Жаҳон | 15:08 / 17.11.2025
2602
8 дақиқада ўқилади

Мексика ва Филиппинда йирик намойишлар, Фаластинга қарши Нетаняҳу ва Япониянинг “ядровий” даъволари – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Нетаняҳу Фаластин давлатига қарши

Исроилнинг муҳим иттифоқчиси бўлган АҚШ ҳамда кўплаб мусулмон давлатлар Ғазо бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлаган БМТ резолюцияси лойиҳасини маъқуллади. Унга кўра, тинчлик жараёнлари охир-оқибат Фаластин давлатига элтувчи йўлни таклиф қилади.

АҚШ президентининг 20 банддан иборат режасида бунинг учун Фаластин маъмурияти ичида ислоҳотлар амалга оширилиши шартлиги белгиланган.

Лекин айнан шу банд — Фаластин давлатига қарши бўлган исроиллик радикал, ўта ўнг етакчиларни ғазаблантирди. Улар Трамп воситачилигидаги Ғазо cулҳига ҳам қарши бўлишган эди.

Нетаняҳу сентябрда Оқ уйга қилган ташрифида Трампнинг режасини қўллаб-қувватлаган, бироқ якшанбагача Фаластин давлати масаласида янги баёнот бермаган.

Шанба куни ўта ўнг вазирлар Итамар Бен-Гвир ва Безалел Смотрич Нетаняҳуни Фаластин давлати ғоясини қоралашга чақирди.

Шундан сўнг, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу якшанба куни баёнот бериб, «ҳар қандай ҳудудда Фаластин давлатига қаршилиги, Ҳамас – осон ёки қийин йўл билан қуролсизлантирилиши»ни айтди. «Менга ҳеч кимнинг тасдиқлари, твитлари ёки маърузалари керак эмас», деди у.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш жорий йил 10 октябр куни кучга кирган. Бироқ шундан буён Исроил бир неча бор сулҳни бузиб, юзлаб инсонларни ўлдирди.

Япония ўз ҳудудига Америка ядро қуролини жойлаштирмоқчи

Япония бош вазири Санае Такаичи 1967 йилда қабул қилинган, ядро қуролига эга бўлмасликка доир давлат сиёсатининг учта тамойилини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Хусусан, бош вазир Японияга ядро қуролини олиб киришни тақиқлашдан воз кечишни таклиф қилмоқда. Чунки бу АҚШнинг минтақада тийиб турувчи салоҳиятини заифлаштиради. Ҳозир Вашингтон ядровий қуролларни Япониядаги ҳарбий базаларида ва унинг портларига кирадиган кемаларида жойлаштира олмайди.

Муҳокамалар, дастлаб Япониядаги ҳукмрон Либерал-демократик партия ичида бошланиши кутилмоқда.

Август ойида бош вазирнинг партиядоши Руи Матсукава ҳам Япония ядро қуролига эгалик қилиши ҳақида гапирган эди. «Ҳозир Япония учта ядровий давлат — Россия, Хитой ва Шимолий Корея қуршовида қолди. Бу кучга таяниш заруратини оширади», деганди Матсукава.

Япония сўнгги марта миллий хавфсизлик стратегияси 2022 йил 16 декабрда янгиланган. Унда мамлакатнинг эҳтимолий душман ҳудудидаги нишонларга қарши зарба бериш ҳуқуқи ҳақида сўз боради.

Украина Франциядан қирувчилар олмоқчи

Украина президенти Володимир Зеленский 17 ноябр куни Франция билан ҳаво мудофааси имкониятлари, ҳарбий самолётлар ва ракеталар етказиб бериш бўйича келишувларни имзолаши кутилмоқда.

«Франция билан ҳам тарихий келишув тайёрланди — жанговар авиациямиз, ҳаво мудофаамиз ва бошқа мудофаа имкониятларимиз сезиларли даражада кучаяди. Ташриф жадвалига кўра, бу душанба куни содир бўлади», деди Зеленский.

Reutersʼнинг икки манбасига кўра, душанба кунги ташриф Киевга янада кўпроқ натижалар беради. У Украинага кўп функцияли «Rafale» жанговар самолётларини тақдим этилишини билдирувчи авиация келишувини ўз ичига олиши мумкин.

Уларнинг баъзилари бевосита Франция захираларидан берилиши мумкин. Аммо асосий қисми узоқ муддатли бўлиб, Украинанинг 10 йилликда 250 та қирувчи самолётдан иборат ҳаво флоти яратиш режасига киради.

Шунингдек, Франция Украинага ракеталар ва дронларга қарши тизимлар ҳам бериши мумкин. Манбалар бу келишувлар қандай молиялаштирилиши номаълумлигини айтишди.

