Ўзбекистон | 11:35 / 06.04.2021
18763
7 дақиқада ўқилади

«Асрга татигулик тадбир»: Аҳолида вакцинацияга ишончсизликнинг сабаблари нимада?

Вазирлар ва бошқа амалдорлар қачон вакцина олиб ўрнак бўлишади?

Жорий йилнинг 29-31 март кунлари Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар бўйича «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўтказган сўровда овоз берганларнинг 44 фоизи эмланмоқчи эмаслигини белгилаб жавоб босган.

Фикримизча, бу катта рақам. Зеро, гап оддий вазият ва маҳаллий эпидемия ҳақида эмас, дунёнинг турли давлатларида нечанчидир тўлқини кузатилаётган ва сўнгги 15 ойда дунё бўйлаб икки миллион тўққиз юз минг кишининг ёстиғини қуритган касаллик ҳақида кетяпти.

Нега бундай бўлмоқда деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

1. Одамлар онгидаги стереотип. Вакцинанинг хавфсизлиги ва самарадорлигига шубҳа билан қараш азалдан бор. Ҳозир бу тушунчани ўзгартиришнинг айни вақти. Аввало халққа вакциналар тарихи, уларнинг турлари ва яратилиши ҳамда ишлаб чиқарилиши ҳақида маълумот бериш керак. Бу йўлда Kun.uz жамоаси имкон даражасида маълумот беришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Афсуски, бу етарли бўлмагани кўриниб қолди. Пандемияни енгиш учун жамоавий иммунитет ҳосил қилиниши кераклиги ва бунинг учун оммавий эмланиш муҳим аҳамият касб этиши ҳақида телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа усуллар орқали тарғибот ишлари кенгроқ олиб борилиши мақсадга мувофиқ бўларди. ТВда турли кўрсатувлар, ток-шоулар ё жонли эфирлар уюштириб, аҳолига вакцина ҳақида илмий асосга ва ишончли маълумотларни етказиш ҳозир доимгидан ҳам долзарброқ. Бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Инновацон ривожланиш вазирлиги фаолроқ бўлиши талаб этилади.

2. Ўзбекистонга олиб келинаёган вакциналар ҳақида етарли маълумот берилмади. Хусусан, Европа ва дунёнинг турли нуқталарида унинг атрофида содир бўлган нохуш ҳодисалар фонида ЖССТ ва GAVI ташкилотларининг COVAX кўмак дастури орқали келтирилган AstraZeneca вакцинаси ҳақида деярли гапирилмади.

Респондентларнинг 34 фоизи Россиянинг «Спутник V», 8 фоизи Хитой–Ўзбекистон ҳаммуаллифлигидаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ва атиги 5 фоизи Ўзбекистонга олиб келиб бўлинган AstraZeneca вакцинаси билан эмланишга овоз бергани юқорида айтилганидек, бизда рўйхатдан ўтказилган вакциналар алоҳида тарғибот ва ташвиқот ишларига муҳтож эканини кўрсатади.

Россия телеканаллари ва бошқа манбалар орқали жуда кўп маълумот берилгани, айрим оммавий ахборот воситалари томонидан «вакцина дипломатияси» олиб боришга восита деб баҳоланаётган «Спутник V» вакцинасининг тарғиботига қаранг. Россия ҳукумати ва ҳукумат қўлловидаги ОАВ «Спутник V»ни қанчалар мақтаб, ташвиқ қилаётганига тўғри маънода фақат ҳавас қилса арзийди.

Умуман олганда, ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси тарғиботи билан мутасаддилар алоҳида шуғулланишлари керакдек. Зеро, аҳолини иммунизация ва вакцинация қилишда асосий препарат шу бўладиганга ўхшайди. Ҳар ҳолда ўзбекистонлик олимлар ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган ва маҳаллий корхона томонидан ишлаб чиқарилиши кутилаётган препарат. Иккинчидан, аҳолининг зиёли қатлами орасида бу вакцинага нисбатан бироз скептик қараш шаклланган. Чунки масъуллар томонидан фақатгина 3-фаза синовларидан муваффақиятли ўтган ва ЖССТ тасдиқлаган вакцинагина олиб келиниши ҳақидаги баёнотларга зид ўлароқ, 3-фаза синовлари энди бошланган ва ЖССТ ҳали тасдиқламаган вакцина харид қилинди. Бу қарор нечоғлиқ тўғри экани ва вакцинанинг самарадорлиги ҳақида тушунтириш берилиши зарур. Нега бу вакцина олиб келинди, унинг хавфсизлиги ва самарадорлиги қанақа, умуммиллий эмланишнинг неча фоизи шу препарат билан амалга оиширилиши кўзда тутилмоқда, бизда ишлаб чиқаришни бўйнига олган корхона ҳақида маълумот, ишлаб чиқарувчи корхонадан репортаж ва керак бўлса, корхона раҳбарлари билан суҳбатлар. Ҳар ҳолда гап одам ичига тушадиган ва катта ваъдалар билан олиб келинаётган препарат ҳақида кетяпти.

3. Вакцинация ва иммунизация катта ва муҳим умумиллий тадбир. Унда ҳар ким баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Оддий одамларни бирор нарсага ишонтириш ё кўндиришнинг энг самарали усулларидан бири машҳур ва эътиборли шахсларнинг ўша нарса ҳақида гапириши.

Жаҳонда ялпи вакцинацияни жуда муваффақиятли ўтказаётган ва жамоавий иммунитетга деярли эришиб бўлган давлатлар тутган йўл таҳлил қилинганда вакцина ишлаб чиқарувчилари билан тўғри музокара олиб бориш, иммунизацияни кенг тарғиб қилиш ва бошқа омиллардан ташқари амалдорларнинг шахсан ўзи вакцина олиб халққа ўрнак бўлишяпти. Жумладан, вакцинация тадбирини аъло даражада ўтказиб, барчага намуна бўлаётган Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари давлатларида ҳукумат вакиллари вакцина олиб, бундан тарғиботнинг кучли қуроли сифатида фойдаланишди. Япониянинг Кумамото шаҳри ҳокими, аниқроғи, мэри Казуфуми Ониши эса, вакцинация пунктига бориб, шарт-шароитлар билан танишган ва эмланиш жараёнини ўрганган ҳамда бу ҳақда Твиттердаги ҳисоби орқали маълум қилган. Франция соғлиқни вазири Оливье Веран ҳам коронавирус вакцинасини олганини эълон қилди. Ён қўшнимиз Қирғиз Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Алимқодир Бейшеналиев ҳам вакцина олганини эълон қилди.

Бизда эса, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 2-фаза синовларида ўзларининг оила аъзолари ҳам қатнашаётганини айтганидан бошқа давлат арбобларининг эмланиш борасида шахсий ўрнагини кўрганимиз йўқ.

Ўзбекистонда вакцинация энди бошланди. 6 апрел ҳолатига кўра юртимизда 35 мингдан ошиқ фуқаро эмланган. Бу борада бошқа давлатларга нисбатан бироз ортда қоляпмиз, масалан, қўшни Қозоғистонда ялпи вакцинация 1 февралда бошланиб, шу вақтгача 110 мингдан ортиқ аҳоли вакцина олган. Россияда эса бу жараён ўтган йилнинг 15 декабрида бошланган ва ҳозирги кунгача 7 миллиондан ортиқ одам эмланган.

Ўзбекистон аҳолиси 35 миллиондан ортиқ ва иммунизация жараёни анчагача давом этишини ҳисобга олсак, аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш, бу борада мутасадди ва соҳа мутахассислари билан суҳбатлар, савол-жавоблар ташкил этиш (керак бўлса телевидение ва Youtube тармоғи орқали жонли эфирлар уюштириш), ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тушунтириш ишларини олиб бориш лозим ва лобуд. Ҳа, эмланиш ихтиёрий бўлиши керак, бироқ пандемияга барҳам бериш ва жамоавий иммунитетга (бунда аҳолининг камида 70 фоизи касалликка қарши иммунитетга эга бўлиши шарт!) эришиш учун одамларга вакцинанинг аҳамияти ва фойдалари тушунтириш, унга қарши антипатия ва қўрқувни енгишга ёрдам бериш ва албатта шахсий намуна бўлиш муҳим аҳамият касб этади деб ўйлаймиз.

Шоакмал Исроилов

Мавзуга оид