Ўзбекистон | 20:17 / 20.10.2022
76044
8 дақиқада ўқилади

Келажак Тошкенти қандай бўлади? Энди “снос”лар унутилиб, маҳаллалар, уйлар сақлаб қолинадими?

18 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди. Президентга тақдим қилинган “Ҳаёт лабораторияси” номини олган лойиҳа кўпчиликда қизиқиш уйғотгани баробарида турли саволларни ҳам келтириб чиқарди. Янги Тошкент учун нега айнан шимолий ҳудудлар танлаб олинган? Энди Тошкентда қурилишлар, “снос”лар бўлмайдими? Маҳаллалар тақдири нима бўлади? Умуман, келажак Тошкенти қандай бўлади? Kun.uz ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида “Тошкентбошпланлити” ДУКда бўлиб, бу борада масъуллардан изоҳ олди.

“Ҳаёт лабораторияси” Фото: Kun.uz

Янги Тошкент учун нега айнан Чирчиқ ва Қорасув дарёлари ўртасидаги ҳудуд танланди?

У жойлар – президентимиз танлаган жой. Янги Тошкент пойтахтнинг шимолий қисмида жойлашган. Шимолий қисмдаги Қибрай ва Чирчиқ туманлари анча ривожланиб кетган. Ҳам манзарали, ҳам баҳаво. Ғарбий қисм эса чегарамизда (таҳр. Қозоғистон Республикаси чегараси назарда тутилмоқда). Жанубий-ғарбий қисми эса бошқа вилоятларга боғланадиган йўл”, - дея саволга изоҳ берди “Тошкентбошпланлити” ДУК, шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича бош директор ўринбосари Саидазим Шарипов.

“Тошкентбошпланлити” ДУК, шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича бош директор ўринбосари Саидазим Шарипов Фото: Kun.uz

Масъул айнан келажакда қуриладиган ушбу манзарали қисмдаги 20 минг гектар майдонда “Яшил коридор” ташкил қилиниши ва бу ҳудуд Янги Тошкентнинг маъмурий маркази бўлишига урғу берди. Унинг келтиришича, бу маъмурий марказда маданий ва технологик марказлар, университетлар, эксполар барпо этилиб, дунё миқёсида ўтказиладиган ҳар хил тадбирлар учун шароитлар яратилади. Ҳозирда қурилиши бошланган Олимпия шаҳарчаси бунга мисол қилиб келтирилди.

“Маъмурий марказ” Фото: Kun.uz

Шаҳар ривожланишда давом этиб, шу тарзда кенгайиб боради. Биз бу ҳудудларни шаҳарнинг давоми эмас, Янги Тошкент деб атаяпмиз”, - деди Саидазим Шарипов.

Масъулга кўра, ҳозирги пойтахт ва Янги Тошкентни бир бири билан боғлашда асосий 3та ўқ йўналишлари белгилаб олинган. Яъни булар тарихий ўқ, туристик ўқ ва технологик ўқлар бўлиб, улар ўз йўналишлари бўйича ихтисослашган йўналишлар бўлиб хизмат қилади.

“Ҳаёт лабораторияси” Фото: Kun.uz

Энди Тошкент шаҳрида қурилишлар тўхтатиладими?

Ўзи умуман ҳар қайси шаҳарни кўрадиган бўлсангиз, шаҳарлар янгиланиб боради. Энг тарихий деган шаҳрингиз ҳам янги технологиялар асосида замон талабига кўра ўзгариб бораверади. Чунки янги технологиялар чиқади. Янги имкониятлар очилади ва инсонлар эҳтиёжи ҳам замонга қараб ўзгаради. Шаҳарда қурилиш бўлмайди дегани бу –  у шаҳарни қулфлаб, чиқиб кетсагина қурилиш бўлмайди. Бусиз иложи йўқ. Шаҳардаги асосий қурилишлар янги шаҳарга кўчади”, - дейди Саидазим Шарипов.

Унинг таъкидлашича, Янги Тошкентни қилишдан олдин Тошкент шаҳри ўрганиб чиқилган.

Муаммоларимиз – экология, дунёдаги иқлим ўзгаришлари, чанг, бўрон, тўфонларнинг кўпайиши – бу шаҳар ташқарисидан кириб келяпти. Шаҳардан ташқарига чиқиб кетмаяпти. Яъни бу шаҳарнинг ўзининг кўпайиб кетган муаммоси эмас. Фақатгина бир фактор қўшиляпти, яъни қурилишларнинг кўпайиши, дарахтларнинг кесилиши натижасида чанг бўронлар шаҳар ичида кучлироқ ҳис қилиняпти”, - деди масъул.

“Ҳаёт лабораторияси” Фото: Kun.uz
“Ҳаёт лабораторияси” Фото: Kun.uz

Эски маҳаллаларнинг тақдири нима бўлади?

