Ўзбекистон | 14:30 / 12.02.2018
22660
2 дақиқада ўқилади

«Ўзтрансгаз»нинг собиқ раҳбари Тожикистонга элчи бўлади

«Ўзтрансгаз» компаниясининг собиқ раҳбари, собиқ бош вазир ўринбосари Эргаш Раҳматуллаевич Шоисматов Ўзбекистоннинг Тожикистондаги янги элчиси этиб тайинланади. Бу ҳақда «Kun.uz» манбаси хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун «Ўзбекэнерго»да ўтказилган йиғилишда Эргаш Шоисматов ўрнига Энергетика ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгашига янги раҳбар тайинланган.

Эргаш Шоисматов (1951 йилда таваллуд топган, Тошкент политехника институти битирувчиси) турли йилларда энергетика ва электрлаштириш вазири, «Ўзбекэнерго» компанияси раиси (2001−2006 йиллар), бош вазир ўринбосари (2006−2010 йиллар) — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари бўйича мажмуаси раҳбари бўлган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

У 2014 йил февралидан энергетика ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши раиси бўлиб ишлаган, 2016 йил декабрида «Ўзтрансгаз» компанияси бошқаруви раислигига тайинланган. 2017 йил августида у бошқа ишга (Энергетика ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши) ўтиши муносабати билан унинг ўрнига Алишер Сайфуллаевич Мустафоев компаниянинг янги раҳбари этиб тайинланганди.

Эргаш Шоисматов Тожикистондаги миссиясини якунлаган Шоқосим Шоисломов ўрнига Ўзбекистоннинг янги элчиси бўлади.

Мавзуга оид