Ўзбекистон | 11:34 / 10.10.2022
36918
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги айрим кўчаларда тезлик соатига 50 километргача чекланди

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг етмиш биринчи сессиясида “Тошкент шаҳрининг кўчаларида транспорт воситаларининг юқори тезлигини соатига 60 километргача чеклаш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Унга мувофиқ, Кичик ҳалқа автомобил йўлидан марказга йўналган барча кўчаларда транспорт воситаларининг юқори тезлиги соатига 60 км.гача чекланади.

Шу билан бирга, Алишер Навоий шоҳкўчасининг Лабзак кўчаси ва Шароф Рашидов шоҳкўчаси оралиғидаги қисмида, Махтумқули кўчасининг Яҳё Ғуломов ва Мирзо Улуғбек кўчалари оралиғидаги қисмида, Амир Темур шоҳкўчасининг КҲАЙдан Алишер Навоий шоҳкўчаси оралиғидаги қисмида, Кичик ҳалқа автомобил йўлининг Қатортол кўчаси ва Бунёдкор шоҳкўчаси оралиғидаги қисмида, Ислом Каримов кўчасининг Анҳор бўйи кўчаси ва Шароф Рашидов шоҳкўчаси оралиғидаги қисмида, Тарас Шевченко кўчасининг Ислом Каримов ва Нукус кўчалари оралиғидаги қисмида, Бобур ва Фурқат кўчасининг Шота Руставели ва Ислом Каримов кўчалари оралиғидаги қисмида, Амир Темур хиёбони айланма йўлида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 50 км.гача чекланади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Davletov.uz телеграм-канали борди-ю ушбу чора ўз самарасини берса, келажакда шаҳардаги барча кўчаларда тезлик пасайтирилиши ҳақида ёзди.

Эслатиб ўтамиз, халқ депутатлари пойтахт кенгашининг 16 сентябрдаги сессиясида Тошкент ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси пойтахтнинг айрим кўчаларида энг юқори тезликни 60 км/соат (ҳозир 70 км/соат)гача чеклашни таклиф қилган, аммо депутатларнинг бир қисми бунга қарши чиққан, бошқалари эса бу чора самарадорлигига шубҳа билдирганди. Натижада кенгаш ушбу масалани кўриб чиқишни кейинги сессияга қолдирганди.

Сессияда иштирок этган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Носиров шу йилнинг саккиз ойида Тошкентда 645 та ЙТҲ содир бўлгани, бунинг натижасида қурбонлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 720 нафардан 775 нафарга кўпайгани, барча бахтсиз ҳодисаларнинг қарийб ярми — 47,9 фоизи тезликни ошириш туфайли содир бўлганини таъкидлаб, ўлимга олиб келадиган авариялар сонини кескин камайтириш мақсадида Тошкентнинг айрим кўчаларида тезликни камайтиришни маъқуллашни таклиф қилганди.

Бироқ ушбу таклифга бир қатор депутатлар кескин қарши чиқишган. Жумладан, депутатлар Азамат Зиё, Муродхон Жўраев, Дилшод Шоумаровлар максимал тезлик 60 км/соатгача пасайтирилиши муаммога ечим бўла олмаслигини таъкидлашган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессияда кўрилган масала ва қабул қилинган мужмал қарор ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарганди. Айрим фойдаланувчиларгина депутатлар тўғри қарорга келишганини айтган, аммо бу мавзуда хорижий тажрибаларни аллақачон Ўзбекистонда ҳам жорий этиш кераклиги ҳақида айтиб келадиган журналистлар ва блогерлар депутатларнинг қарорини қоралаган.

Жумладан, Никита Макаренко “Ўзбекистон раҳбарияти, илтимос, келинглар, ушбу муҳим ислоҳотни шу шармандалар иштирокисиз амалга оширайлик!” деб айтганди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Тошкент кўчаларида тезлик лимити пасайтириш кечиктирилиши қаттиқ танқидга учрагач, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши мазкур таклиф рад этилмагани, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига қайта киритиш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил феврал ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифида яқинда Тошкентда тезлик кўпи билан 60 км/соатгача пасайтирилиши режалаштирилаётганини айтганди.

Мавзуга оид