13:12 / 04.05.2021
12475
Сурхондарёдаги қайноға-келин можароси Бош прокуратура томонидан ўрганилаётгани маълум қилинди

Ўзбекистон бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz’га Сурхондарё вилоятининг Денов туманида қайноға томонидан келинга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳолати бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, можаро тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, ОАВда ёритила бошлагач, Бош прокуратура томонидан оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.

“Ишчи гуруҳга бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова раҳбарлик қилмоқда. Ҳолат ўрганилиб, тарафлар хатти-ҳаракатига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади. Ўрганиш натижаси юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилади”, дея Ҳаёт Шамсуддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарёда қайноға келинини калтаклаётгани акс этган видео ортидан Kun.uz мухбири суриштирув ўтказиб, можарога уй-жой муаммоси сабаб бўлгани, келинини тепкилаб дўппослаган шахс Денов туманидаги «Қақнус» хусусий тиббиёт маскани эгаси, врач Гулмурод Хандалов экани, у аёлни икки йилдан бери муттасил калтаклаб келганини аниқлаган эди.

Суриштирувда жабрланувчи бу ҳақда бир неча марта маҳалла участка нозирига, туман ИИБга ва маҳалла раисига мурожаат қилганига қарамасдан, улар «далилинг йўқ», деб аёлнинг аризасини қабул қилмагани, ҳатто участка инспектори бир неча марта аёлнинг аризасини кўз ўнгида йиртиб ташлагани ҳақида ҳам сўз боради.

Аввалроқ, Сурхондарё вилоят ИИБ калтакланган аёл ҳодисаси бўйича муносабат билдириб, фуқаро мурожаатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани сабабли якуни бўйича қўшимча ахборот берилишини маълум қилганди. Бироқ, вилоят ИИБ баёнотида маҳалла-профилактика инспекторининг ҳаракатсизлиги ва қонунга зид ҳаракатларига қандай баҳо берилиши ҳақида лом-лим дейилмаган.

Top