Ўзбекистон | 18:19 / 21.12.2022
8697
7 дақиқада ўқилади

Метродаги тиқилинчларни бартараф этиш чоралари ҳақида маълумот берилди

Тошкент метрополитенидаги ҳаракат оқимини нормаллаштириш мақсадида айрим йўналишларга 5 та вагонли поездлар чиқарилади, 2023 йилнинг сўнгигача 14 та янги ҳаракат таркиблари олиб келинади. Бундай чоралар орқали поездлар ҳаракат интервалини 1,5 дақиқагача қисқартириш мумкинлиги айтилди.

13 декабр куни президентнинг 18-автобус саройига қилган ташрифидан сўнг, охирги бир ҳафтада жамоат транспорти муаммоларига жиддий эътибор қаратила бошланди. Автобуслар сони кескин оширилди.

21 декабр куни АОКАда ўтган брифингда Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов берган маълумотга кўра, ҳозирда 850-870 та қатнов йўналишидаги автобуслар сони 1050-1090 тага кўпайтирилиб, ҳаракатланиш интервали 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқартирилган. Қайд этилишича, бу сабабли йўловчилар сони ҳам ошган.

«12 декабр куни йўловчилар 501 минг 863 нафарни ташкил этган бўлса, 19 декабр куни бу кўрсаткич сезиларли ошиб, тегишлича 567 минг 535 нафарни ташкил этди», – деди Ашурматов.

Ушбу рақамлар фақатгина автобуслар ҳақида маълумот бермоқда. Хўш, Тошкент метрополитенида қандай ишлар қилиняпти? Ваҳоланки, тиқилинчлар шаҳар метросида ҳам тез-тез кузатилади. Kun.uz мавзу борасидаги бир қанча саволларга жавоб олиш учун «Тошкент метрополитени» ДУК ахборот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев билан суҳбатлашди.

Тўйчи Мирзаев, «Тошкент метрополитени» ДУК ахборот хизмати раҳбари

2022 йилда метрода қанча носозлик кузатилди?

Дастлаб йил давомида метрода кузатилган носозликлар ҳақида маълумот берилди. Мирзаевнинг айтишича, ўтган йили «Тошкент метрополитени» ДУК «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ таркибида бўлгани, ўрталиқдаги ташкилот ҳисоблангани, қолаверса, матбуот хизмати ҳам бўлмагани учун 2021 йил статистикаси тўлиқ юритилмаган.

«Халқлар дўстлиги» метро бекати ёнида жойлашган «Тошкент метрополитени» ДУК биноси

2022 йилдан эса доимий ҳаммаси киритиб борилган. Унга кўра, шу йил бошидан то 14 декабригача пойтахт метрополитенида 19 та носозлик ҳолати қайд этилган. Бу носозликлар метро поездлари ҳаракатланиши давомида юзага келган бўлиб, уларнинг аксарияти метро поездлари билан боғлиқ техник ҳолатларга тўғри келади.

Масалан, бу жараёнда электр токи сабаб поездларнинг ёритиш қурилмалари автоматик ўчгани ёки поезд эшикларига босим ошгани учун ёпилмай қолгани каби ҳолатлар кўпроқ юзага келган.

Метродаги тиқилинчларни бартараф этиш учун нималар қилинмоқда?

Маълум қилинишича, пойтахт метрополитенида ҳар куни 550-590 минг нафар атрофида йўловчи ташилади. Яқинда ҳаво кескин совиб, ерларда музламалар ҳосил бўлгани учун 5 декабр куни 620 минг нафар йўловчи метродан фойдаланган.

«Поезд вагонлари 200-250 кишига мўлжалланган. Аммо энг максимали 300 киши деб белгилангани учун ҳозирда шунча одам ташилмоқда. Тиқилинч бўладиган вақтларда иложи борича барча ҳаракат таркибларидан фойдаланиб келяпмиз. 

Мисол учун, «Сергели» линиясидан келаверишда, «Чилонзор» метро бекатидан кейин поезд вагонлари тўлиб, одамлар чиқолмай қолади. Шунинг учун «Олмазор» бекатидан бошлаб «нулевой» поезд ҳаракатини ҳам йўлга қўйганмиз. Яъни шу бекатдан бошлаб захира поездларимиз бўш бўлиб ҳаракатланишни бошлайди.

Шунингдек, «Ўзбекистон» йўналишида тажриба-синов тариқасида 5 та вагонли 4 та поезд йўлга қўйилган. «Сергели» йўналишидаги ерусти метро бекатларида қурилиш ишлари ҳали якунланмагани учун у ердаги поездларнинг вагонини кўпайтирганимиз йўқ. Шу ишлар якунлангач, кейинчалик «Сергели»«Чилонзор» линиясидаги поездлар вагони ҳам 5 тага етказилади», – дейди Мирзаев.

Унинг қўшимча қилишича, айни вақтда яна 6 та вагон учун «Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖга буюртма берилган, бу вагонлар келгач, 5 та вагонли поездлар сони 10 тага етказилади.

14 та янги поезд олиб келинади

Шу билан бирга, 2023 йил давомида «Тошкент метрополитени» ДУК 14 та янги ҳаракат таркибларини олиб келишни режалаштирмоқда. Таъкидланишича, жами 56 та вагонли бу янги поездлар Россиянинг «Метровагонмаш» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, унда 250-300 нафар йўловчи бемалол кетиши мумкин бўлади.

Масъулнинг сўзларига кўра, бу поездлар қайси ойда, қанча суммага олиб келиниши аниқ эмас, ҳозирда молиявий жиҳатларини келишиш жараёнлари кетмоқда.

«Бу ишлар босқичма-босқич давом эттирилади. Янги ҳаракат таркибларини олиб келиб, поездлар ҳаракат интервалини 1,5 дақиқаларгача қисқартиришимиз мумкин. Ҳозирда тирбанд бўлган вақтларда «Чилонзор» йўналишида 2-2,5 дақиқа, «Ўзбекистон» йўналишида эса ўрта ҳисобда 3-4 дақиқа ҳамда «Юнусобод» йўналишида 6-7 дақиқа этиб белгиланган.

2023 йилда янги 14 та 4 вагонли ҳаракат таркибини харид қилганимиздан сўнг бу интервал янада қисқаради. Бу албатта йўналишлардаги йўловчи оқимидан келиб чиқиб белгиланади.

Эндиликда бир келишда ҳар бир вагонга 200-250 нафардан жами 800-1000 нафар эмас, балки ундан ҳам кўпроқ одамни олиб кетиш имконияти яратилади. Кўп нарсалар барибир молиявий жиҳатга бориб тақалади.

Биз ДУК бўлганимиз учун деярли барча харажатларимизни давлат қоплаб беради. Арзон жамоат транспорти биз сарфлаётган электр энергияси, метрода ишлаётган 5 мингдан зиёд ходимни ойлик билан таъминлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаб беролмайди. Бир ойда метрополитеннинг ишлаши учун ўртача 3 млрд сўм маблағ сарфланади. Чунки 825 волтда ҳаракатланадиган поездларга, метро бекатларини ёритиш қурилмаларига, қанчадан қанча аккумуляторларимизга ҳазилакам электр токи кетмайди», – дейди матбуот котиби.

Шунингдек, унинг айтишича, метролардаги тиқилинчларни бартараф этиш биргина метрополитенга боғлиқ эмас. Бу жараёнда «Тошшаҳартранспортхизмати» АЖ ҳам жонбозлик кўрсатиши зарур.

«Метродан фойдаланаётганда ўзаро ҳурмат бўлишини хоҳлардим»

Суҳбат сўнгида Тўйчи Мирзаев метро фойдаланувчиларига қуйидаги илтимосномани етказишни сўради:

«Метродан фойдаланаётганда ўзаро ҳурмат бўлишини хоҳлардим. Имконият даражасида тезроқ тушишга ҳаракат қилишса, тушаётган йўловчиларга чиқаётганлар йўл беришса, яхши бўлар эди. Машинистга битта бекатга тўхтаб, йўловчиларни тушириб, яна бошқаларини ортиши учун максимал 20-30 сония вақт берилади. Шу жараёнда интервални бузмаслик керак бўлади. Агар юқорида таъкидланган ҳолат кузатилса, ўз-ўзидан вақт йўқотилади, оқибатда эса поездлар интервали чўзилади. Буларнинг ҳаммаси бир-бирига жуда боғлиқ», – деди у.

Мавзуга оид