Ўзбекистон | 18:54 / 26.05.2020
98410
3 дақиқада ўқилади

Ҳудудлар қайтадан тоифаланади. «Яшил» «қизил»га айланиши мумкин

Ўзбекистон ҳудудлари эпидемиологик вазиятга кўра қайтадан тоифаланади, ҳозиргача «яшил» ва «сариқ» ҳисобланган туман ёки шаҳарлар вазиятга қараб «қизил» сифатида белгиланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

«Кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони республикамизда ҳам кўпайганлиги қайд этилмоқда.

Айтиш керакки, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқароларимиз карантин чораларининг юмшатилганини «касаллик тугади» деб, нотўғри қабул қилмоқдалар.

Бугунги кунда 40та туман (шаҳар) «қизил», 45таси «сариқ» ҳудуд сифатида қолмоқда. Энг ташвишлиси, ўтган 10 кунда аҳоли ўртасида касалланганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Жумладан, Навоийда 57та, Самарқандда 73та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114та шундай ҳолат аниқланган.

Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.

Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқсин ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритсин», деган давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудлари эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб 8 майдан эътиборан, «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиб чиқилган эди.

15 майдан барча тоифалардаги ҳудудларда айрим карантин чекловлари янада юмшатилган.

18 майдан «сариқ» тоифадаги ҳудудларда шахсий автотранспорт воситаларини стикерсиз соат 6:00 дан 22:00 гача бошқаришга, «яшил» ҳудудларда эса умуман чекловсиз фойдаланишга рухсат берилган эди.

Аммо сўнгги кунларда «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда.

26 май куни соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланиш билан боғлиқ 3281та ҳолат аниқланган, беморларнинг 2627 нафари соғайган, 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган. 

Мавзуга оид