Ўзбекистон | 10:10 / 23.07.2023
17566
4 дақиқада ўқилади

Охири кўринмайдиган навбатлар, бир дунё қоғозу асабий сарсонгарчилик: 4-5 йил олдин абитуриентлар қандай ҳужжат топширарди?

Ҳозир ОТМга ҳужжат топшириш, рухсатномани юклаб олишни онлайн амалга ошириш, имтиҳонни ҳам яқин ҳудудда топшириш имкони бор. Бундан 4-5 йил олдинги абитуриентлар эса ҳужжат топшириш учун ҳам, рухсатномани олиб кетиш учун ҳам йўл босиб ОТМнинг ўзига келишлари керак эди. Энг ёмони, ўқишга топшириш учун бир папка ҳужжат тўплаш керак бўларди.

Фото: Kun.uz

Папкада паспорт нусха, расмдан тортиб тиббий саломатлиги тўғрисидаги 086-формагача бор эди. Ҳатто баъзилар эҳтиёт шарт маҳалладан маълумотнома ҳам олишарди. Ҳозир эса абитуриентда фақат паспорт ёки ID-карта (агар умумтаълимни аввалги йил битирган бўлса, шаҳодатнома ёки коллеж/лицей дипломи) бўлса етарли.

Ҳужжат топшириш жараёни қандай эди?

Абитуриентлар 2019 йилгача фақат битта ОТМни танлашлари мумкин эди. 2019 йилдан бошлаб 3 та таълим йўналишини танлаш имкони пайдо бўлди. Ва танлаган йўналишига ҳужжат топшириш учун ОТМнинг ўзига бориб, Қабул комиссиясига ҳужжатларини топширишлари лозим эди.

2019 йилги қабул жараёни.
2019 йилги қабул жараёни.
2019 йилги қабул жараёни.
Тунги 00:00 га яқин ОТМлардан бирида энг сўнгги бўлиб рўйхатдан ўтган абитуриент. 2019 йил.
2019 йилги қабул.
- Туғруқхонадан келиб чақалоғи билан ҳужжат топширган ёш она. 2019 йилги қабул.
2019 йил қабул.
2019 йил қабул.
2019 йил қабул.

Ҳужжатлар қисқариши, имтиҳоннинг пулли бўлиши, қабул тизими ўзгариши

2019 йил. Қабулга оид баннер.

Юқоридаги баннерда кўринганидек, 2019 йилги қабулда абитуриентлардан иш папкаси, 5 та расм, тиббий маълумотнома, паспорт нусха каби ортиқча нарсалар сўраш бекор бўлган. Масалан, мен ҳужжат топширган 2016 йилда бу ҳужжатлар талаб қилинарди (ҳар эҳтимолга қарши маҳалладан ҳам маълумотнома олгандим).

Абитуриентнинг саломатлиги тўғрисидаги 086-У-форманинг бекор қилиниши ҳам кўпчиликни қувонтирган.

Бундан ташқари, 2019 йилги абитуриентлар илк марта кириш имтиҳонида қатнашиш учун БҲМнинг ярим баравари миқдорида тўлов қила бошлаган. Биринчи марта бўлгани сабабли банкка бориб тўлов қилиш керак бўлгани учун бир кунда ҳужжат топшириб кетиш қийин, тушунмовчиликлар бўларди.

2019 йил.

Шу йили абитуриентлар учун уларнинг саволларига жавоб берадиган Call-марказ ташкил қилинган.  

Бундан ташқари, 2019 йилда дастлаб 5 та ОТМга Давлат хизматлари марказлари ёки My.gov.uz портали орқали ҳужжат топшириш имкони пайдо бўлган.

2020 йилдан эса, ниҳоят, ҳозирги қулай ҳужжат топшириш тизими – онлайн қабул ва онлайн тўлов тизими ишга тушди.

Бир нечта ОТМга ҳужжат топшириш имкони

2019 йилда дастлаб, абитуриентларга 3 та йўналиш танлаш имкони берилганди.

2020 йилдан эса 5 та йўналиш танлаш имкони берилди,  шу йилги қабулдан бошлаб 5 та фандан имтиҳон тизимига ўтилиши керак эди.

Бироқ пандемия сабаб имтиҳон истисно тариқасида фақат 2 та мутахассислик фанларидан олинганди. 2021 йилги абитуриентлар эса 5 та фандан имтиҳон топширган биринчи авлод бўлди.

Имтиҳон жараёнлари

2019 йилдан бошлаб абитуриентлар ҳужжат топширган ОТМ жойлашган ҳудудда эмас, балки ўзига қулай ҳудудда имтиҳон топшириши мумкин бўлди.

кириш имтиҳонлари. 2019 йил.
кириш имтиҳонлари. 2019 йил.
кириш имтиҳонлари. 2019 йил.
жарроҳлик амалиётидан чиқиб имтиҳонга келган абитуриент. 2019 йил.

Ҳозир-чи?

2023 йилги қабул тугаб, имтиҳонлар бошланишига ҳам оз фурсат қолди. Ҳозир абитуриентлар ҳужжат топширишдан тортиб то талаба бўлгунча ОТМга боришмайди (ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар бундан мустасно, улар имтиҳон топшириш учун ОТМга боришади). ОТМга бориб навбатда туриб ҳужжат топширган охирги авлод абитуриентлари (2019 йил талаба бўлганлар) ҳам бу йил ОТМни тугатишди.

Қабулдаги узун навбатлару асаббузарликлар эса фақат хотираларда қолди.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади

Мавзуга оид