22:17 / 30.03.2021
7631
Coca-Cola Uzbekistan'ни сотиш жараёнининг навбатдаги босқичи якунланди

Жараённинг иккинчи босқичига ўтган талабгорлар билан ахборотни ошкор этмаслик тўғрисида битимлар тузилди.

Фото: Luke Sharrett / Bloomberg

2020 йил 16 декабрда «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини сотиш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги берган эълонга мувофиқ, сотиш жараёнининг навбатдаги босқичи якунланди.

Агентликнинг хабар беришича, Давлат тендер комиссияси қарори асосида давлат улушини сотиш жараёнининг иккинчи босқичига ўтказилган талабгорлар билан Давлат активлари агентлиги ҳамда компания ўртасида ахборотни ошкор этмаслик тўғрисида битимлар имзоланди.

«Давлат улушини сотиш бўйича молиявий маслаҳатчи – «Rothschild & Cie» инвестиция банки томонидан талабгорларга иккинчи босқич юзасидан жараён хати юборилиб, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг 2017, 2018 ва 2019 йиллардаги молиявий ҳисоботлари, бизнес режаси ҳамда компания фаолиятининг молиявий, солиққа оид, ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари батафсил баён этилган ҳисоботлар тақдим этилди», – дейилади ахборотда.

Маълум қилинишича, бугунги кунда талабгорлардан компанияни сотиб олиш бўйича мажбурий бўлмаган (индикатив) таклифлар келиб тушган. Мазкур таклифлар «Rothschild & Cie» инвестиция банки ва «Dentons» юридик фирмаси билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, Давлат тендер комиссиясининг қарори билан навбатдаги босқичга ўтказилди.

Айни пайтда талабгорлар фойдаланиши учун Давлат активлари агентлиги томонидан KPMG халқаро аудит компанияси ва «Dentons» юридик фирмаси билан биргаликда компаниянинг молиявий, ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа ахборотларини ўз ичига олган виртуал маълумотлар базаси яратилди.

Жараённинг мазкур босқичида талабгорларга виртуал маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда компанияга оид қўшимча ўрганишларни ўтказиш, компания тақдимотида иштирок этиш, компания раҳбарияти билан мулоқот ҳамда савол-жавоблар сессияси учун имконият берилади.

Маълумот учун, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ Ўзбекистондаги газланган алкоголсиз ичимликларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Компания мамлакатга 1993 йили кириб келган ва илк маҳаллий ишлаб чиқарувчи завод 1994 йили март ойида ишга тушган.

Айни пайтда компания устав капиталидаги давлат улуши 57,1 фоизни ташкил этади. Компания устав фондидаги 42,9 фоиз улуш эса «The Coca-Cola Export Corporation»га тегишли.

«Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» Тошкент, Наманган ва Урганчдаги жами 3 та ишлаб чиқариш заводига эгалик қилади.

Top