Ўзбекистон | 16:14 / 27.10.2025
16667
7 дақиқада ўқилади

Яккасаройда кесилган дарахтлар: ҳодиса тафсилотлари

Тошкент шаҳрининг Бобур кўчаси бўйлаб экилган арчалар тунда кесиб ташланди. Уларни кесиб, ўрнига қимматбаҳо дарахтларни экиш топшириғи Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов томонидан берилган. Экология бўлими ходимлари чора кўрмоқчи бўлганда, босимга учраган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси Яккасарой тумани Бобур кўчаси бўйидаги 200 тупга яқин дарахт (можжевелник) ноқонуний кесиб ташланди. Kun.uz мухбири манзилга бориб, тафсилотларни ўрганди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, бу иш Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг топшириғи билан амалга оширилган. Айни пайтда эса ҳудудга ҳар бир тупи 1 000 АҚШ доллари турадиган 100 туп Пирамидалис дарахтларини ўтқазиш ишлари бошланган.

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, туман экология ходимлари босим остида қолиб, ҳолат бўйича тезкор чора кўра олмаган. Шу боис, бу иш вазирлик назоратига ўтган.

«Энди бу ерда юзлаб гувоҳлар бор. Масалан, ободонлаштириш ходимлари шу ерда дарахт кесган вақтда бизнинг инспекция ходимлари келиб, суриштирув бошлагандаёқ, Раҳмоновнинг топшириғи билан қиляпмиз, дейишган. Бу кўз юмиб бўлмайдиган факт.

Энди ҳозир ҳокимият сохта гувоҳлар топиб, қўрқитиб, мажбурлаб, бошқа ҳолат бўлганини айтиши мумкин. Лекин аниқки, ободонлаштириш ходимларининг ўзбошимчалик қилиб, дарахт кесишга журъати етмайди.

Раҳмонов келиб, бизнинг республика инспекциямиз ходимининг телефонини зўрлик қилиб олиб қўйган. Ички ишлар ходимларига буюриб, олиб қўйинглар, деган. Ички ишлар ходими телефонни олиб, кейин “Бу Тошкент шаҳар экология ходими эмас, республика вазирлиги ходими”, деганидан кейин қайтариб берган.

Қизиғи, ўша ерда прокуратура вакиллари ҳам бўлган. “Бизнинг ходимларга, экологияга душманмисизлар, дарахт экишимизга қаршимисизлар?” дейишган. Биз дарахт экишга қарши эмасмиз. Биз дарахт ноқонуний кесилишига қаршимиз. Бу ерда дарахтлар шунча йилдан буён яшнаб турганди, борини сақлаб қолиш керак-да. Энди чет элдан келган мана бу дарахтларни экишмоқчи.

Илмий ходим эса буларни ҳозир экиб бўлмаслиги, қуриб қолишини айтяпти. Улар дарахт бўйича илмий ходимларнинг фикрини ҳам инобатга олмаган. Ҳозир мақсад шунчаки экиш. Энди бу қайсидир фирмага тегишли бўлса керак. Натижада давлат бюджетидан пул чиқади. Лекин дарахтни экишимиз керак, деган хоҳиш билан амалдаги қонунларни бузиб, бу ишни қилиш керак эмас-ку? Тағин буни ҳокимият қиляпти», – дейди у.

Вазирлик расмийси ҳокимият экология соҳасидаги назоратни амалга оширадиган ваколатли органнинг ишлашига қўймаётганини таъкидлаган.

«Шу йили баҳор ойларида, Яшил макон дастури доирасидаги ишлар Тошкент шаҳрининг учта туманида, жумладан, Яккасаройда ҳам олиб борилган. Экилмаган дарахтларни экилди деб тасдиқлаш талабига кўнмагани учун ходимларимиздан бири уйидан олиб чиқиб кетилган, ички ишлар ходими қамаб қўйган. Яна бир неча киши ишхонасига киритилмаган. Биз ўша ҳолатларни ҳам ўргандик, тегишли мутасаддиларга жўнатдик, лекин ҳеч қанақа чора кўрилгани йўқ. Ҳозир прокуратура ҳам ҳокимиятнинг измидан чиқиб кета олмаяпти», – дейди экология вазири маслаҳатчиси.

