Жаҳон | 10:44 / 27.12.2025
4184
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади

Қирғизистонда 2026 йил 1 апрелдан ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 100 фоизга оширилади. Натижада қирғиз педагогларининг ўртача маоши 26 минг сомдан (3,6 млн сўм) 52 минг сомга (7,2 млн сўм) кўтарилади. Шифокорларники эса 31 минг 500 сомдан (4,3 млн сўм) 62 минг 500 сомга (8,6 млн) етади.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб педагогик ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 100 фоизга оширилади. Бу ҳақда Халқ қурултойида давлат раҳбари Садир Жапаров маълум қилди.

«Ўқитувчи миллат келажагини шакллантиради, шифокор эса инсоннинг соғлиги ва ҳаётини асрайди. Бироқ бугун биз уларга нисбатан қўпол муносабат, ҳурматсизлик, ҳатто зўравонлик ҳолатларига ҳам дуч келмоқдамиз. Бу маданиятсизликнинг энг юқори даражасидир. Биз ушбу икки муқаддас касб эгаларига муносиб обрў-эътибор ва жамиятдаги юксак мақомини қайтаришимиз шарт. Давлат органлари, фуқаролик жамияти, ҳар бир оила — барчамиз ўқитувчи ва шифокор нуфузини мустаҳкамлашга мажбурмиз. Фарзандларимизни ўқитаётган ва бизни даволаётган инсонларга етарли ҳурмат бўлмагунча, чинакам маданиятли ва ривожланган мамлакат бўла олмаймиз», — дея таъкидлаган Жапаров.

Қирғизистон президентининг қўшимча қилишича, ҳозирда қирғиз педагогларининг ўртача иш ҳақи 26 минг сомни (3,6 млн сўм) ташкил этади. 2026 йил 1 апрелидан кейин бу кўрсаткич қарийб 52 минг сом (7,2 млн сўм) бўлади. Ўқитувчиларнинг маоши таълим даражаси, педагогик стаж, малака тоифаси, ҳудудий жойлашув, ўқитиладиган фан ва ҳафталик дарс юкламасига қараб белгиланади.

«Масалан, шаҳар умумтаълим мактабида педагогик стажсиз, ўрта махсус педагогик маълумотга эга ёш ўқитувчининг иш ҳақи 1 апрелдан 36 минг 800 сомни ташкил этади, солиқ ва ижтимоий ажратмалардан сўнг қўлига тахминан 31 минг 200 сом олади.

Туман коэффициенти 1,8 бўлган олис тоғли ҳудудда яшаб ишлаётган, 30 йилдан ортиқ педагогик стажга эга математика фани ўқитувчисининг ҳозирги маоши 65 минг 800 сом бўлса, келаси йил 1 апрелдан 97 минг 600 сомга етади», — деган у.

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирда шифокорларнинг ўртача иш ҳақи 31 минг 500 сом (4,3 млн сўм)ни ташкил этади, 1 апрелдан эса 62 минг 500 сомга (8,6 млн сўм) етади, солиқ ва бошқа йиғимлардан сўнг уларнинг қўлларига тегадиган пул 50 минг сом атрофида бўлади.

Маълумот учун, 2025 йилнинг 1 октябр ҳолатига Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ўртача маошлар 4 млн 188 минг сўмни, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида 3 млн 765 минг сўмни ташкил этган

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид