10:43 / 08.05.2021
10306
Сурхондарёда аёл ва унинг болаларини тепиб, калтаклаган шахс жарима билан «қутулди»

Сурхондарё вилояти Денов туманида уй-жой учун низолашиб, ўз укасининг келини ва унинг болаларини тепкилаб калтаклаган шахс жаримага тортилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, уй-жой учун низолашиб, ўз укасининг келини ва унинг болаларини тепкилаб калтаклаган Гулмурод Хандаловнинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқбузарлик деб малакаланган ва Денов туман суди томонидан кўриб чиқилган.

Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарёлик зўравонни кўринг, буни ким тартибга олади, пули кўплигидан қутурган бойни кўринг» мавзусида тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган Гулмурод Хандаловнинг уй-жой масаласида Сарвиноз Қаюмовага нисбатан содир этган ҳуқуқбузарлиги Денов туман суди томонидан кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Денов туман судининг 2021 йил 7 май куни чиқарган қарори билан Гулмурод Хандаловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-, 41- ва 52-моддаси 2-қисми, 61-2-модданинг 1-қисми ҳамда 200-модда билан айбли деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Суд томонидан томонлар ўртасидаги уй-жой масаласидаги низо фуқаролик тартибида ҳал қилиниши тушунтирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 май куни ижтимоий тармоқларда эркак киши аёл ва унинг болаларини аёвсиз тарзда тепкилагани, муштлаб ургани тасвирланган видео тарқалди. Маълум бўлишича, мазкур шахс Денов туманида яшовчи «Қақнус» хусусий тиббиёт маскани эгаси, врач Гулмурод Хандалов, калтакланган аёл эса укасининг келини экани маълум бўлди. Аёлнинг маълум қилишича, Гулмурод Хандалов уни низога сабаб бўлган уй-жойдан қувиб чиқариш учун икки йил давомида муттасил хўрлаб, калтаклаб келган.

Шундан сўнг мазкур ҳодисани вилоят ИИБ ўз назоратига олгани ва суриштирув ўтказилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов томонидан Сурхондарё вилоятининг Денов туманида қайноға томонидан келинга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳолати бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётгани айтилди.

P.S. Агар аёлнинг гапларига ишониладиган бўлса, уни 2 йил давомида муттасил ҳақорат қилиб, калтаклаб келган шахсга арзимаган пул жаримаси қўлланиши нечоғлик адолатли, бунга масъул ташкилотлардан изоҳ кутиб қоламиз.

Top