09:36 / 12.11.2021
5305
Бўстонлиқда 56 туп кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғи ҳудудида 53 туп кўп йиллик дарахтлар ноқонуний кесилгани ҳақида хабар тарқалди.

Фото: Kun.uz / архив

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ тумани инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида ҳудудда ўсиш ҳолатида бўлган жами 56 туп, шундан, 53 туп шумтол, 2 туп бақатерак, 1 туп қизил дўлана дарахтлари ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланган.

Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан холис гувоҳлар иштирокида белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилган. Номаълум шахcларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида ўсимлик дунёсига 288 млн 792 минг сўм миқдорда зарар етказилган.

Бош прокурор матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсиддиновнинг маълум қилишича, Оқтош қишлоғи ҳудудида кўп йиллик дарахтлар ноқонуний кесилгани ва ўсимлик дунёсига 288 млн сўм зарар етказилгани ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Аввалроқ, Бош прокуратура ҳудудларда 30 фоизни ташкил этиши лозим бўлган яшил майдонлар 3-4 баробарга қисқарганини маълум қилганди.

Жорий йил август ойида бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда дарахтлар ва экинлар пала-партиш экилаётгани сабаб қуриб қолаётгани, туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини эътиборсиз қолдираётганини қаттиқ танқид қилган эди.

Top