Иқтисодиёт | 19:05 / 02.12.2023
20516
3 дақиқада ўқилади

“Хусусийлаштириш ҳақида гап кетмаяпти” — Давактив Humo'нинг таъсисчиси ўзгаргани ҳақида

Давактивга кўра, Humo'даги улушларнинг агентликка ўтказилиши – мулкдор ва тартибга солувчи функцияларнинг битта қўлда – Марказий банкда бўлиб қолгани билан боғлиқ.

Фото: Humo

Давлат активларини бошқариш агентлиги Humo тўлов тизими операторининг устав капиталидаги давлат улуши Марказий банкдан агентлик ихтиёрига ўтказилгани юзасидан изоҳ берди.

Давактивга кўра, Humo'нинг таъсисчиси ўзгариши – жорий йил 9 мартдан кучга кирган “Давлат мулкларини бошқариш тўғрисида”ги қонун билан боғлиқ. Бу қонуннинг 5-моддасига кўра, давлат мулкини бошқаришнинг асосий принципларидан бири сифатида давлат мулкига эгалик қилишнинг асосланганлиги ҳамда мулкдор ва тартибга солувчи вазифаларининг ажратилиши белгиланган.

“Қонуннинг 12-моддаси талабларига кўра, давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан бир вақтнинг ўзида ҳам мулкдорнинг, ҳам тартибга солувчининг вазифаларини бажаришга йўл қўйилмаслиги, ушбу ҳолат мулкдорнинг вазифаларини давлат органидан Давактив агентлигига ўтказиш ёки мазкур корхонани тугатиш ёхуд тартибга солувчининг вазифаларини ушбу давлат органидан бошқа давлат органига ўтказиш йўли билан бартараф этилиши кўрсатилган.

Ҳозирда, мазкур қонун ижросини таъминлаш доирасида бошқа вазирлик ва идоралар томонидан бошқарилаётган хўжалик жамиятларнинг давлат улушларини ваколатли орган сифатида Давактив агентлигига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда”, – дейилади расмий ахборотда.

Баёнотда қайд этилишича, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига асосан, Марказий банк тўлов тизимлари операторларининг фаолиятини лицензиялайди, уларнинг фаолиятини тартибга солади ва бу фаолият устидан назоратни амалга оширади.

Юқоридагиларга кўра, Марказий банкнинг “Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖ (Humo тўлов тизими) устав капиталидаги давлат улушини Давактивга ўтказиш белгиланган, дея қайд этган агентлик.

Бунгача ижтимоий тармоқларда Humo хусусийлаштириш мақсадида Давактивга ўтказилгани, хусусийлаштиришдан кейин компания хизматларининг тарифлари ошиши ҳақида тахминлар пайдо бўлганди. Агентлик матбуот хизмати Gazeta.uz'га берган изоҳида бу ўзгариш хусусийлаштириш режалари билан боғлиқ эканини рад этган.

Humo тўлов тизими 2018 йил сентябр ойида, ўша пайтда мамлакатда ягона тўлов оператори бўлган Uzcard'даги йирик носозликдан кейин, Марказий банк томонидан унга рақобатчи бўлиш учун ташкил этилган, ўтган давр мобайнида Марказий банк таъсисчилигида фаолият юритиб келаётган эди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Давактивнинг изоҳига муносабат билдириб, сентябр ойи бошида Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Марказий банкка ўтказилганини эслатди.

“Бу – Марказий банк тўғрисидаги қонун ва умуман Марказий банк фаолиятининг моҳиятига, вазифаларига зид, камида хос бўлмаган функция экани инобатга олинмаган ҳатто”, – дея ёзди эксперт.

Бакиров Давактивнинг бир муддат ўтиб Humo'ни хусусийлаштириш мавзусига қайтиб қолиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.

Мавзуга оид