Шу вақтда эса Украинадаги уруш тинмаяпти. Харкив вилояти ҳарбий расмийига кўра, душанбага ўтар кечаси Балаклия шаҳрига Россия томонидан ракета зарбалари уюштирилган. Натижада уч киши ҳалок бўлди. 10 киши яраланди, улар орасида уч нафар бола ҳам бор.

Мексикада йирик намойишлар

15 ноябр куни минглаб намойишчилар Мексика пойтахтидаги жиноятчилик ва президент Клаудиа Шейнбаум ҳукуматига қарши норозилик билдириш учун йиғилди.

Полиция маълумотига кўра, Мехико шаҳридаги намойишларда 100 нафар полиция ходимлари ва камида 120 киши жароҳатланди. Намойишчилар президент яшайдиган Миллий саройни ҳимоя қилувчи тўсиқнинг айрим қисмларини бузиб ташлади. Мажмуани қўриқлаётган полиция намойишчиларга кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.

Шаҳар хавфсизлик бошлиғига кўра, талончилик ва ҳужум каби жиноятлар учун 20 киши ҳибсга олинган.

Президент Шейнбаум хоним бу намойишлар унинг ҳукуматига қарши бўлган ўнг қанот сиёсатчилари томонидан молиялаштирилганини айтди.

BBC'нинг ёзишича, намойишлар «Z авлод» ёшлари томонидан ташкил этилган. Уларга яқинда Уруапан шаҳри мэрининг ўлдирилишига қарши норозилик билдираётган фуқаролар қўшилган. Аввалроқ фестивалда отиб ўлдирилган мэр, Карлос Манзо — наркотик савдоси билан шуғулланувчи картелларга кескин чоралар кўришни талаб қилганди.

Президент Шейнбаум эса ўзининг биринчи йили давомида фентанил савдосига қарши курашда сезиларли натижаларга эришган. Аммо у мамлакатдаги жиноятчи картеллар зўравонлигини тўхтата олмагани учун танқид қилинмоқда.

Флиппинда ҳам намойишлар

Мексика ортидан дунёнинг бошқа чеккаси — Флиппинда ҳам якшанба куни юз минглаб одамлар уч кунлик митингга тўпланди. Улар йирик давлат амалдорлари ва қонунчилардан сув тошқинларини назорат қилиш бўйича коррупция можароси учун жавобгарлик талаб қилишмоқда.

Коррупция можароси марказида — давлат томонидан молиялаштирилган сув тошқинларидан ҳимоя лойиҳалари бўлиб, яқинда улар сифатсиз ёки ҳатто мавжуд эмаслиги ҳақида маълум бўлганди.

Хусусий пудратчилар «сохта лойиҳалар» орқали маблағни ўзлаштирганликда ҳамда сув тошқинларидан жиддий зарар кўраётган ҳудудларда сифатсиз инфратузилма тақдим этганликда айбланмоқда.

Айбловларда айрим қонунчиларнинг номларини тилга олиб, улар қурилиш компанияларидан пора олганини даъво қилган.

Сув тошқинларини назорат қилиш филиппинликлар учун жуда сезгир масала, чунки улар иқлим инқирозидан энг кўп жабрланган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Бу намойиш ҳам яқинда содир бўлган икки тўфон ортидан юз бермоқда. Ушбу тўфонларда 250 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Филиппин президенти Фердинанд Маркос аввалроқ намойишларини тинчлантириш мақсадида, ушбу ишга алоқадор бўлган кўплаб сенаторлар, конгрессменлар ва бизнесменлар янги йилгача қамоққа тушишини айтганди.

Хитойда йирик олтин кони топилди

Хитой ҳукумати бир неча кун олдин — мамлакатда 1949 йилдан бери энг йирик олтин кони топилганини эълон қилди.

Табиий ресурслар вазирлигига кўра, шимоли-шарқда жойлашган Дадонггоу олтин конида қарийб 1,5 минг тонна тасдиқланган олтин захиралари мавжуд.

Давлатга қарашли Global Times нашрининг хабар беришича, кон аллақачон иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик бўйича баҳолашдан ўтган. Бу уни ривожлантиришга йўл очади.

Ҳудуд — «улкан, очиқ усулда қазиладиган» кон сифатида таснифланган. Расмийларнинг айтишича, 720 метр баландликдан юқоридаги ҳудудда тахминан 2,586 миллиард тонна рудалар мавжуд бўлиб, ҳар бир тоннада ўртача 0,56 грамм олтин бор.

Хабарда айтилишича, кон одатдагидан анча тез — 15 ойлик қидирув жараёнидан сўнг аниқланган. Келажакда «қисқа циклли, юқори сифатли» минерал тадқиқотлари учун намуна бўлиши мумкин. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид