00:03 / 05.02.2021
3041
Жамшид Қўчқоров капитал бозорини ривожлантириш юзасидан парламентга ҳисобот берди

Охирги 2 йилда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозларининг ҳажми 10 баробар ошган. 2021 йилда давлат бюджети тақчиллигини қоплаш мақсадида 5 триллион сўмлик ДҚҚ чиқарилади.

Архив фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 3 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида чиқиш қилиб, капитал бозорини ривожлантириш бўйича киритилган сўровга жавоб берди.

Қонунчилик палатасидан маълум қилишларича, 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда жами 599та акциядорлик жамиятларининг номинал қиймати 149,5 триллион сўмга тенг акциялари сотувга чиқарилган. Ушбу акциядорлик жамиятларидан 254 тасида 127,6 триллион сўмлик давлат улуши мавжуд.

Шу билан бирга, жорий йил бошида Инвестиция институтлари миллий ассоциацияси (ИИМА) қайта ташкил этилган. Бундан мақсад – ўз манфаатларини ифода этувчи капитал бозори иштирокчиларининг нодавлат бирлашмасини ташкил этиш.

Бундан ташқари, қимматли қоғозлар сотиб олишдаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ушбу хизматнинг инвестиция воситачилари томонидан кўрсатилишини назарда тутувчи тартиб ишлаб чиқилиши маълум қилинди.

Қайд этилишича, маҳаллий банк ва корхоналарнинг жаҳон молия бозорларига мустақил чиқиши молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларга мувофиқ бўлишини ва шаффофликни оширади. Бу ўз навбатида ташқи молиялаштириш манбаларини диверсификация қилишга асос бўлади.

Шунингдек, халқаро молия бозорига миллий валютада облигациялар чиқарилиши республика капитал бозори ҳақида норезидентларнинг маълумотларга эга бўлишини таъминлайди.

Бош вазир ўринбосари қимматли қоғозлар ликвидли иккиламчи бозорининг шаклланмаганига сабаб сифатида иқтисодиётдаги йирик корхоналарда давлат улушининг юқорилиги ва хусусий сектор субъектларининг маблағ жалб қилишга бўлган қизиқишининг пастлигини кўрсатди.

Унга кўра, охирги икки йилда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозларининг ҳажми 10 баробар ошган. Шунингдек, 2021 йилда давлат бюджети тақчиллигини қоплаш мақсадида 5 триллион сўм миқдоридаги ДҚҚ чиқарилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда капитал бозорини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Top