Жамият | 16:38 / 03.12.2020
11377
10 дақиқада ўқилади

Дискриминация, кўзбўямачилик ва ишламайдиган қонун. Эшитиши заиф инсонларни ким эшитади?

Ўзбекистонда 35 минг нафар эшитиши заиф одамлар яшайди. Уларнинг атиги бир фоизи иш билан таъминланган. Улар ҳам соғлом одамлар қатори ишлашга ҳаракат қилишади, лекин ишга киришдаги муаммолар, нотенг иш шароити бунга имкон бермаяпти. 2017 йилда футзал бўйича жаҳон чемпиони бўлган ўзбекистонлик кар-соқовлар жамоаси эса машғулотларни қишда ҳам очиқ ҳавода ўтказишяпти, спортзал эса хароб аҳволда...

Биз кундалик ҳаётда эшитадиган товушлар шу қадар кўпки, кўпинча уларнинг ҳаммасини эшитаверишдан чарчаймиз.

Лекин атрофимизда шундай одамлар борки, улар эшитишмайди, биз ҳам уларни эшитмаймиз, яъни уларнинг кўпчилиги гапиролмайди ҳам. Лекин уларнинг ҳам ўз тили бор, улар шу тилда гаплашишади, муҳокамалар қилишади, фикрини ифода этади.

Шунингдек, улар бизни тушунишади, улар бизга яқин, улар биз билан битта шаҳарда, битта маҳаллада, битта кўчада, эҳтимол, битта шифт остида яшайди.

Биз уларни шунчаки кар-соқовлар деб биламиз. Аслида, улар биз билан бир хил. Улар бошқалар каби ўқиши, ишлаши мумкин, лекин уларга биздай бўлишга, бир хил ишлашга, бир хил шароитда яшашга айнан биз – соғломлар имкон бермаяпмиз.

«Уларнинг қўл-оёғи бутун, тиланчиликдан кўра ишлашни хоҳлашади»

Шу сабабли бугун Ўзбекистонда 35 минг нафар кар-соқовларнинг атиги 1 фоизи иш билан таъминланган, холос.

«Кар-соқовларни иш билан таъминлаш эса жуда оғир масала. Сабаби уларнинг тилини тушунадиганлар жуда кам.

Уларнинг қўл-оёғи бутун, улар тиланчилик қилишдан кўра ишлашни хоҳлашади», – дейди Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқов.

Ойбек Исоқов

Яқинда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди (қонун 2021 йил 16 январдан кучга киради). Унда 20 кишидан кўп одам ишловчи ташкилотда ногиронлар учун 3 фоизлик алоҳида квота ажратилиши назарда тутилган.

Ойбек Исоқовнинг сўзларига кўра, бунга оид норма азалдан бўлган, аммо амалда деярли ишламаган.

«Меҳнат биржасига борилса, уларга ҳам умумий вакансия кўрсатилади, лекин умумий вакансия орқали ишга боришса, ногиронлигини кўриб, биз бу ўринга одам олиб қўйдик, дейишади», – дейди Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси.

«Бизга гапирадиган ишчилардан кўра камроқ ойлик беришарди»

Гули Алиева ва Жумагул Жуманиёзова ҳам эшитмайди. Улар шу кунга қадар кўп жойларда ишлаб кўришган. Ишсиз пайтлари эса иш топишга ҳаракат қилишган. Улар ҳозир ҳам ишсиз.

Жумагул Жуманиёзованинг айтишича, ишлаган жойларида кар-соқов ходимларни ажратиш ҳолатларига кўп дуч келган.

«Масалан, аккумулятор заводида ишлаганимда, биз соқовларни олиб қолиб, ҳудудни супуртиришарди. Гапира оладиган ишчилар эса уйига кетарди», – дейди у.

Жумагул Жуманиёзова

Жуманиёзованинг айтишича, у ишга кирмоқчи бўлиб кўп ҳаракат қилади. Лекин ишга кирган жойларида ойлигини кам қилиб беришади ёки озгина камчилик билан ишдан ҳайдашади. Гапирадиган одамлар билан бир хил ишласа ҳам, камроқ ойлик беришган.

