Ўзбекистон | 14:55 / 25.09.2020
58675
2 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилояти ҳокимлигидан кетди. Унинг ўрнини Хайрулла Бозоров эгаллади

Наманган вилоятининг собиқ ҳокими Хайрулла Бозоров Фарғона вилоятининг янги ҳокими этиб тайинланди.

Бугун, 25 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги мажлислар залида йиғилиш бўлиб ўтди. Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги йиғилишда ташкилий масала кўрилган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Йиғилишда вилоятга 2011 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Шуҳрат Ғаниев бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан вилоят ҳокими лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги президент фармони ўқиб эшиттирилган.

Президент тавсиясига кўра бугунгига қадар Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Хайрулло Ҳайитбоевич Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Бундан олдинроқ Шуҳрат Ғаниев бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаши кутилаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Хайрулло Бозоров 1976 йилда туғилган, Наманган саноат-технология институтини тамомлагач, 10 йил солиқ тизимида ишлаган.

Жумладан, 1995-2003 йилларда Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасида инспектор, катта инспектор, бош инспектор, бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритган. Сўнг Наманган шаҳар солиқ инспекциясига ишга ўтиб, 2005 йилгача аввалига инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари, сўнг инспекция бошлиғи бўлган.

2005-2008 йилларда Бозоров Наманган вилоят ҳокимлигининг Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, гуруҳ раҳбари, вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

Турли йилларда Наманган вилоятининг Учқўрғон (2008-2009), Чуст (2009-2014), Мингбулоқ (2014-2015) туманлари ҳокими сифатида фаолият олиб борган, 2015 йил ноябридан буён Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид