09:41 / 10.10.2021
4265
Бош прокуратура яшил майдонларнинг 4 баробар камайганини маълум қилди. Пойтахтда ҳам рекорд натижа қайд этилган
Фото: Kun.uz

Ҳудудларда 30 фоизни ташкил этиши лозим бўлган яшил майдонлар 3-4 баробарга қисқарган. Бу ҳақида Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Ўктам Ўтаев Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида ўтказилган таҳлилларга бағишланган брифингда маълум қилди.

“Ҳудудларда яшил майдонлар 30 фоизни ташкил этиши керак. Аммо бу кўрсаткич 3-4 баробарга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди. Айни пайтда яшил майдонлар Жиззах ва Бухоро вилоятларида — 8,5 фоиз, Тошкент шаҳрида — 9 фоиз, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида — 11 фоизни ташкил қилади.

Масалан, Бекободда 51 туп қайрағоч дарахти қонунга хилоф равишда кесиб, ўсимлик дунёсига жуда кўп миқдорда зарар етказилган ва ҳолат бўйича Бекобод шаҳар инспекцияси инспекторига нисбатан жиноят иши қўзғатилган”, деди Бош прокуратура бошқарма катта прокурори.

Ўктам Ўтаевга кўра, “Прокуратура идоралари томонидан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижроси бўйича ўтказилган назорат тадбирларида дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланиб, жиддий қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 7 та жиноят ишлари қўзғатилган. Биргина Бекобод туманидаги давлат ўрмон хўжалиги раҳбари ва унинг шериклари томонидан ўрмон хўжалигига  380 528 500 сўм ҳамда Бўстонлиқдаги “AMIRSOY” дам олиш курорти йўлидаги жами 700 туп турли хилдаги манзарали ва мевали дарахтларни ноқонуний кесиш табиатга 394 229 500 сўмлик зарар келтирган. 

Жорий йилнинг август ойида бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда дарахтлар ва экинлар пала-партиш экилаётгани сабаб қуриб қолаётгани, туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини эътиборсиз қолдираётганлигини қаттиқ танқид қилган эди.

Аввалроқ, экоқўмита мутасаддиси Тошкент шаҳрида 2021 йилда экилган 75 минг дарахт кўчатининг 52 мингдан ортиғи қуриб қолганини маълум қилди.

Бундан ташқари пойтахтдаги йирик истироҳат боғларида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳам яшил майдонларнинг кескин камайишига сабаб бўлаётгани ҳақида ҳам кўп марта гапирилмоқда.

Яқинда Тошкентдаги яшил ҳудудлардан бири – айни пайтда аҳолига ёпиқ Абдулла Қодирий боғи ҳам ўта ачинарли ва қаровсиз аҳволда эканлиги маълум бўлди.

Top