«Агар мен ҳам гапира олганимда, ишга киришим осон бўларди, яхши жойда ишлардим. Чунки меҳнат қила оламан. Соқовларни ажратишади, агар гапира олганимда, мени ажратишмаган бўларди», – деб ҳисоблайди у.

«Президент келганда янгиликларни ўқиб хурсанд бўлган эдим...»

Блогер Маъмур Аҳлиддинов эшитиши заиф бўлган фуқаролар муаммолари ҳақида доимий материаллар эълон қилиб боради. У кар-соқов инсонларнинг кўчада брелоклар, байроқчалар сотиб кун кўришидан хавотирда. Улар ҳам ўқимишли бўлиши, яхши жойларда ишлаши мумкин, деган фикрда.

2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев Карлар маданият марказига ташриф буюрганда, аҳолининг мазкур қатлами саводхонлиги, тарбияси, ишлаши, дам олиш ва даволаниш шароитларини яхшилаш мақсадида алоҳида қарор тайёрлаш бўйича топшириқ берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Президент келганда янгиликларни ўқиб хурсанд бўлган эдим. Президент карларнинг ҳам шароитини яхшилаш учун буйруқ берган эди-ку. Иш билан таъминлаш, таржимонларга қулайликлар яратиш ҳақида», – дейди Маъмур Аҳлиддинов. Аммо, унинг айтишича, икки йил ичида сезиларли янгилик бўлмаган.

«Президент келганда мана шу ерда тикув цехи очилган эди. Ётоқхона ҳам яқин жойда, ишга қабул қилишган эди. Кўпчилик, мен ўзим ҳам хурсанд бўлган эдим. 2та блок номаълум сабабларга кўра бегоналарники эди, ҳозир учинчи блок ҳам бегоналарники бўлган, ҳокимият эса бизга жавоб бергани йўқ», – дейди блогер.

«Ташриф арафасида очилган тикув цехи ёпилиб кетди, шундан бери ишсизман»

Ўша ташриф давомида президент Ўзбекистон карлар жамияти ҳудудида ташкил этилган ва 100дан зиёд хотин-қиз ишга жойлаштирилган тикувчилик корхонаси билан ҳам танишган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

«2018 йилда кар-соқовлар ҳудудимизда айнан биз учун тикув цехи очилганди. Мен ўша ерда ишлаганман, лекин цех ҳозир ёпилган. Ўша ерда ишлаганимда ҳам ойлигим жуда кам эди. Мен 600 минг сўм олган бўлсам, бошқа гапирадиган ишчилар 800-900 минг оларди. Мен эшитмаганим учун нимага унақа эканини билмасдим.

Ҳозир тикув цехидан бўшаганимдан бери ҳеч қаерда ишламайман, лекин меҳнат биржаси орқали сартарошлик курсида ўқияпман. Битта ўғлим бор, уни онамга бериб юборганман, ишламаганим учун боқишга кучим етмайди», – дейди ўша тикув цехида ишлаган Гули Алиева.

«Давлатнинг ўзи ҳам талабни бажармаяпти»

Ногиронлар жамияти раиси Ойбек Исоқовнинг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган шахсларни 3 фоизлик квота асосида ишга олишни даставвал давлат ташкилотларида жорий этиш лозим.

«Давлат ўзи намуна бўлиб ўзидан, бошласа бўларди. Тадбиркор ҳам «давлат ўзи 3 фоизлик квотани бажармаяпти, нега бизга осиласиз», деб айтиши мумкин.

Кореяда давлат ташкилотларида 7 фоиз ногиронлар ишлайди. Ўзбекистонда эса давлат ташкилотларида 0,001 фоиз ногиронлар ишлайди.

Нима қилиш мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Ногиронларни ишга жалб қиладиган корхоналаримиз ҳам бор. Давлат квота асосида улар ишлаб чиққан маҳсулотларни сотиб олса, давлатнинг пули ногиронларни иш билан таъминлашга кетарди», – дейди Ойбек Исоқов.

Президент ташриф буюрганда кар-соқовлар спорт зали таъмирланган деб хабар берилган

Имконияти чекланганлар спорти ҳам ачинарли аҳволда. 2017 йилда футзал бўйича жаҳон чемпиони бўлган ўзбекистонлик имконияти чекланган ёшлар эсингиздами?

