Ўзбекистон | 16:35 / 28.04.2026
7694
2 дақиқада ўқилади

Бойсунда нефт дарёга оқиб кетгани бўйича 8,5 млрд сўм компенсация ҳисобланди

Экополиция Сурхондарёдаги экологик фалокатга баҳо берди: 1,2 тонна нефт маҳсулоти бўлган суюқлик сойларга оқиб кетиши оқибатида табиатга 8,5 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган. Нефт – ёғингарчилик оқибатида Eriell қазиган хандақлардан тошиб чиққан. Экополиция ўрганиш ишларини якунлаганидан кейин, ишни прокуратурага оширади.

Фото: Экология қўмитаси

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида нефт аралаш суюқлик дарёга қўшилиб кетгани юзасидан Экополиция томонидан ўрганиш ўтказилди.

Экология қўмитасига кўра, воқеалар ривожи қуйидагича:

  • Бойсун туманида “Surkhan Gas Chemical Operating Company” МЧЖ қўшма корхонасига қарашли қудуқдан нефт маҳсулотлари бўлган суюқлик қайнаб чиққан (Энергетика вазирлигига кўра, бу 2025 йил декабр ойи охирларида содир бўлган).
  • Бу суюқлик табиий сув ҳавзасига тушишининг олдини олиш мақсадида қўшма корхона томонидан “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” корхонасининг махсус техникалари ёрдамида 11 та хандақ қазилиб, жойлаштирилган.
  • Экополициянинг аниқлашича, 23 апрел куни Бойсун туманидаги кучли ёғингарчиликлар натижасида 1,2 тонна нефт маҳсулоти бўлган суюқлик Хонгаронсойга оқиб кетган.

Ҳолат юзасидан компенсация тўловлари ҳисобланганда, 8,5 миллиард сўмдан ортиқ сумма чиққан.

“Ҳозирда нохуш ҳолат бартараф этилиб, сув нефт аралаш суюқликдан тозаланган. Шунингдек, ўрганиш ишлари давом этмоқда ва жараён якунланганидан сўнг тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилинади”, – дейилади Экоқўм ахборотида.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид