19:26 / 07.05.2022
16005
Туркия Қора денгиздаги газ захиралари қанча вақтга етишини маълум қилди 

Туркия Қора денгиздан газ қазиб олиш ва уни ташишга қарийб ўн миллиард доллар сарфлашни режалаштирган.

Фото: Anadolu Agency

Қора денгиздаги газ захиралари 45 йилга етади. Бу ҳақда Адолат ва тараққиёт партияси раҳбари ўринбосари, собиқ бош вазир Бинали Йилдирим маълум қилди

«Ҳозирда Қора денгиздаги газ захиралари миқдори 540 миллиард куб метр деб баҳоланмоқда. Бу фақат бошланиши, яна давом этади. Қора денгиз дунёдаги газга бўлган эҳтиёжни 45 йил давомида қоплай олади», — деди у. 

Ўз навбатида, Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Дўнмаз Kriter нашрига берган интервюсида мамлакат 2023 йил бошларида мазкур конлардан фойдаланишни бошлашини айтди. 

Туркия Қора денгизда йирик газ захиралари топилганини 2020 йилда маълум қилганди. Сакаря конидаги газ миқдори 400 миллиард куб метрдан ортиқроқ эканлиги айтилган.

Маълум қилинишича, Туркия Қора денгиздан газ қазиб олиш ва уни ташишга қарийб ўн миллиард доллар сарфлашни режалаштирган.

Top