20:17 / 12.02.2021
3242
Блогерларнинг саҳифаларига электрон почта манзили ҳамда фамилияни жойлаштириш талаби қўйилиши мумкин

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасида қонунни бузган ҳолда тарқатилаётган ахборот тўғрисида мурожаатлар юборилиши учун блогерларга ўз веб-сайти (саҳифаси)га, шу жумладан, ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги саҳифаларига электрон почта манзилини, ўз исм-шарифининг бош ҳарфлари ва фамилиясини (жисмоний шахс учун) ёки номини (юридик шахс учун) жойлаштириш мажбурийлигини белгилаш назарда тутилмоқда.

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига таклиф этилаётган тўлдиришга кўра, веб-сайтнинг ва  веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифасида:

  • оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш;
  • жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
  • жамиятга, давлатга, давлат рамзларига (миллий ва умуминсоний қадриятларга) ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
  • порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
  • вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ва бошқа тарзда жалб қилишга йўналтирилган ахборотни тарқатиш;
  • референдум тўғрисидаги ва сайлов ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган чекловларга риоя этмаслик;
  • фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз жойлаштириш;
  • ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифаларининг, шу жумладан, тезкор хабарлар алмашиш тизимларининг мониторингини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот ва материалларни аниқлаш мақсадида амалга ошириш каби ҳаракатлар тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, саҳифа эгаси:

  • ўзига хабар юборилиши учун ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига, шу жумладан, тезкор хабарлар алмашиш тизимларига электрон почта манзилини, қонунни бузган ҳолда тарқатилаётган ахборот тўғрисида мурожаатлар юборилиши учун ўз исм-шарифининг бош ҳарфлари ва фамилиясини (жисмоний шахс учун) ёки номини (юридик шахс учун) жойлаштириши;
  • тарқатилиши тақиқланган ахборот аниқланган тақдирда, ушбу маълумотлардан фойдаланишни чеклаш чораларини дарҳол кўриши;
  • ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-саҳифасида интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимида изоҳ берувчи шахслар турган мамлакатни идентификацияловчи ноёб манзил тўғрисидаги маълумотларни акс эттириши шартлигини белгилаш таклиф этилмоқда.
Top