2017 йил Таиландда бўлиб ўтган U-18 World Deaf Futsal Championship ғолиби бўлган Ўзбекистон терма жамоаси

Ўшанда ҳамма ғурурланган, хурсанд бўлган эди. Лекин Ўзбекистон байроғини юқори кўтарган ўша ёшларнинг баъзилари ҳозирги совуқда ҳам очиқ ҳавода шуғулланяпти.

Кўпчилик эса жамоани ташлаб кетган.

Жамоа шуғулланадиган залнинг аҳволи эса жуда хароб. Бино таъмирга муҳтож, иситиш тизими ишламайди.

Лекин президент 2018 йилда Кар-соқовлар маданият марказига ташриф буюрган пайтда кар-соқовлар спорт зали ҳам таъмирланди, дея хабар берилган. Аслида эса, спортзал қачон таъмирланганини бино аҳволига қараб ҳаттоки тахмин қилиб бўлмайди.

Президент ташрифи арафасида, афтидан спортзалнинг фақат фасади таъмирланган холос. Ушбу суратдаги футбол майдонининг ортида кўриниб турган спортзал биносининг ичкарисидаги аҳвол бугун қай ҳолда эканини юқоридаги суратларда кўришингиз мумкин.

«Чемпионларимиз бор, лекин шароитимиз йўқ»

Эшитиши заиф ёшлар жамоаси мураббийи Муроджон Аҳмедовнинг қайд этишича, агар ёшларга имконият яратиб берилса, улар 2017 йилги натижасидан ҳам каттароқ ютуқларга эришиши мумкин.

«Спорт бўйича ҳам жаҳон ва Осиё чемпионларимиз бор. Лекин афсуски, республика бўйича ногиронларнинг спорт билан шуғулланиши учун марказлар йўқ. Паралимпия қўмитаси бор, лекин уларнинг ўзларида муаммолар етарли.

Масалан, Қозоғистонда ногиронларни спортга жалб қилиш марказлари бор. Бу марказларда ҳамма шароит қилинган. Бизда чемпионлар бўла туриб ҳеч нарсамиз йўқ», – дейди афсус билан Ойбек Исоқов.

Эшитиши заиф инсонлар орасида маълумотлилар жуда кам

Рустамбек Ғоибов 2017 йили чемпион бўлган жамоа аъзоларидан бири, ҳозир у билан яна икки киши жамоада. Қолганлар турли сабаблар билан ё футболни, ё жамоани тарк этган.

«Мен заиф этишувчиман, лекин гапирадиганлар жамоасида катта футболда ўйнаш орзуйим бор. Мана ҳозир шуғулланяпмиз, олдинда катта мусобақалар бор. Ҳозир ўсиш учун кўп машқ қилишим керак. Ғолиб бўлиб келишга умид қиламиз.

Тўғрисини айтсам, биз заиф эшитувчиларга ҳам эътибор керак. Яхши натижаларни кўрсатиш учун шароитлар керак. Фақат футболдан эмас, бошқа спорт турларини ҳам ривожлантириш керак. Давлат томонидан бироз шароит яратиб берилса, залларимиз таъмирлаб берилса, келажакда Олимпия ўйинларида яхши натижалар кўрсата олишимизга ишонаман», – дейди у.

Спортчининг айтишича, Ўзбекистонда эшитиши заиф одамлар ўртасида маълумотлилар жуда кам. Уларга билим, маълумот керак.

«Вилоятларда ўртоқларим бор. Билими йўқлиги учун институтларга кира олишмаган. Шу сабаб билан ёмон йўлларга тушиб қолишлари мумкин. Уларнинг ҳам маълумоти бўлса, ўз йўналишида ишласа яхши бўларди», – дейди жаҳон чемпиони Рустамбек Ғоибов.

Мақоламизни ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқовнинг қуйидаги сўзлари билан якунлашни жоиз топдик:

«Ногиронларга пенсия эмас, иш керак. Биз ҳам ишлашни хоҳлаяпмиз. Биз бировга муҳтож, бировга юк бўлишни хоҳламаяпмиз. Ишлаш орқали бизнинг ҳам ватанимизга, халқимизга нафимиз тегсин».

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид