20:43 / 22.02.2021
6843
Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонлар хусусий секторга ўтказилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларга хусусий секторни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Шу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага чиқарилди.

Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирлиги ишлаб чиққан қарор лойиҳасида троллейбус ва трамвайдан ташқари барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи тадбиркорлик субъектларига берилиши кўзда тутилган.

Бунинг учун талабгорлар автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти лицензиясига эга бўлиши керак.

Лойиҳада белгиланишича, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга тадбиркорлик субъектлари хизмат кўрсатиш ҳудудларида ДЙҲХХнинг худди шундай турдаги фаолияти тадбиркорлик субъектининг лицензияси амал қилиш муддатигача тўхтатилади.

Қарор лойиҳасига кўра, ИИВ ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўяди, ўтказиладиган имтиҳонлар жараёни устидан ДЙҲХХ вакилининг бевосита ёки онлайн назоратини таъминлайди.

Бундан ташқари, лойиҳада қуйидагиларни назарда тутувчи автоматлаштирилган Ягона ахборот тизимини яратиш кўзда тутилган:

  • ДЙҲХХга тегишли барча ахборот тизимларини мазкур Ягона ахборот тизимига интеграция қилиш;
  • ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш;
  • ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодларни идентификация қилиш орқали кундалик таълим жараёнидаги иштирокини (давоматини) назорат қилиш;
  • якуний имтиҳонларни назорат қилиш орқали таълим сифатини баҳолаш;
  • имтиҳон натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг таҳлилларига кўра Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тузиладиган ўқув муассасалари рейтингини юритиш ва эълон қилиш;
  • Ягона ахборот тизимни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотлар базаси билан интеграция қилган ҳолда, ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларнинг автомототранспорт воситасини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда олиш.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи автоматлаштирилган фото/видео дастурий-техник воситалари ўрнатиш ҳуқуқи берилмоқда.

  • Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2021 йил охиригача янгисига алмаштириш лозим.
Top