Тошкент шаҳрининг Бобур кўчаси бўйлаб экилган арчалар тунда кесиб ташланди. Уларни кесиб, ўрнига қимматбаҳо дарахтларни экиш топшириғи Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов томонидан берилган. Экология бўлими ходимлари чора кўрмоқчи бўлганда, босимга учраган.
25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси Яккасарой тумани Бобур кўчаси бўйидаги 200 тупга яқин дарахт (можжевелник) ноқонуний кесиб ташланди. Kun.uz мухбири манзилга бориб, тафсилотларни ўрганди.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, бу иш Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг топшириғи билан амалга оширилган. Айни пайтда эса ҳудудга ҳар бир тупи 1 000 АҚШ доллари турадиган 100 туп Пирамидалис дарахтларини ўтқазиш ишлари бошланган.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, туман экология ходимлари босим остида қолиб, ҳолат бўйича тезкор чора кўра олмаган. Шу боис, бу иш вазирлик назоратига ўтган.
«Энди бу ерда юзлаб гувоҳлар бор. Масалан, ободонлаштириш ходимлари шу ерда дарахт кесган вақтда бизнинг инспекция ходимлари келиб, суриштирув бошлагандаёқ, Раҳмоновнинг топшириғи билан қиляпмиз, дейишган. Бу кўз юмиб бўлмайдиган факт.
Энди ҳозир ҳокимият сохта гувоҳлар топиб, қўрқитиб, мажбурлаб, бошқа ҳолат бўлганини айтиши мумкин. Лекин аниқки, ободонлаштириш ходимларининг ўзбошимчалик қилиб, дарахт кесишга журъати етмайди.
Раҳмонов келиб, бизнинг республика инспекциямиз ходимининг телефонини зўрлик қилиб олиб қўйган. Ички ишлар ходимларига буюриб, олиб қўйинглар, деган. Ички ишлар ходими телефонни олиб, кейин “Бу Тошкент шаҳар экология ходими эмас, республика вазирлиги ходими”, деганидан кейин қайтариб берган.
Қизиғи, ўша ерда прокуратура вакиллари ҳам бўлган. “Бизнинг ходимларга, экологияга душманмисизлар, дарахт экишимизга қаршимисизлар?” дейишган. Биз дарахт экишга қарши эмасмиз. Биз дарахт ноқонуний кесилишига қаршимиз. Бу ерда дарахтлар шунча йилдан буён яшнаб турганди, борини сақлаб қолиш керак-да. Энди чет элдан келган мана бу дарахтларни экишмоқчи.
Илмий ходим эса буларни ҳозир экиб бўлмаслиги, қуриб қолишини айтяпти. Улар дарахт бўйича илмий ходимларнинг фикрини ҳам инобатга олмаган. Ҳозир мақсад шунчаки экиш. Энди бу қайсидир фирмага тегишли бўлса керак. Натижада давлат бюджетидан пул чиқади. Лекин дарахтни экишимиз керак, деган хоҳиш билан амалдаги қонунларни бузиб, бу ишни қилиш керак эмас-ку? Тағин буни ҳокимият қиляпти», – дейди у.









