Ўзбекистон | 13:11 / 18.11.2025
1629
2 дақиқада ўқилади

Бинолар зилзилабардошлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, лойиҳалаштириш амалиёти сейсмик хавфни аниқроқ инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади, зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар учун тўловлар қисқартирилади ва жараёнлар “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимига интеграция қилинади.

Фото: Kun.uz

2025 йил 17 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 727-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш амалиёти зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базасидан келиб чиқиб амалга оширилади. Бу эса сейсмик хавфни ҳудудий хусусиятлардан келиб чиқиб аниқроқ баҳолаш имконини беради.

Шунингдек, 2027 йил 1 октябрга қадар MSK-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори балли сейсмик фаол зоналарда махсус сейсмик ҳимоялаш ускуналари ёрдамида лойиҳалаштиришга устуворлик бериладиган объектлар турлари тасдиқланиши белгиланган.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан:

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 октябрдаги 603-сон қарори асосида бериладиган зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса учун ундириладиган тўлов миқдори 50 фоизга қисқартирилади;
бир хил серияли объектларга илмий хулосалар фақат бир маротаба тўлов асосида берилади, шу турдаги кейинги объектлар лойиҳаларига илмий хулоса бериш учун тўлов ундирилмайди.

Шу билан бирга, зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш жараёни “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига интеграция қилинади. Бу қурилиш соҳасида очиқлик ва шаффофликни ошириш, қарор қабул қилиш жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид