Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Экологик назорат кучаяди, ноёб ҳудудлар муҳофазага олинади: янги чоралар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни табиатни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда Тошкент вилоятидаги Угом дарёсининг табиий мувозанатини тиклаш ва унинг ноёб табиий меросини сақлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Угом дарёси ва унинг ҳавзаси Угом-Чотқол миллий табиат боғи таркибидаги муҳим экологик ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ўнлаб ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари, шу жумладан, Қизил китобга киритилган турлар мавжуд. Дарё Чирчиқ ҳавзасининг сув таъминотида ҳам муҳим ўрин тутади.
Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда Угом дарёсида сув сарфи камайиб, сув сифатига таъсир этувчи омиллар кўпайган. Бу ҳолат қирғоқларнинг емирилиши, фауна ва ўсимлик дунёсига салбий таъсир кўрсатиши, биохилма-хиллик қисқариши хавфини оширмоқда.
Шу боис, Угом дарёси ва унга туташ ҳудудларни давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш, соҳилбўйи ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида табиий гидрологик тизимга таъсир кўрсатувчи қурилиш ва ер ишларини чеклаш таклиф этилди. Шунингдек, сув муҳофаза зоналаридаги объектларни хатловдан ўтказиш, уларнинг сув сифати ва биофаунага таъсирини баҳолаш вазифалари белгиланди. Экологик талабларга жавоб бермайдиган фаолиятларни тўхтатиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласи кўриб чиқилади.
Қолаверса, дарёнинг гидрологик ва экологик ҳолатини барқарор ривожлантириш бўйича “Угом дарёси экотизимини яхшилаш” мастер режасини ишлаб чиқиш, соҳилбўйи ва муҳофаза зоналарида ер деградациясининг олдини олиш учун дарахт ва буталар экиш кўзда тутилган.
Тақдимотда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаш бўйича лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, “Фарғона” миллий табиат боғи таркибидаги “Ёзёвон” табиат ёдгорлиги ҳудудини муҳофаза қилиш, дендрологик боғ ташкил этиш, кузатув миноралари, махсус дронлар ва рақамли мониторинг тизимлари орқали назоратни кучайтириш режалаштирилган.
Ушбу ҳудудда ташриф маркази ташкил этиш, пиёда сайр маршрутлари, қушларни кузатиш майдонлари, фото ва панорама нуқталари, илмий-маърифий экскурсиялар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, “Овжазсой – Мовий тоғлар” миллий табиат боғи ҳудудида ҳам экологик туризмни ривожлантиришга қаратилган объектлар барпо этиш таклифлари кўриб чиқилди. Бунда табиий манзаралар ва тоғ экотизимларини асраб-авайлаган ҳолда сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Тақдимотда жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “ECO EXPO Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси ва Глобал экологик жамғарманинг 8-Ассамблеясига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Глобал экологик жамғарма 186 та иштирокчи давлатни бирлаштирган йирик халқаро молия институти бўлиб, Ўзбекистон унга 1995 йилда қўшилган. Ассамблеянинг Самарқандда ўтказилиши Европа, Кавказ ва Марказий Осиё минтақасида илк бор ташкил этилаётган йирик экологик анжуман бўлади. Тадбирда 186 давлатдан 2,5 минг нафар иштирокчи, 40 та донор давлат, 50 дан зиёд нуфузли табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва халқаро экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
“ECO EXPO Central Asia 2026” кўргазмаси эса маҳаллий саноат, ҳокимликлар, халқаро молия институтлари, инновацион “яшил” технологиялар провайдерлари ва инвесторлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида назорат ва жавобгарликни кучайтириш, чиқиндиларни бошқаришда замонавий тизимларни жорий этиш, сув ресурслари ва биохилма-хилликни асраш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни илмий асосда ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Мавзуга оид
08:31 / 10.06.2026
Сунъий интеллект ривожи экология учун қандай оқибатларга олиб келади?
13:15 / 09.06.2026
Бувайда ҳокимининг экология инспекторига куч ишлатган собиқ ўринбосари жиноий жазога тортилди
17:12 / 05.06.2026
“Тошкентни дунёдаги энг қулай шаҳарлардан бирига айлантирамиз” – ҳоким Шавкат Умрзоқов билан суҳбат
18:28 / 24.05.2026