«Ваъда бераман, масъулларнинг ҳаммасига чора кўрилади» – Арипов «Human» иши ҳақида
Жабрланувчиларнинг пулларини шошилинч суръатда – 3 кунда қайтариш бўйича топшириқ бўлди.
Бугун, 17 февраль куни «Human» хусусий бандлик агентлигидан зиён кўрган 50дан ортиқ киши Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдони ёнида тўпланди.
Агентлик раҳбари устидан суд жараёни якунларидан қониқмаган ва пуллари қайтарилишидан умидвор фуқаролар ҳукумат вакиллари билан учрашув ташкиллаштиришни сўрашди.
Тез орада Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев, кўп ўтмай Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ва бошқа мутасаддилар Мустақиллик майдонига етиб келди.
Кеч соат 17:00 атрофида бош вазир Абдулла Арипов агентликдан жабр кўрган фуқаролар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммони ҳал этди.
Ҳукумат раҳбари 1086 нафар алданган фуқарога қайтарилиши лозим бўлган 21 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар давлат томонидан шошилинч равишда қоплаб берилишини айтди.
Арипов учрашувда қатнашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда «Ипотекабанк» раҳбарига топшириқ бериб, барча жабрланувчиларга 2 кун ичида банк пластик карточкаси очиб бериш ва очилганидан кейин 24 соат ичида карточкага пул ўтказиб бериш вазифасини юклади.
Маблағлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги махсус жамғармадан қопланади, кейинчалик бу пулларни агентликдан ундириш чоралари кўрилади.
«Бу масалага масъул бўлган ҳамма мутасаддиларга чора кўрилади. Ваъда бераман.
Шу нарса бўйича ишлаб, лекин бунақа ҳолатга йўл қўйиб берган Меҳнат вазирлигида ишлаган ким бўлишидан қатъи назар, унга нисабатан чора кўрилади.
Бугун барча хусусий бандлик агентликларини тугатиш бўйича президентимизга таклиф киритамиз. Энди фақат битта давлатники бўлади. Бундай эркинликни, афсуски, бизнинг халқимиз ҳали тушунмас экан.
Президентимиз топшириқ берди. Ким бўлишидан қатъи назар, бу фирибгарликка аралашганми, жавоб беради. Керак бўлса, нотўғри тергов олиб борганга ҳам, нотўғри ҳукм чиқарганга ҳам чора кўриш бўйича жуда қаттиқ топшириқ бердилар.
Президентимизнинг бир гапларини айтаман. «Кимдир, қаердадир ноинсофлик қилган бўлиши мумкин. Лекин халқим жабр кўриши мумкин эмас». Бу – президентимизнинг гаплари.
Пулнинг [вазирлик жамғармасидан] тўлаб берилиши мавжуд тартибга кўпам тўғри келавермайди. Бироқ бу – президентимизнинг топшириғи! Яъни муҳтарам юртбошимиз истисно тариқасида рухсат бериб айтдики, бир-иккита муттаҳамни деб халқим жабр чекмаслиги керак!» – деб таъкидлади Абдулла Арипов.
Бир неча кундаёқ пулларини қайтариб олишларини эшитган фуқаролар бу янгиликни қувонч кўз ёшлари билан қарши олиб, президентни дуо қилишди.
Мавзуга оид
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
12:08 / 20.11.2024
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
18:33 / 04.11.2024
Абдулла Арипов Шанхайда Хитой бош вазири билан учрашув ўтказди
18:17 / 04.10.2024