Бу саволга Саидазим Шарипов:

—   Тарихий маҳаллалар ҳақида жуда кўп саволлар бўлди. Пойтахтнинг Эски шаҳар ҳудудини бориб ўрганганимизда 50 фоиз аҳоли “Менга квартира берсин, чиқиб кетаман. Менда пропискада шунча одам туради”, дейишади. Пропискасини кўрсангиз, рўйхат бўйича 10-15 та одам туради ва улар уйларининг “снос”га тушишини кутяпти. Уйларини бузишса-да, ҳар бирига уй беришса. Қолган ярим аҳоли эса ота-боболари шу ҳудудда туғилиб ўсгани учун уйлари бузилишини истамайди. Шунинг учун Эски шаҳар ҳудудидаги баҳсларни шундай белгиладик: майли, хоҳлаган одам инвесторга уйини сотсин. Фақат инвесторга талаб қўйилади, яъни у Эски шаҳар муҳитини бузмаслиги лозим. Мана шу шарт асосида инвестор хоҳлаган турдаги биносини қурсин, - дея жавоб берди.

“Ҳаёт лабораторияси” Фото: Kun.uz

Бошқа маҳаллалар “снос”га тушмайдими?

Ушбу саволга масъул ҳозирда “снос”га тушган маҳалла тушунчаси йўқлигини, буни бозор иқтисодиёти белгилаб беришини, агар уй эгаси истамаса, ўз уйини инвесторга сотмаслиги мумкинлигини маълум қилди. Шунингдек, у “снос” можаролари кўпаймаслиги учун қуйидаги ечимлар таклиф этилганини маълум қилди:

Биз тақдимотда йўлларни кенгайтиришни кўрсатмадик. Чунки йўлларни кенгайтириш бу – “снос” дегани. Бунинг ўрнига автомобиллардан фойдаланишни камайтириб, жамоат  транспортидан фойдаланиш қулайликларини яратиб берсак, одамлар шу ҳозирги кўчадан ҳам фойдаланаверади. Муаммо камаяди. Биз айтяпмизки, жамоат транспортини ривожлантирайлик, “снос”лар камайсин. Шунга кетадиган пул инфратузилмани ривожлантиришга ишлатилсин. Йўлни кенгайтиришга эҳтиёж йўқ. Биз шундай лойиҳа қиляпмизки, давлат ҳам, фуқаролар ҳам ютсин”, - деди у.

Аммо масъул Янги Тошкент ва Тошкентни боғловчи йўллар қурилиши барибир бирмунча “снос”ларга сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмайди. Фақат бунда компенсация кафолати борлигини эслатиб ўтди.

Тошкент келажакда қандай шаҳар бўлади?

 “Ўтган 4 ойдан бери ушбу “Ҳаёт лабораторияси” устида ишлаяпмиз. Биз бу лойиҳани 18 октябрь куни Ўзбекистон президентига тақдим қилдик ва лойиҳамиз ҳурматли давлат раҳбарига маъқул бўлди. Шунингдек, улар ўзларининг таклифларини ҳам бериб, “Тошкент 2045 йилда қандай шаҳар бўлади? Унинг келажакдаги нуфузи қандай? Туркия тажрибасини бу ерларда қандай қилиб жорий қила оламиз?” деган саволларни ҳам ўртага қўйди”, - дейди Янги Тошкент лойиҳачиларидан бири Фаррух Гўксу.

Фаррух Гўксу Фото: Kun.uz

Унинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳри атрофида 130 км узунликдаги дарахтзор ва барча инфратузилмаларга эга яшил белбоғли йўл ташкил қилиш масалалари ҳам ўртага қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг бошидан охиригача бўлган ҳудудларида жорий қилиниши мумкин бўлган “Яшил йўл” лойиҳаси тақдимоти ҳам президентга маъқул бўлган.

Ўз тажрибалари ва лойиҳани амалга оширишдаги қийинчиликларга тўхталаркан:

Мен шу кунгача кўп давлатларда – Англия, Европа давлатларида ишладим. Ўзбекистондан олдин Кобул шаҳрида ҳам меҳмонхона қураётгандик. Маълум сабабларга кўра, ишимизни охирига етказолмай қолдик. Ўзбекистондаги келажак лойиҳаларини амалга ошириш учун турли ҳужжатлар, маълумотлар, эски хариталар керак бўлади. Ҳамда барча ҳокимликлар, тегишли вазирликлар бир ёқадан бош чиқариб биргаликда ишлашлари лозим”, - дейди Фаррух Гўксу.

“Ҳаёт лабораторияси” Фото: Kun.uz

Шу билан бирга тезлик билан ривожланаётган Тошкентнинг мукаммал бир шаҳар бўлиши учун пойтахт ҳудудидаги барча манзиллар ҳақида барча йўналишлар бўйича маълумотларни ўзида мужассам этган “Темир китоб” яратиш бўйича ишлар ҳам олиб борилаётгани маълум қилинди.

Мавзуга оид