Ўзбекистон | 10:48 / 07.08.2020
130223
2 дақиқада ўқилади

«Эндиликда карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинади» - Сенат раиси

Бугун, 7 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенат ялпи мажлисининг расмий қисмига ўтишдан олдин Муса Тажетдинович Ерниязовнинг ва шу касалликдан вафот этган бошқа юртдошларимиз хотирасига бир дақиқалик сукут эълон қилинди.

Ялпи мажлисни очиб берар экан, Сенат раиси Танзила Норбоева коронавирус пандемиясига оид фикрларни билдириб ўтди.

«Бугун дунё халқлари оғир даврни бошдан кечирмоқда. Ҳеч қайси давлат ҳатто қудратли мамлакатлар ҳам бундай вазиятга тайёр эмас эди. Коронавирус пандемияси инсонлар, соҳалар, тизимлар учун жиддий синов бўлмоқда.

Умуман, бугун мамлакатимиз учун ностандарт иш жараёнларини, халқимиз учун ҳам ностандарт ҳаёт тарзини бошдан кечиришга тўғри келмоқда. Бизнинг ҳақиқий чидам, синовдан ўтишимиз жараёнларида бир нарсага ҳаммамизнинг ишончимиз комил бўлиб боряпти, яъни Ўзбекистонда мустаҳкам ишончли иқтисодий-сиёсий ижтимоий замин яратилган бўлиб, у энг оғир вазиятлардан катта талафотларсиз чиқишга ёрдам бермоқда», деди Танзила Норбоева.

Сенат раиси ўз нутқини давом эттирар экан, пандемия барҳам топиши, карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилиниши ҳақида гапирди.

«Ҳозирги қийинчиликлар албатта ўтади. Пандемия ҳам барҳам топади. Бироқ келгусида бу каби қийинчиликлар бўлмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай экан, барча соҳалардаги тартиб-таомилларни мана шундай шароитларга мослаштиришимиз зарур деб ҳисоблаймиз.

Эндиликда карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги кенг тарғибот ишларини кучайтиришимиз, касалликка чалинганларни ишлаб чиқилган протоколлар асосида даволаш билан бирга нормал ҳаётга қайтаришимиз, яъни иқтисодиётимизни ривожлантиришимиз зарур. Бунда айниқса қонунларимизни такомиллаштириш биринчи галдаги вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланади», деди Норбоева.

Мавзуга оид