Кушербаевнинг таъкидлашича, дастлабки ҳисоб-китобларда 144 туп дарахт кесилгани аниқланган. Бироқ қайта ўрганишлардан кейин бу рақам 200 га яқинлашган.

«Ҳозир ковлаш баҳонасида кесилган дарахтларнинг ўрнини кўмиб ташлашган экан, биз ҳозир очтиряпмиз. Менимча, ҳокимлик “қонунни бузсанг ҳам кавлайверинглар”, деб айтган шекилли, шунинг учун улар тўхтатмаяпти. Улар ўз ишини қилиб ётибди. Улар дарахт экмоқчи барибир. Лекин биз ўзимизнинг суриштирув, ўлчов ишларимизни деярли қилиб бўлдик. Ҳар битта дарахтнинг диаметрини ўлчаб, уни видео, фото қайдларда ёзиб оляпмиз. Ҳамма ҳужжатлар расмийлаштириляпти, биз уни прокуратурага чиқарамиз. Масала шундаки, ҳокимият вакилларига прокуратуранинг журъати етадими-йўқми? Алалоқибат, оддий топшириқни бажарган ободонлаштириш ходимлари жавобгар бўлиб кетмайдими?

Одатда шундай бўлади. Биз прокуратурага ҳужжатларни йиғиб берамиз. Масалан, Қувасойда баҳорда шундай ҳолат бўлди. Ҳокимнинг топшириғи асосида дарахтлар ноқонуний қўпориб ташланган, кўчирилган. Биз ҳамма материалларни тўплаб бердик, лекин прокуратура барибир ҳокимга чора кўрмади. Унинг тарафини олди, прокуратура ҳокимиятларга келганда адвокатга айланиб оляпти. Оддий фуқароларга, бошқаларга келганда прокуратурага айланиб оляпти-да», – дейди у.

Кушербаев сўзи давомида 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг белгиланган бўлинмалари туман, шаҳар ҳокимликлари тузилмасига ўтказилаётганига муносабат билдирди. «Жойлардаги экология бўлимлари ҳокимликка бўйсунадиган бўлса, экология тамом дегани», – дейди у.

«Менимча, лобби бўлди бу ерда. Энди ҳозир жойлардаги экология бўлимлари ҳокимликка бўйсунадиган бўлса, бу экология тамом дегани. Яъни бу ерда ҳокимликларнинг дарахт кесиш хоҳиши ёки қанақадир топшириқни юқори кўрсаткичда бажариб, мақтанишга бўлган иштиёқини ҳеч нарсадан тўсиб қолмайди. Демак, бу жойларда ҳокимиятлар истаган вақтда дарахтни кесади, ҳавони заҳарлайди, экологик норма-қоидаларга риоя қилмайди деган нарсани англатади.

Бу манфаатлар тўқнашуви борасида бир-бирига зид ҳолат. Ўзи аксарият ривожланган мамлакатларда экология нафақат ҳукуматга, балки ҳукуматдан алоҳида равишда ё парламентга, ё президентга бўйсунади. Нега? Чунки ҳукумат, жойлардаги ижро ҳокимиятлари билан мана шу экологик масалада манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги нуқтайи назаридан. сиёсат қанчалик ўзгаришидан қатъи назар, экологик манфаат устувор бўлиб қолавериши керак. Чунки у халқнинг келажаги. Бу қарор келажакда экология йилида экологияни ўлдиришга қаратилган қарор деб ҳисоблайман», – дейди Кушербаев.

Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматидан изоҳ сўради. Ҳокимлик матбуот котиби Гулноза Қосимова бу масала ўрганилаётганини айтиш билан чекланди. Орадан маълум вақт ўтгач, матбуот хизмати кесилган дарахтларни эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтқазиш режалаштирилганини, масъул шахслар эса белгиланган талабларни бажармаганини ёзиб чиқди. Хабарда қайд этилишича, ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган зарар миқдори 620 млн 472 минг сўмни ташкил этмоқда.

Тайёрлаган:  Ўроқбоев Шаҳзод

Мавзуга оид