Ўзбекистон | 19:05 / 21.02.2026
9025
5 дақиқада ўқилади

Халқни қўрқитишга асосланган бошқарув – давлатни заифлаштиради

Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти: “Қаттиққўл бўлмасам, халқни тийиб туролмайман” деб ҳисоблади. Сурункали қатағонларга учраган жамият эса давлатга ишонмай қўйди. Давлат ва жамият бир-биридан қўрқиб яшади: на халқда, на ҳокимиятда ҳаловат бор эди... “5 дақиқа”нинг бу сонида таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг “Эркин миллат пойдевори” асари ҳақида гаплашамиз.

“Сўз ва фикр эркинлиги ҳар қандай ҳукуматга реал вазиятни билиб туриш имконини беради. Ҳокимиятлар, амалдорлар: “Биз сўз эркинлигисиз ҳам вазиятни яхши биламиз”, дейиши мумкин, лекин бундай фикрлаш хато эканини яқин тарих жуда кўп марта исботлади. Сўз ва фикр эркинлиги ҳар куни ўнлаб, балки юзлаб қарорлар қабул қиладиган амалдорларга манипуляциядан қочиш, ахборот манбаларини диверсификация қилиш, вазиятга ҳар томонлама назар ташлаш имконини беради. Жамиятдаги муҳокамалар эса ғоя ва ечимлар тақчиллигининг олдини олади”, – дея ёзади Раббимов.

Асарда бу шу каби кўплаб фойдали мулоҳазаларни учратиш мумкинки, ҳар бири кундалик ҳаётимиздан олинган ва шунчаки, эскича назарий қарашлар эмас, деган бўлардим.

Тан олиш керак, ушбу китобга муаллиф бўлиш ҳам, бу мавзуда олтин ўрталиқни топиб гапириш ҳам осон эмас. Чунки сиёсатшунос кўпчилигимиз учун ҳали совиб улгурмаган кечаги маъмурият ва айни пайтда биз ичида яшаб турган ҳукумат ҳақида гапирган, жуда чуқур таҳлилларни берган.

Раббимовга кўра, ХХ аср давомида ўзбек халқи бир неча бор қатағонга учради, оғир тоталитар тажрибани бошдан кечирди. Бу фожиалар асрида миллат руҳиятига қўрқув чуқур сингиб борди. Давлат ва халқ томонидан содир бўлган келажак хатоларнинг аксариятига айнан ўша қўрқув сабаб бўлди.

Давлатдан қўрқиш ва унга ишонмаслик кайфияти Ўзбекистон ижтимоий тафаккурининг марказий хусусиятига айланиб улгурди. Муаллиф бу ҳолатни ака-укадек бир-бирига яхши таниш, бироқ ўзаро иттифоқлаша олмайдиган оғайниларга ўхшатади. Бир томондан, давлат “халққа ишонсам, у мени заифлаштириши, ағдариши мумкин” деган хавотирда яшаган бўлса, жамият “давлат доимо мени босиб келган, уни енгмай туриб, эркин бўлолмайман”, деган муносабат билан шаклланди.

Бироқ дунё миқёсида ҳам давлат учун энг заиф ҳолат – бу ўз жамиятига ишонмасликдир, дейди муаллиф. Жамиятидан қўрқадиган давлатлар аксарият ҳолда ташқи ҳомий ёки “катта оға”лардан таянч излайди. Аксинча, жамиятига суяна олган, халқ иродасига таянган давлатлар қудратли ва барқарор бўлади. Ўзбекистон мисолида биринчи маъмурият даври айнан ишончсизлик оқибатида заифлашган давлат ва бўшашган жамият манзарасини намоён этди.

Амалдаги ҳокимият нимага урғу бермоқда, дейди Раббимов. Масалан, одамлар вазир ким, ҳоким ким, таний бошлади, прокурор ёки ички ишлар ходими билан суҳбатлашиш мумкинлигини, уларни саволга тутиш айб эмаслигини ҳарқалай амалда кўряпти. НКВД вориси бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳ қилинди, йўқолиб қолишлар, маска-шоулар камайди, Жаслиқ аталмиш “қўрқув оролчаси” тугатилди.

Ўзбекистон душман образидан воз кечди. Ёнимиздаги давлатлар дўстимиз эканлиги, улар билан яхши алоқада бўлиш заифлик эмас, куч сифатида баҳолана бошлади.

Расмий оммавий ахборот воситаларимиз “Ўзбекистонда қашшоқлик йўқ”, “бизнинг ютуқларимизни дунёнинг ўзи кўролмаяпти”, деган гапларни деярли тўхтатди.

Сўз ва матбуот эркинлиги соҳасида ҳам жиддий бурилиш юз берди. Йиллар давомида муҳрланган долзарб мавзулар оммавий муҳокамага чиқди, интернет ва ижтимоий тармоқлар фуқаролар минбарига айланди. Танқид учун таъқиблар ва тазйиқлар сезиларли даражада пасайди – мамлакат ичида туриб, энг оғриқли муаммолар ҳақида ошкора ёзиш ва эфирга чиқиш имконияти пайдо бўлди.

Ўйлайманки, бу китоб барча даврларга, маъмуриятларга бирдек тегишли.

Асарда 20 та мавзу бор. Ўтмишдаги сиёсат таҳлили, давлатга ишончсизлик руҳияти, президентнинг кам интервю бериши, сўз эркинлиги, ижтимоий норозилик, давлатнинг ташқи қарзи, кўзга кўринмас бош вазир ва яна шу каби қизиқ мавзулар ўрин олган.

Тан олиш керак, кеча ва бугуннинг хато-камчиликлари, ютуқлари таққосланганда доим кузатувчилар икки томонга бўлинади. Бу табиат қонуни, албатта. Бироқ китобни ўқимасдан туриб фикр билдиришга шошилмаслик керак.

Китобни ёш журналистлар, каттаю кичик сиёсатчилар, ҳукумат амалдорлари, тарихга қизиқувчилар, майли, қизиқмайдиганларга ҳам тавсия қиламан. Ўқинг, афсус қилмайсиз!

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид