилаётган ўзгаришлардан бири: 3 босқичли пенсия тизимига ўтишни мақсад қилиб қўйганмиз. Кейинги ўзгариш – минимал пенсия миқдорларини босқичма-босқич ошириб бориш. Бугунги кунда минимал пенсия миқдори камроқ. Янги тизимга ўтсак бу, албатта, ошади», – деди у.

2020 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори 262 минг 470 сўм этиб белгиланган. Ушбу сумма пенсиялар, устамалар, қўшимча тўловлар ва пенсия таъминоти соҳасидаги, шунингдек, меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг майиб бўлиши, касб касалликларига чалиниши ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганда зарарни қоплаш учун компенсацияларни ҳисоблашда қўлланилади.

Жамғарма ижрочи директорининг айтишича, минимал иш стажини бажарган фуқароларга кафолатланган пенсия миқдорини таъминлаб бериш масаласи ўрганилмоқда.

«Яна бир ўзгариш – пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган даромаднинг юқори чегарасини босқичма-босқич ошириб бориш. Бунда юқори чегара 10та минимал иш ҳақи қилиб белгиланган. Буни ҳам ўрганяпмиз», – дея қайд этди у.

2019 йили «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун 31 моддасига («Ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашнинг умумий тартиби») ўзгартиш киритилиб, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олиниши белгиланган эди. Эндиликда ушбу чегара яна пенсионерлар манфаати учун ўзгартирилиши мумкин.

Бундан ташқари, иш стажи талабларини бажарган фуқароларга муддатдан олдин пенсияга чиқиш масаласини ҳам кўриб чиқилиши айтилди.

«Лекин пенсия ёшини ўзгартириш масаласи бизнинг кун тартибимизда йўқ. Бу ҳақда ҳеч қанақа масала қўйилмаган», – деди директор.  

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 21 ноябр куни ўтказилган йиғилишда Молия вазирлигига 2020 йил 1 апрелга қадар тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилганди.

Ўтган йили жамғарма нуфузли халқаро молия ташкилотлари, хусусан, Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури ва Россия Федерацияси Молия вазирлигининг илмий тадқиқотлар институти экспертларини жалб қилган ҳолда хорижий мамлакатларда пенсия таъминотини, шу жумладан 3 босқичли пенсия тизимини ташкил қилиш тажрибаларини ўрганаётгани хабар қилинган.

Аввалроқ, Пенсия жамғармаси Ўзбекистон бўйича пенсия ва нафақа олувчилар сонини маълум қилган эди. Унда 2020 йилда 333 минг янги пенсия ва нафақа олувчилар пайдо бўлгани, ўтган мос даврга нисбатан пенсия ва нафақа олувчилар 4 фоизга ошгани қайд этилган.

Top