Жамият | 20:32 / 01.12.2022
30858
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўқувчи қизлар кечқурун юпун кийинган ҳолда ҳокимиятнинг тадбирига жалб қилинди

Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов бошчилигидаги мутасаддилар иссиқ кийим кийиб олган ҳолда, ўқувчи қизлар юпун кийинган бўлган. “Ёшлар дафтари”да турганларга субсидия асосидаги меҳнат қуроллари ва сертификатларни топшириш тадбирига гўёки байрамоналик бағишлаш учун болалардан фойдаланилган.

Фото: Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Охирги бир неча кунда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиб, совуқ тушди. Шунга қарамай, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги томонидан кечқурун ўтказилган тадбирга юпун кийинган ўқувчи қизлар жалб қилинган. Ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Ёшлар ишлари агентлигининг Шаҳрисабз шаҳар бўлими ва сектор раҳбарлари “Ёшлар дафтар”ида турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сертификатлар топшириш учун 1-мактаб ҳовлисида тадбир ташкил этишган.

Фото: Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Гарчи тадбир мактабга ва таълимга алоқаси бўлмаса ҳам унга юпун кийинган ёш ўқувчи қизлар жалб қилинган. Тадбирдан сўнг бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ўзининг Telegram-каналига пост қўйган.

Постга илова қилинган фотосуратларда шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов бошчилигидаги мутасаддилар тунда ўзлари иссиқ кийим кийиб олган ҳолда, уларнинг олдида турган камида 6 нафар қиз юпун кийингани акс этган. Ҳозирда суратлар каналдан ўчириб ташланган.

Ҳокимлик каналидан ўчириб ташланган пост

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ўз муносабатида ҳокимлар, сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъулларига турли тадбирларни ташкил этаётганда мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларини жалб қилмаслик бўйича доимий огоҳлантириш бериб келинаётганини таъкидлаб буни яна бир бор эслатган.

“Афсуски, шунга қарамай ушбу суратдаги каби аянчли ҳолатлар юзага келмоқда. Болаларнинг мактабдан ташқари вақтларда тадбирга жалб этилиши ва энг ачинарлиси, совуқ об-ҳаво шароитига қарамай уларнинг юпун кийимларда эканлиги ушбу ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби, деб ҳисоблаймиз”, дейилади муносабатда.

ХТВ матбуот котиби жойлардаги ХТБлар ва мактаб раҳбарларини Шаҳрисабздаги ҳолатдан тегишли хулосалар чиқарган ҳолда, бундай ҳаракатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирган.

Шаҳрисабзда бўлган ҳолат биринчиси эмас. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида совуқ ҳавода мактаб ўқувчилари бўлган ёш қизларни таълимга ва мактабга алоқаси бўлмаган турли тадбирларга жалб қилиш тез-тез содир бўлади.

  • 2020 йил 19 ноябрда Андижон шаҳридаги 43-сонли мактабга “Янги Ўзбекистон – Янгича дунёқараш” шиори остида кўзга кўринган зиёлилар, санъат ва фан-маданият ходимлари борган. Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, меҳмонларни кутиб олишга ёш қизчалар юпун ҳолда чиқарилган.
  • 2020 йил 20 ноябрда Бахмал туманидаги кутубхона очилиши маросимига ёш қизчалар юпун кийимда жалб қилинган. Улар бир қанча вақт совуқ ҳавода туришга мажбур бўлган.
  • 2022 йил 14 февралида “Олтин мерос” жамғармаси томонидан Қибрай туманида жойлашган 2-сонли мактабда Бобур таваллуди муносабати билан ўтказилган тадбирга меҳмонларни кутиб олиш учун ёш қизлар юпун кийинтирилиб олиб чиқилган.

Мавзуга оид