17:04 / 14.02.2022
27576

Марҳаматдаги узрбозлик: туман ХТБ мудири ва мактаб директори ҳам ишдан олинди

Марҳамат тумани ХТБ мудири Алияхон Абдувоҳидова ҳамда узрбозлик ҳолати рўй берган 72-ИДУМ директори Муқаддамхон Ҳасанова лавозимидан озод этилган.

Муқаддамхон Ҳасанова (чапда) ва Алияхон Абдувоҳидова (ўнгда)

Халқ таълими вазирлиги Андижон вилояти Марҳамат туманидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтган узрбозлик бўйича ўрганиш натижаларини маълум қилди.

«Марҳамат туманидаги ўқитувчиларнинг ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилингани бўйича ҳолатни ўрганиш ҳамда ўқитувчилар билан учрашиш мақсадида Халқ таълими вазири Андижон вилоятига борди. 

Ўқитувчилар билан ўтказилган бевосита суҳбат натижаларига кўра, мактаб директори ҳамда Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудирини вазифасидан озод этиш бўйича хулосага келинди», дейилади вазирлик хабарида. 

Бундан олдинроқ Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар узр сўрашга мажбурлангани ортидан туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухтор Қурбонов ишдан бўшатилгани, туман ҳокими Бобур Йўлдошевга эса ҳайфсан берилгани хабар қилинганди.

Маълумот учун, 2021 йил апрелида Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири А.А. ва бир неча шахслар тил бириктирган ҳолда 216,8 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилганликда гумонланаётгани ва ҳолат бўйича жиноий иш очилгани ҳақида хабар берилганди. Лекин Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти бу иш тақдири бўйича қўшимча маълумот бермаган.

Марҳаматда нима бўлганди?

Kun.uz сайтига келган мурожаатга кўра, 4 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.

Манба сўзларига кўра, директор бошчилигида саҳнага чиқариб қўйилган ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан бош эгиб, «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.

Рўй берган воқеа ортидан Андижондаги масъул шахслар бирин-кетин муносабат билдиришиб, педагоглардан узр сўрашди. 

Халқ таълими вазирлиги узрбозлик йиғилиши бўйича ўтказилган текшириш жараёнида тўпланган материалларни Бош прокуратурага юборган.

Kun.uz суриштирувида мактаб директори туман ҳокими ўринбосарига асосланган ҳолда бу ташаббус муаллифи туман ҳокими эканини айтган эди. Буйруқни ҳоким берганини вилоят ХТБ бошлиғи ҳам тасдиқлаганди.

Йўлдошевнинг ўзи ўқитувчилардан узр сўраб қилган чиқишида гарчи айбни бўйнига олмаган бўлса ҳам, бунақа вазиятларда айтиладиган “айбдорларни топиб, қатъий чора кўрамиз” деган гапни гапирмаганди. У Kun.uz'га берган интервюсида мактаб жамоаси ва ота-оналар ҳамкорлигини кучайтириш учун тадбирлар ўтказишга топшириқ берганини тан олди, лекин айнан узр сўраттириш ташаббуси ундан чиққанини рад этди.

Шу тариқа, ҳоким, бир тарафдан, бунақа буйруқ бермаганини айтган бўлса, бошқа тарафдан унда бу буйруқни ким берган деган саволга жавоб бермаган эди.

Top